Янгиликлар
Наманган вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан байрам фестивали ўтказилмоқда
Наманганда байрам тадбирларида ўзбек футболи афсоналари Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА биринчи вице-президенти маслаҳатчиси Раҳмиддин Зикрияев, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Абдулла Аслановлар иштирок этишмоқда.
Юбилей тадбирлари давомида меҳмонлар ўзбек футболи ривожига салмоқли ҳисса қўшган наманганлик футбол фахрийлари Анвар Боқиев ва Рашид Убайдуллаевлар хонадонида бўлишди. Уларга вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси туҳфалари тақдим этилди.
8 октябрь куни фестиваль доирасида “Браво” кулгу жамоаси иштирокида концерт дастури ҳамда Наманган шаҳридаги “Марказий” стадион захира ўйингоҳида Ўзбекистон ва Наманган вилояти фахрийлар терма жамоалари иштирокида шоу учрашуви ҳам ташкил этилади.
9 октябрь куни соат 18:00да суперлига 21-тур доирасида “Навбаҳор” – “Динамо” учрашуви байрамга янада шукуҳ бағишлайди.
Медиа Департамент
Тўрақўрғонда инклюзив таълим синфи очилмоқда
Инклюзив таълим луғатимизга янги кириб келган атамага ўхшайди. Аммо, ундай эмас. Аслида инклюзив таълим бошқа кўринишда олиб борилган бўлиб, замирида инсонпарварлик, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик, ошкоралик тамойилларини амалга ошириш ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагогларни жалб этган ҳолда тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашиш, болаларга ва уларнинг ота-оналарига коррекцион педагогик ёрдам бериш ва касбга йўналтиришдан иборатдир. Бу усул алоҳида қарорлар билан ҳуқуқий мустаҳкамланган.
Тўрақўрғондаги 13-мактабда бўлиб ўтган семинарга шундай ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилдилар. Чунки айнан мазкур мактабда инклюзив таълим бўйича синф ташкил этилмоқда.
-Бу синфда психолог, дефектолог, бошланғич синф ўқитувчилари махсус бириктирилган ҳолда билим бериб, машғулотлар олиб борадилар ва болаларни келгусида турли ҳунар ва касбларга йўналтиришга кўмаклашадилар,-дейди туман халқ таълими бўлими услубчиси Феруза Ботирова.
Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси инклюзив таълим бўйича тренер Нилуфар Худойқулова иштирок этиб, кўргазмали воситалар орқали ота-оналар ва болаларга тушунчалар берди ҳамда тренинг машғулотлари олиб борди.
Матбуот анжумани
Ҳоким ёрдамчилари тадбиркорларни қандай қўллаб-қувватлаяпти?
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан шу мавзуда матбуот анжумани ўтказилди. Маълумот берилишича, ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан жорий йилнинг тўққиз ойида туманда 244 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларда 676 кишининг иш билан таъминланишига имконият яратилди. 6926 фуқарога ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун 24 млрд. 734 миллион сўм банк кредити ажратилишига кўмаклашилди.
Журналистлар анжуман давомида жойларда бўлдилар. Жумладан, Туркистон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси Акмал Насимов саъй-ҳаракати билан 12 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкилланди. Жумладан, 20 ёшли Муҳаммаджон Тўхтасиновнинг энди ўз новвойхонаси бор. Чунки ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан у қолипли нон пиширадиган махсус печь сотиб олди. Эътиборлиси, ушбу хайрли иш ортидан Муҳаммаджон бир ўзи нафланаётгани йўқ. Балки яратилган 3 иш ўрнида меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳар бири 2 миллион сўмдан ортиқ маош олаяпти. Кунига 750-800 тагача ишлаб чиқарилаётган сифатли нон маҳсулотлари ўз харидорини топиб улгурган.
Тўрақўрғон туманида гулчилиги билан танилган Деҳқоновлар оиласи ҳам ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан янада ривожланмоқда. Сабаби оила фарзанди, Наманган муҳандислик қурилиш институти магистранти Неъматжон Акрамовнинг “инновацион экотупроқ” лойиҳаси учун имтиёзли кредит ажратилди. Неъматжон ушбу кўмак ёрдамида гулчиликдан ташқари, биогумус ишлаб чиқаришни бошлади. Бу билан ушбу оиланинг йилига 60 миллион сўмни ташкил қилаётган даромади янада ортади.
587 хонадонли Юқори Мўғилтой маҳалласида эса ҳоким ёрдамчиси Мирмуҳсин Қодиров тавсияси билан 551 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Бунинг ҳисобига ҳудудда чорвачилик, иссиқхоначилик, тикувчилик билан шуғулланиб, рўзғорига барака киритаётган фуқаролар сони ортди. Шунингдек, аҳолига маиший ва тиббий хизмат кўрсатувчи 2 та янги шохобча очилди.
Оқтош маҳалласида тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилишида туман ҳокимлигида ишлаб тажриба орттирган Элмурод Искандаровнинг ҳиссаси катта бўляпти. Унинг ҳудудга ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланганидан бери ўтган 9 ой мобайнида 107 фуқаро ишга жойлаштирилди, 105 кишининг ўзини ўзи банд этишига эришилди. 18 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкиллангани ҳисобига умумий тадбиркорлар сони 68 тага етди.
Матбуот анжуманида туман Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази мутасаддилари журналистларга ҳамроҳлик қилдилар.
Халқаро форум меҳмонлари Исҳоқхон Ибрат мажмуасида
Наманган муҳандислик-технология институти ташаббуси билан Наманган вилоятида ташкил этилган "Физика-2022" халқаро форумида иштирок этиш учун Наманган вилоятига ташриф буюрган хорижий меҳмонлар учун диққатга сазовор манзиллар бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Дастлаб, меҳмонлар Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мажмуасида бўлишди. Музейдаги тарихий экспонатлар билан яқиндан танишиб, юртимизнинг бой тарихи ҳақида маълумотларга эга бўлишди.
#Инсон ва қонун
Белгиланган жазо нега ўзгартирилди?
Инсонпарварлик тамойилига амал қилинадиган юртимизда жиноий жазоларни либераллаштиришга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Садир Зоитов 2020 йилда ўғирлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилган эди.
Суднинг ажримига кўра, у туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобига назоратга олиниб, суд ҳукми билан белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши лозимлиги, жазони ўташдан бўйин товлаши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилганди.
Афсуски, маҳкум тартиб-қоидаларга амал этмаслиги жазосини оғирлаштириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга юзаки қаради. ИИБ ходимлари уни бир неча марта тақиқланган вақтларда яшаш хонадонидан топа олишмагани сабабли интизомий жавобгарликка тортилди ҳам. Айниқса, ҳеч кимга хабар бермай, Тошкент шаҳрига кетиб юборгани айбдорга қимматга тушди. С. Зоитовнинг ўталмаган 1 йил 3 ой 27 кун жазоси шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Бумайрам БАБАМИРЗАЕВА, Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судлов ҳайъати судьяси.
Ҳаётбек ЖЎРАЕВ,судья катта ёрдамчиси.