Маданият вазири ёш иқтидор эгалари билан учрашув ўтказди

Наманган вилоятида бугунги кунда 81 та маданият марказлари, 22 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 2 та ихтисослаштирилган санъат мактаби фаолият олиб бормоқда ва улар жаҳон, республика миқёсида ўтказилаётган нуфузли тадбирларда катта ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда.

Бугун Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номли мажмуада Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбеков ана шундай иқтидорли ёшлар билан учрашув ўтказди.

Мажмуа майдонларида меҳмонлар рассомчилик, ҳайкалтарошлик, бахшичилик, симфоник оркестр, рақс, чолғу асбоблари, опера, дорбозлик, тош кўтариш каби санъат ва ҳунармандлик йўналишида сабоқ олаётган, янги лойиҳалар устида иш олиб бораётган йигит-қизларнинг чиқишлари билан танишишди.

Учрашувда, шунингдек, ёшлар ўз таклифлари, мақсадлари ҳақида мулоҳазалар билдириб, маданият вазиридан етарли муносабат ва жавоблар олдилар.

Тадбирда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Акбарали Асқаров ҳамда туман ҳокими Шерали Қосимов иштирок этишди.