#Хушхабар

Изланувчан педагогга Президент совғаси топширилди

Маълумки, куни кеча яқинлашиб келаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими ходимлари билан видеоселектор орқали юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтди.

Унда Тўрақўрғон туманидаги 37-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Нодира Набиева ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этиб, Юртбошимиз эътиборига тушди.

Сабаби Н. Набиева НамДУда талабалик пайтидаёқ инглиз тили фанидан ўтказилган олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиби бўлди, Навоий номидаги стипендияни олишга эришди.

Бакалавр босқичини тугатгач, Наманган давлат чет тиллар институтига давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинди ва 50 га яқин илмий мақолалари 17 та давлатнинг Олий аттестация комиссиясидан ўтган халқаро журналларда чоп этилди. Нодира магистратурани ҳам имтиёзли тамомлади.

У тайёрлаган қўлланма Германияда электрон китоб ҳолида чоп этилди. Худди ана шу қўлланма Американинг Галлодет университети томонидан қўшимча ўқув қўлланма сифатида фойдаланиш учун 5 минг АҚШ долларига сотиб олинди.

Нодира 2025 йил арафасида вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтказилган «Энг маънавиятли ёш ўқитувчи» кўрик-танловида ғолиб бўлиб, 15 миллион сўм пул маблағи билан тақдирланган.

Айни пайтда иқтидорли муаллима 37-умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан дарс бериш билан бирга, онлайн ва анъанавий курслар ташкиллаб, 300 нафардан ортиқ ёшларга тил ўрганяпти.

Ёш бўлишига қарамасдан, улкан муваффақиятларга эришаётган ҳамюртимизнинг интилишлари тенгдошларига ўрнак сифатида эътироф этилди. Бугун у Президент совғаси - замонавий автомобиль билан тақдирланди. Нодира энди Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида педагог сифатида фаолият олиб боради.

Мактаб жамоаси ва маҳалла фаоллари иштирокидаги мукофотни топшириш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари Икромжон Парпиев қатнашди.