Янгиликлар
Тўрақўрғонда ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан Тўрақўрғон туманида 408 ўқувчи ўрнига эга бўлган ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди. Ушбу мақсад учун 7 млрд. 800 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Тақдимот маросимида иштирок этган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдуразаков мамлакатимизда ўғил-қизларнинг пухта билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган қулай шароитлар ҳақида батафсил гапирди. Хусусан, вилоятда кейинги даврда амалга оширилган таълим соҳасидаги бунёдкорлик ишларига тўхталди.
Маросимда рамзий тасма қирқилиб, йиғилганлар таълим-тарбия муассасасидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Кенг ва ёруғ хоналар, замонавий жиҳозлар ҳамда қурилмалар ўқувчиларнинг кучли билим ва тафаккурга эга фарзандлар бўлиб етишишларига хизмат қилади.
Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев Тўрақўрғон ва Наманган туманларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг тунги фаолиятини ўрганди
Вилоятимиз ҳудудида тезкор-профилактик тадбирларнинг “долзарб 40 кунлиги“ доирасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ижобий ҳал этиш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан туну кун амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бошқарма бошлиғи Наманган туманидаги “Катта Тошбулоқ“, «Хўжақишлоқ» ва «Ибрат» маҳаллалари, шунингдек Тўрақўрғон туманидаги «Шарқ», “Бегобод“ маҳаллаларидаги ҳуқуқ-тартибот масканлари ҳамда ҳудудга бириктирилган масъул ходимларининг тунги фаолиятларини ўрганди.
Ўрганишлар якунида тунги вақтларда ходимлар шахсий хавфсизликни таъминланган ҳолда ҳудуд осойишталигини сақлаш, фуқароларнинг тинчлигини таъминлаш, маҳалла ҳудудини видеокузатув камералари орқали тўлиқ назоратга олиш, ҳудудга бириктирилган соҳа хизмат вакиллари билан самарали иш ташкил этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси
Бугунги кунга келиб, ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик ҳаётимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Тўрақўрғонда “Газеталар куни” ўтказилди
Матбуот барча замонларда давлат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажариб келган. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгандан сўнг босма нашрларга эҳтиёж пасайгандек бўлсада, газета-журналларнинг ҳамиша ўз мухлиси ва ўқувчиси бор.
Тўрақўрғон туманида ўтказилган “Газеталар куни” тадбири шу маънода ташкил этилди.
Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ташкилот ва идоралардаги маънавий муҳит яхши бўлишида, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашда, топшириқларни тезкор ва сифатли бажаришда, иш самарадорлигига эришишда матбуотнинг роли катта эканлигини эътироф этди.
Тадбирда республика “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарининг Наманган вилояти бўйича мухбирлари Орифжон Жўраев, Қудратилла Нажмиддинов, Равшанбек Мирзаолимов, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари бош муҳаррирлари Акрамжон Сатторов, Одилжон Иномовлар мамлакатимизда Президентимиз раҳбарликларида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини халққа етказишда ижодий жамоаларнинг ҳаракатлари ҳақида гапириб беришди.
Учрашувда қутлуғ 60 ёшини қарши олган устоз ижодкор Одилжон Иномовга туман ҳокимлигининг эсдалик совғаси тақдим этилди. Тадбир журналистлар ва ўқувчилар ўртасида қизғин мулоқот, фикр алмашувлар билан давомланди.
Луғатшунос олим юртида луғатлар китоби мажмуасининг тақдимоти бўлиб ўтди
Она тилидан бетакрор мўъжиза йўқ. Исҳоқхон Ибрат юрти Тўрақўрғон тумани маданият марказида “Ўзбек тилига асосланган лотин ёзуви луғатлари” китобининг тақдимот маросимида бу ибора ўринли қўлланилди.
Тадбирни вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси, шоир Зиёвуддин Мансуров олиб борди.
Иштирокчиларга дастлаб «Алифбо тартибидаги олам» – «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг яратилиши ҳақида қисқа видеоролик фильм намойиш этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси вакиллари Гулжамол Тўйчиева, Дилрабо Юсуфова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зоҳида Муқимова, НамДУ профессори Носиржон Улуқов, шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Содиқ Сайҳунлар ўз чиқишларида ўзбек тилининг жамият ривожида беқиёс ўрни, уни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳақида фикрлар билдирдилар. Луғатлар мажмуаси ўзбек тилини ўрганишга ва бой маданиятимиз, анъанамиз, тарихимизни тарғиб қилиш, унга қизиқишни ошириш учун қўшимча восита бўлиб хизмат қилади.
Вилоят ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова мазкур луғатлар тўплами барча учун беқиёс манба бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.