Фуқаролар бугунги ҳаётдан рози бўлишлари йўлида...

Республика ишчи гуруҳи Тўрақўрғонда олиб борган ўрганишлари ҳақида

Ўрганиш туман марказий деҳқон бозоридан бошланди. Бу ерда гўшт 55 минг сўм, тухум 800 сўм, гуруч 7-8 мингдан сотиляпти. Нархлар арзон бўлгани учун харидорлар ҳам гавжум. Мева, сабзавот, резаворлар аҳоли томорқасида етиштирилиб, омборларга жойлангани учун пешма-пеш савдога чиқяпти. Бозор омборида эса картошка, пиёз, сабзи, саримоқпиёз, гуруч заҳира қилинган.

Қиш фаслида табиий газ билан таъминланмаган аҳолига энг зарури бу суюлтирилган газ баллонларининг ўз вақтида етказиб берилишидир. “Тумангаз” корхонаси томонидан кунига 1000 дона газ баллонлари маҳаллама-маҳалла юриб тарқатиляпти. Ўша жойнинг ўзида тўлов махсус пластик картадан ечиб олиниши, газ миқдори тарозида тортилиб, ўрнатиб берилаётганидан одамлар мамнун.

Ишчи гуруҳи Истиқлол, Боғишамол, Хўжанд, Бекобод, Тошкент, Яндама каби маҳаллаларда бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш, оила даромадларини ошириш бўйича ибратли ишларга гувоҳ бўлишди.

Шу билан бирга ички йўлларни ободонлаштириш, электр таъминотини яхшилаш, банкоматлар фаолияти изчиллиги, кам таъминланган оилалардан хабар олиш каби масалалар ҳам кузатилди.

Аҳоли билан суҳбатларда аён бўлдики, одамлар аввало юртимизда тинчлик ҳукмронлиги, инсон қадри улуғланаётганлиги учун шукроналикда яшашмоқда.

ТЎРАҚЎРҒОНДА ОДИЛ АҲМЕДОВНИНГ МУНОСИБ ШОГИРДЛАРИ ТАЙЁРЛАНЯПТИ

Наманганнинг оддий бир қишлоғидан чиқиб, Ўзбекистоннинг спорт юлдузига айланган Одил Аҳмедов ташкил этган Тўрақўрғондаги «Одил жуниор» футбол мактаби шуҳрат қозониб бормоқда.

- Биз республикамизнинг турли шаҳару қишлоқларида ўтказиладиган мусобақаларга борамиз. Ўйинларни кузатамиз ва кўзга яққол ташланган иқтидорли ўсмирларни ўзимизга таклиф этамиз, - дейди мураббий Қаҳрамон Муҳаммаджонов.

2009 йилда туғилган ва айни кунда мактабда тарбияланаётган 22 нафар ёшларга хусусий муассаса бўлишига қарамасдан, ҳамма нарса текин. Болаларнинг истеъдоди чинакамига юзага чиқиб, маҳорати ошгач эса турли спорт клублари ва академияларга уларни ўзларига олиш таклифлари берилади.

Бу ерда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинади. Айниқса, ҳозирги КОВИД-19 пандемияси хавфи ортиб бораётган бир пайтда умумфойдаланишдаги жиҳоз ва буюмларни ўз вақтида зарарсизлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

«Одил жуниор»да бирламчи муваффақиятлар ҳам қўлга киритиляпти. Ўтган йили 2009 йилда туғилганлар ўртасида ўтказилган футбол бўйича водий биринчилигида энг юқори ўрин эгалланди. Қолаверса, ўзига хос нуфузга эга - Тошкент шаҳар чемпионатида, республика терма жамоалар биринчилигида ҳам арзийдиган натижаларга эришилди.

Яна бир эътиборли томони, замонавий ўйингоҳларга эга футбол мактабида турли вилоятлардан келган ёшлардан ташқари, 60 нафарга яқин маҳаллий ўсмирларнинг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланишлари ва маҳоратларини оширишлари таъминланмоқда.

Тўрақўрғонлик тадбиркор “Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси”нинг танловида 29 минг долларлик грантни қўлга киритди.

