Ташаббусли бюджетнинг 2-мавсуми якунланди

2025 йилнинг 2-мавсуми доирасида “Ташаббусли бюджет” жараёнлари вилоятимизда ҳам фаол ўтди. Маҳаллий аҳоли ташаббуслари орқали ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида жами 1 968 та таклиф “Очиқ бюджет” ахборот порталига киритилди.

Бу галда вилоятдаги барча 788 та маҳалла фуқаролар йиғини қамраб олинди ва ҳар бир маҳаллада ўртача 3 та таклиф электрон тарзда жойлаштирилди.

Овоз бериш жараёнида фуқаролар юқори фаоллик кўрсатишди. Натижада дастлабки қиймати 241,9 млрд. сўм бўлган 172 та таклиф ғолиб деб топилди.

Ғолиб лойиҳалар йўналишлар кесимида қуйидагича тақсимланди:

Ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш – 181,7 млрд. сўмлик 126 та таклиф (73,3%)

Таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш – 39,2 млрд. сўмлик 30 та таклиф (17,5%)

Соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш – 13,8 млрд. сўмлик 11 та таклиф (6,4%)

Бошқа йўналишлардаги қонунчилик асосида белгиланган харажатлар – 6,9 млрд. сўмлик 5 та таклиф (2,9%)

Жараён аҳолининг ижтимоий фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ташаббускор фуқароларнинг фикр ва таклифлари маҳаллалардаги турмуш шароитини яхшилашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.