Ҳар бир кун имконият, ҳар бир кун келажак учун пойдевор

Шу ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Тўрақўрғон туманида қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган дала майдонлари четларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш масаласига бағишланган семинар ўтказилди.

Туманда жорий йил кузида 525 та фермер хўжаликларида 128 гектар майдонга тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, 386 мингдан зиёд тут, ток ва мевали кўчатлар экиш режалаштирилган. Семинарда кўчатларга жой тайёрлаш, экиш, парваришлаш, даромад миқдори, бу борада ажратиладиган кредит маблағлари, ундан самарали фойдаланиш каби мавзуларда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Азизбек Абдусаломов, вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Носиржон Каимовларнинг тавсиялари тингланди.

Тадбирда республика қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги раҳбари Ҳусниддин Каримов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров иштирок этишди.

Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда

Айни вақтда, Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар ва мамлакатимиз олийгоҳлари ўртасида академик ва илмий ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш доирасида Эрасмус+ Миллий офиси, Европа иттифоқи делегациясининг Тошкентдаги элчихонаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда "EUROPEAN UNION EDUCATION FAIR -2023" тадбири бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбирда Испания, Полша, Болгария, Италия, Чехия, Руминия, Германия ва Словакия давлатларидан нуфузли университет вакиллари таълим хизматлари бўйича ўз тақдимотларини ўтказиши белгиланган.

Шунингдек, маҳаллий ОТМлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан учрашувлар ҳам режалаштирилган бўлиб, вилоятдаги мавжуд 11 та ОТМ ҳамда олийгоҳга бириктирилган барча профессионал таълим ва академик лицей ўқувчилари иштирок этмоқдалар.

Бундан кўзланган мақсад: Европада таълим олиш имкониятлари билан ёшларни яқиндан таништиришдан иборат. Ушбу тадбир кун охирига қадар давом этади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига асосан 2023 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан “Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланган.

Бунда, ҳудудларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш топширилган.

Тўрақўрғон маданият марказида шу мавзу юзасидан маҳаллада фаолият олиб борувчи «бешлик» вакиллари - маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчилари иштирокида семинар ташкилланди.

Тадбирда республика Бош прокуратураси, ИИВ ва бошқа масъул соҳа вакиллари маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасидаги янги йўналиш ва механизмлар бўйича тушунчалар беришди.

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги жамият мустаҳкамлигини таъминлайди

Айни кунларда юртимизда жуда кўп ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар бўлаётган бир пайтда дунё саҳнида кечаётган воқеа-ҳодисалар, турли жараёнлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, гап тинчлик, тотувлик ҳақида борганида бунга яна бир бор гувоҳ бўлади киши. Аммо инсониятни ташвишга солиб турган бир нарса бор. У ҳам бўлса, динни ниқоб қилиб ҳунрезлик ғояларини олиб бораётган оқимлардир. Шунинг учун ҳам ёшларни бу хавфдан огоҳ этиб, билим ва ҳунар эгаллашга чорлаш билангина натижага эришиш мумкин.

“Шодлик” маданият марказида ўтказилган мулоқотда нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламларини шундай бебаҳо юртни азиз билиб, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида умргузаронлик қилиши ҳақида сўз борди. Унда вилоят ҳокимлигининг дин ишлари бўйича котибият мудири Аҳаджон Мирзаев, вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акромжон Омонов, туман ҳокими ўринбосарлари Икромжон Парпиев, Нозима Баҳриддиновалар иштирок этишди. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ва отинойиларга туман ИИБ вакили Чўлпоной Абдураҳмонова, фаол аёллар ҳаракати раҳбари Фароғат Абдуллаева, бош отинойи Мушаррафхон Нурматовалар мавзу юзасидан кенг тушунтириш беришди.

Айтиб ўтилганидек, инсон ҳуқуқлари олий қадрият, деб белгиланган қомусимизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Фақат ҳуқуқлар билан бирга бурчлар борлигини ҳам унутмасак, мақсадга етишга эришамиз, дейилди мулоқотда.

Тўрақўрғон тумани 4-сектор раҳбари Ш.Азбеков томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, аҳоли ўртасида жиноят муҳокамаларини самарали ташкил этиш, “маҳалла бешлиги” вакилларининг ижтимоий профилактика тизимини жорий этиш борасидаги амалга ошириладиган ишларни назорат қилиш тўғрисидаги тегишли топшириқларга мувофиқ ҳудуддаги "Обод" маҳалласи бешлиги билан учрашув ташкил этилди. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Шу жойнинг ўзида оммавий сайёр қабул ҳам ўтказилди.

Қабул жараёнида, жумладан, фуқаро Шерматова Патилахоннинг моддий ёрдам олиш, Ҳолиқова Ҳидоятнинг Умра зиёратига бориш, Абдураҳимова Ҳабибанинг фарзандини СЧР тўловини тўлашга ёрдам берилиши бўйича мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий тушунтириш берилди. Турсунов Хасанбойнинг Ёшлар жамғармаси орқали ҳайдовчилик гувоҳномасига маблағ ўтказиш ҳақидаги мурожаати қабул жараёнида ижобий ҳал этилди. Ҳакимова Гулбаҳорнинг даволанишга ёрдам кераклиги бўйича мурожаати тегишлилиги бўйича назоратга олинди.