Яндама маҳалласида яшовчи Абдуғаффор Ҳақназаров ишбилармонлик фаолиятини балоғат ёшиданоқ бошлаган. Ҳозиргача Америка, Ҳиндистон, Москва, Тожикистон каби кўплаб давлатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича малака оширган.

Унинг 500 тонналик музлаткич омборида кузда жамғарилган 240 тонна уруғлик картошка, 20 тонна ҳурмо, 60 тонна саримсоқпиёз, 1,5 тонна анор, 200 килограмм булғор қалампири сақланмоқда, бу маҳсулотлар ички бозоримизда сотилиб, нарх-наво мўътадиллигини таъминлашда кор келяпти.

Ҳамиша изланувчан, тиниб-тинчимас йигит USAID Халқаро Тараққиёт агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган 5 йиллик “Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси” доирасидаги танловда иштирок этиб, 29 минг доллар грантга эга бўлди.

-Лойиҳамдан яна 400 тонналик музлаткич-омборхона қуриш, мева қадоқлаш, экспортга чиқариш, 50 кишини мавсумий иш билан таъминлаш ўрин олган. Қурилиш ишларини бошладик, насиб этса шу йилнинг ёзида асосий фаолиятга ўтамиз,-дейди Абдуғаффор Ҳақназаров.

Бугунги амалга оширилаётган ишлар эртага натижасига қараб баҳоланади

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев Тўрақўрғон туманида ижтимоий соҳа йўналишлари фаолиятининг бугунги кундаги аҳволини ўрганди.

Тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида барча умумтаълим мактабларидан 850 нафар ўқувчилар тил ўрганишдан тортиб, техник, бадиий ижодиёт, туризм ва экология йўналишларида 30 турдаги тўгаракларга фаол қатнашишади. Айниқса, қишки таътил давом этаётган шу кезларда улар янада фаоллашган. Ғуломжон Муродхўжаев болаларнинг ўз қизиқишлари бўйича билим даражаларини янада оширишлари учун қўшимча имкониятларни тавсия этди.

13- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бу йилдан хорижий тилларни чуқурлаштириб ўргатиш учун мақом олди. 30 ўқувчидан иборат алоҳида синфда энг маҳоратли ўқитувчилар дарс беришмоқда. Кейинги йилларда синфлар сонини кўпайтириш, шу орқали иқтидорли ўқувчиларни саралаш режалаштирилган.

Ғуломжон Муродхўжаев туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, иссиқлик тизимининг ишлаши, вакцинациялашнинг бориши билан танишди. Бу ерда босқичма-босқич барча бўлимлар мукаммал реконструкция қилинмоқда. Беморлар турли текширувлар учун вилоят марказига боришларига асло ҳожат қолмади. Фақат бирлашманинг ташқи тарафларида қилинадиган ишлар бор, масалан, худудни девор билан ўраш, бўш турган майдонларни ободонлаштириш зарур.

Навбатдаги манзил Қўшқайрағоч маҳалласи бўлди. 140 нафар болалар тарбияланаётган 17-МТМни реконструкция дастурига киритиш, муассасасининг қиёфасини ўзгартириш лозим. “Саховат”, “Асалой” номли оилавий нодавлат боғчалар фаолияти эса намунали деб топилди.

Ўрганиш натижалари туман маданият марказида ижтимоий соҳа раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда таҳлил қилиниб, вазифалар белгилаб берилди.

БОЗОРЛАРДА ТЎКИНЛИК, ТАРТИБ, ИНСОФ АКС ЭТИБ ТУРИШИ КЕРАК

Бозорларимиз фаровонликнинг бир белгиси. Ҳафтанинг ҳар кунида жойларда бўладиган бозорлардаги гавжумлик шунга далолат. Аммо, тартиб, нарх-наводаги мўътадиллик ҳам мос бўлиши лозим.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов, 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Мақсадбек Хасанов, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими бошлиғи Тўрабек Нуриддинов, солиқ, ветеринария, санитария-осойишталик маркази вакиллари бугун Марказий бозорда ўрганишда бўлдилар ва аҳолига арзон, сифатли маҳсулотлар етказиб бериш ва сотиш бўйича сотувчилар билан суҳбат ўтказишди.

Гўшт, тухумнинг нархини оширмаслик учун етиштирувчилардан тўғридан тўғри етказиб бериш, сабзавотларни заҳира қилиш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берилди.