ЖАМОА УЧУН ЭСДА ҚОЛАРЛИ КУН
Бугун - “Билимлар куни” туманимизда ягона рус тилида таълим бериладиган 3-умумтаълим мактаби жамоаси учун эсда қоларли бўлди. Неча йилдирки, мослаштирилган бинода фаолият кўрсатадиган муассаса ўқувчилари кейинги 3 йилда ўқувчилар кўплиги туфайли синфхонаси етишмаслигидан қийналарди. Болалар туман марказидаги бир-биридан узоқ 3 та бинода ўқитишга мажбур бўлинаётганди. Мактаб директори Ҳалима Турсунова қўшимча бино зарурати ҳақида сенатор Икромхон Нажмиддинов, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамоваларга мурожаат қилди. Уларнинг тезкор ёрдамлари билан собиқ «Ширинлик» агрофирмасининг ўқув даргоҳига туташган бўш ётган майдонига мутахассислар таклиф қилинди ва қизғин иш бошланиб кетди.
«Ягона буюртмачи инжиниринг» компаниясининг инвестиция дастури асосида ўтказилган тендерда ютиб чиққан «Тўрақўрғон қурилиш сервис» хусусий корхонаси 4 қаватли, 540 ўринли ўқув биносини 8 ойда 3 миллиард 764 миллион сўм эвазига замон талаблари даражасида қуриб битказди. Ҳар бир синфхонасига видеокузатув камералари ўрнатилди, Wi-Fi тармоғи тортилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари Азамат Абдукаримов, 2-сектор раҳбари, туман прокурори Элёрбек Талабоев, “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси Одилхон Хўжаев, туман халқ таълими бўлим мудири Файзулло Бозоров, ота-оналар иштирок этишди.
Тадбирда мактабнинг бир гуруҳ фаол ўқитувчиларига Ташаккурномалар, 1-синфга қабул қилинган болажонларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.