БАЙРАМГА УЛАНГАН ҲАТНА ТЎЙЛАР

Ҳар бир байрам саховат, меҳр-оқибат, миллий урф –одатларнинг улуғланиши каби удумлар билан янада чиройлидир. Шу боис халқимиз турли саналар муносабати билан аввало нуронийларни йўқлашни, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишни, беморлардан ҳол сўрашни биринчи галда эътиборга олади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шодиёналари давом этаётган шу кунларда Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ва бир қатор ҳомий ташкилотлар томонидан яна бир хайрли тадбир ўтказилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 6 нафар фарзандларига “Бунёдкор” мажмуасида Ҳатна тўйлари ўтказиб берилди.

-Бу бек йигитлар келгусида Ватанимизга хизмат қиладиган, олийҳиммат, кўнгли ва қўли очиқ инсонлар бўлиб етишишларини тилайман,-деди уларни табриклаб туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.

Туман ИИБ бошлиғи Миршоҳид Собиржонов бу болажонларга доимий ғамҳўрлик қилиб борилишини таъкидлади.

Туман маданият бўлимининг Илҳомжон Имомназаров раҳбарлигидаги санъаткорлари тўйбоп қўшиқлар куйлаб, барчани даврага чорлашди.

Сарполар кийган йигитчаларга ҳомийларнинг совғалари, 2 миллион сўмдан пул қўйилган омонат дафтарчаларининг сертификатлари топширилди. Уларнинг бахту камолини тилаб, дуога қўл очилди.