"Тўрақўрғон ободлиги"да терим авжида

Тумандаги мазкур фермер хўжалиги жорий йилда 30 гектар майдонда пахта етиштириб, биринчилар сафида ҳосил йиғимига киришиб кетишди. Ўтган тўрт кунда 40 тонна юқори сифатли хом ашё хирмонга тўкилди.

-Бекобод маҳалласида терим мавсумини орзиқиб кутадиган хотин-қизларимиз бор. Ҳар куни 100-120 нафар чевар теримчилар кўмагида ўн тоннадан ошириб пахта териб олиняпти,-дейди фермер Руҳиддин Ғаффоров.- Шаҳноза Алишерова, Насиба Мингбоева, Дилфуза Каримова, Хадича Аҳмедова сингари фаол ҳашарчи опа-сингилларимиз эса 150-160 килограммдан ошириб пахта теришяпти. Бу оилалари учун яхшигина даромаддир.

Фермернинг айтишича, иш суръати шундай давом эттирилса яна ўн кунга қолмай зафар маррасига етиб келишади.

Маълумот учун: бу йил туманда 3119 гектарда пахта ҳосили етиштирилди ва 14003 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси тайёрланади.