“КАТТА ХИРМОННИ ЯРАТИШДА СИЗЛАРГА СУЯНАМИЗ”

Мана, куз кириб келди. Бу фаслнинг энг муҳим юмушларидан бири пахта йиғим-теримини ташкиллаш ва ўтказиш. Туманимизда ҳосил асосан қўл терими орқали олиб борилгани учун ҳам мавсум олдидан теримчи опа-сингилларнинг ҳисоби юритилади.

“Турсунбой Комилов” фермер хўжалигининг дала шийпонида туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ана шу фидоийлар билан мулоқотда бўлди. Бу йил 141 та отрядга аҳолидан 12807 нафар, фермер хўжаликларидан 4269 нафар теримчилар жалб қилинади. Уларнинг рўйхати шакллантирилиб, фермер хўжаликларига бириктирилди.

Албатта, ҳар ишда бўлганидек, пахта хом ашёсини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш бўйича “Наманган тўқимачи” кластери ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув шартномаси тузилади. Унга кўра, меҳнат шароитларини яратиш, иш ҳақини ўз вақтида таъминлаш каби шартлар қамраб олинган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қатъий белгилаб қўйилган.

Терим 10 сентябрдан бошланади, биринчи теримда ҳар килосига 1200 сўм, иккинчи теримда 1300 сўмдан ҳақ тўланиши аҳолининг моддий манфаатдорлигига катта ёрдам беради.