Тўрақўрғон туманида пахта йиғим-теримига киришилди, хирмонимизга барака!
Бу йил катта карвон туманимиз пахтакорлари маррани янада баланд олишган. 85 та фермер хўжаликлари томонидан 3119 гектар майдонда деҳқончилик қилинди. Гектаридан 44,9 центнердан жами 14003 тонна ҳосил омборларга етказиб берилади. 1503 гектар майдон эса терим комбайнлари ёрдамида йиғиштириб олинади.
Туманда асосан қўл теримига эҳтиёж бор, шунинг учун маҳаллаларда яшовчи ишсиз фуқаролар мавсумга таклиф этилади. Биринчи теримда ҳар килограммига 2000 сўмдан ҳақ тўланиши белгиланди. Бу 100 кило пахта терилса 200 минг сўм дегани. Мавсум - оила даромадини оширишда энг қулай фурсатдир.
Мавсум бошланиши олдидан кеча “Хожа Аҳмад Валий” зиёратгоҳида эҳсон тадбири ташкилланган бўлса, бугун Оқтошдаги пахта қабул қилиш пунктида дастлабки терилган ҳосил тарозидан ўтказилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Шерали Қосимов ҳамда нуронийлар иштирокида “Тўраев Музаффар” фермер хўжалигидан келтирилган тонналар яхши ниятлар билан тарозига қўйилди.
Шунингдек, туманда “Пахта штаби” ташкил этилиб, кунлик ҳисоб-китоб ишлари юритилиши учун малакали мутахассислар бириктирилди.






