Янгиликлар
ТЎРАҚЎРҒОНДАГИ ЙИРИК САНОАТ КОРХОНАСИНИНГ ИККИНЧИ НАВБАТИ ИШГА ТУШДИ
Шу муносабат билан ташкилланган тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.
-Оқтош шаҳарчаси азалдан саноат маскани бўлиб келган. Президентимиз томонларидан республикамизнинг барча ҳудудларида саноатни ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилиш, янгидан-янги корхоналарни барпо этиш ҳамда маҳсулотларнинг сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ҳудуд ўз мақомини тикламоқда,-деди вилоят раҳбари.
“OQTOSH TEKSTIL” МЧЖ корхонаси 2017 йилнинг февраль ойида қурилиши бошланиб, момиқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини 3 та босқичда амалга ошириш ҳамда 22 млн.доллар инвестиция маблағлари сарфлаш ва 1800 нафар янги иш ўринларини яратиш режалаштирилганди.
Ҳозирга қадар 19 млн.доллар маблағ (шундан14,5 млн.долл. маҳаллий тадбиркор, 4,5 млн.долл. банк кредити) жалб этилиб, лойиҳанинг 1 ва 2-босқичи ишга туширилди ва 800 та доимий янги иш ўринлари яратилди.
Корхонанинг 2-босқичи ишга тушиши натижасида йилига 5,2 минг тонна жаҳон стандартларига мос ва импорт ўрнини босувчи ҳар-хил турдаги момиқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди ва йиллик 10 млн.долларгача тайёр маҳсулотлар экспорти амалга оширилади.
Тадбирда бир гуруҳ фидоий ишчиларга Янги йил байрами муносабати билан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Хонадонларга ёрдам пуллари ва янги йил совғалари билан
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мамлакатимизда ҳамиша эътиборда. Айниқса, бу тамойил турли байрамлар муносабати билан ташкилланиши янада қувончли.
Президентимизнинг қарори ижросига кўра, Янги йил байрами олдидан Тўрақўрғон туманида 96 нафар “Темир дафтар”да рўйхатга олинган фуқароларга 76 миллион 800 минг сўм, 966 нафар боқувчисини йўқотганлик ва 855 нафар 18 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақасини олувчиларга 1 миллиард 456 миллион 800 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари топширилди.
Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддилар Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида Президентимизнинг Янги йил табригини ўқиб бериб, рўйхатдаги оилаларга пул маблағлари, байрам совғалари етказишди.
-Турмуш ўртоғим икки марта оғир операцияни бошдан кечирди. Худога шукур, уйга қайтди. Тўғриси, бор-бурдимизни сарфлаб турганимизда Президентимизнинг совғалари жуда асқотди. Байрам дастурхонимиз ҳам тўкин бўладиган бўлди. Миннатдормиз, инсон қадри улуғланган шу юртда яшаётганимизга минг бор шукур,-дейди “Шарқ” маҳалласида яшовчи Азимжон Ваққосов.


“Обод маҳалла”нинг тақдимоти ОАВ ходимлари ва блогерлар учун пресс-турга айланди
Янги йил арафасида турли тадбирларнинг ўтказилиши журналистлар илҳомини жўш уради. Айниқса, халқнинг кайфияти кўтарилиши акс этган тақдимот маросимлари ҳақида ёзиш мароқли.
Бугун Тўрақўрғон туманидаги “Узумзор” маҳалласининг Давлат дастури доираси обод бўлгани муносабати билан ташкилланган тадбирга вилоят ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Фарҳоджон Мамадалиев бошчилигидаги ижодий жамоа, Наманган вилояти телерадиокомпанияси мухбири Шаҳзода Акбарова, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг вилоятдаги вакили Оқилхон Дадабоев, Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати ходимларидан иборат журналистлар ҳам иштирок этишди.
Бу ерда амалга оширилган ишлар ҳақидаги лавҳа ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Раҳмонжон Мамадалиев ва Иброҳим Олимов томонидан олинган суратлар ёрдамида вилоят ва туман ҳокимликларининг телеграмм каналларида материаллар чиқарилди. Эртага Наманган телевидениеси орқали кўрсатув намойиш этилиши хабар қилинди.
“УЗУМЗОР”-ЧИНАКАМ ОБОД МАҲАЛЛА
Аҳоли фаровонлиги, қишлоқ, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ўрни алоҳида.
Бу дастурлар доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари туфайли Тўрақўрғон туманидаги “Узумзор” маҳалласининг қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди, аҳоли учун қулай имконият ва шароитлар яратилди. 9 млрд. 230 млн. 900 минг сўм маблағ сарфланиши ҳисобига маҳаллада узоқ йиллардан ҳал бўлмаётган муаммолар барҳам топди. Барҳаёт, Соҳил, Коинот, Ёшлар кўчаларида жами 3,65 км. йўл асфалтланди ва 5,18 км. шағалланди. Электр таъминотини яхшилаш учун 90 та таянч ўрнатилди, 1 та ТП янги қўйилди ва 1 та ТП таъмирланди, 2,5 км электр тармоғи янгидан қурилди. 28 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 9 км. ичимлик суви тармоғи тортилди ва янги қудуқ қурилди. Ҳозирги кунда аҳоли хонадонларига улаш ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳалланинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳатамов, ИИБ бошлиғи Одил Атаходжаев, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, нуронийлар, аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб 558 млн.сўм эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилган “Соҳилобод” ОШП биносининг тақдимоти ўтказилди. Иккита маҳалланинг тўрт мингдан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатувчи ушбу тиббиёт масканига энг замонавий тез тиббий автомобили топширилди.
“Узумзор” маҳалласи ҳамда 32-сонли давлат МТТ бинолари реконструкциядан чиқарилиши ҳисобига чиройли қиёфа касб этди.
-Обод маҳаллада ҳамма нарса обод бўлиши керак, кўнгиллар ҳам, ҳаракатлар ҳам,-деди вилоят раҳбари Шавкатжон Абдураззоқов.- Оилаларимиз фаровонлиги ўзимизга боғлиқ. Меҳнат қилсак, фарзандларни тўғри тарбияласак, энг муҳими, шукроналик билан яшасак бунга эришамиз.
Тадбирда нуронийлар, маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, эътибор ва ғамҳўрлик учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдиришди. Болажонлар вилоят раҳбари қўлидан Янги йил совғалари олишди.


2022 ЙИЛ УЧУН СТАТИСТИКА ҲИСОБОТИ ШАКЛЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ
Давлат статистика қўмитаси томонидан 2022 йил учун статистика ҳисоботи шакллари тасдиқланди (рўйхат рақами 3334, 25.11.2021 й.),
Бу "Расмий статистика тўғрисида"ги Қонун (https://lex.uz/docs/5569619) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 690-сон (https://lex.uz/uz/docs/5084311) "Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Статистика ҳисоботининг барча 109 та шакли (https://www.norma.uz/uz/raznoe/formy_statisticheskoy_otchetnosti)ҳисобот топширадиган субъектлар томонидан 2021 йил учун йиллик ҳисоботларни тақдим этиш учун мўлжалланган. Улар eStat-4 (http://hisobot.stat.uz/) дастуридан фойдаланилган ҳолда Интернет орқали электрон шаклда тақдим этадилар.

























