“Камбағалликдан фаровонлик сари” III-Халқаро форум иштирокчилари Тўрақўрғон туманидаги Хўжанд маҳалласида бўлдилар
Инсон қадрини улуғлаш орқали одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш Ўзбекистондаги жами ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Наманган вилоятида ташкилланган ушбу нуфузли тадбир глобал аҳамиятга молик масаланинг жаҳон даражасидаги таҳлили бўлди, дейишга муносиб. Унда Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг минтақавий ваколатхонаси каби 200 дан ортиқ ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди ва Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.
Форум доирасида меҳмонлар Хўжанд маҳалласидага Узумзор кўчасида одамларнинг ҳаёт тарзи билан танишдилар. Бу ерда 672 та хонадон бўлиб, шундан 476 тасида узумчилик билан шуғулланилади ва йилига минг тоннадан ортиқ узум етиштирилади. Шунинг ортидан 12,8 миллиард сўм оилаларга даромад сифатида қўшилади. Маҳаллада йил бошида камбағаллик даражаси 7 фоиз бўлган (65 нафар), микролойиҳалар, ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорлик субъектлари ишга туширилиши ҳисобига 1 сентябр ҳолатига 2,8 фоизга тушди (26 нафар).
Меҳмонлар меҳнаткаш ва очиқкўнгил хўжандликлар билан мулоқотда бўлдилар, ишкомларда олтиндек товланиб турган узумларга ҳавас билан қарадилар. Уларнинг меҳнатларини олқишладилар.






