ТАДБИРКОР МУРОЖААТИ ОРТИДА ИЗЛАНИШ, ИНТИЛИШ БОР

Янги Ўзбекистон даврида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйдик ва унинг натижалари бугун ҳаётимизда, фаолиятимизда акс этмоқда. Айниқса, тадбиркорларга барча имкониятлар яратилди, фаолият йўлларидаги ҳамма тўсиқлар олиб ташланди.

Яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлган учрашувлари юртимиз тарихида тарихий воқеа бўлди, десак адашмаган бўламиз. Юртбошимиз эришилган салмоқли муваффақиятлар билан бир қаторда ҳали ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳам очиқ-ойдин гапириб ўтдилар ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, яратиладиган қулайликлар бўйича галдаги режалар билан таништирдилар.

Маданият марказида ташкилланган “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашуви ана шу мавзуга бағишланди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова Президент белгилаб берган, тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи 7 та муҳим устувор йўналишларни шарҳлаб, ҳар бир секторда алоҳида штаблар ташкил этилиши ва уларда масъуллар мурожаатларни қабул қилиб, ҳал этиш чораларини кўришларини билдирди.

Тадбирда туман иқтисодиётига баракали улуш қўшиб келаётган, кўплаб янги иш ўринларини яратган, маҳсулотларини хориж давлатларига экспорт қилиб ном қозонган бир гуруҳ тадбиркорлар туман ҳокимлигининг Ташаккурномаси билан тақдирландилар.

Учрашувда 20 дан ортиқ мурожаатлар ҳам эшитилди. Улар асосан кредит, бино ёки ер олиш, инфратузилма, кадастр, солиқ масалаларида бўлиб, ҳар бири бўйича таҳлил ўтказилди ва назоратга олинди.

БАЙРАМ СОВҒАСИГА ЎҚУВ ҚУРОЛЛАРИ

Туман тиббиёт бирлашмаси, тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси кенгаши томонидан соҳада фидойилик билан меҳнат қилаётган, “Аёллар дафтари”да турган оналарнинг фарзандларига мустақиллик байрами ва янги ўқув йили олдидан 12 турдаги ўқув қуроллари солинган сумкалар совға қилинди.

-Мана шу майдон ҳамюртимиз, тарихчи олим, таржимон, педагог, ношир Исҳоқхон Ибрат хотирасига бунёд этилган. Бу инсон мактаблар йўқ маҳалда болаларни билимли бўлишлари учун қайғурган, китоблар чоп этган. Бугунги кунда фарзандларимизнинг илм олишлари учун яратиб берилган шароитлардан дил яйрайди,-деди тадбирда иштирок этган туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.

- Совғали бўлган ўғил-қизлар келажакда юртга хизмат қиладиган ақлли, доно, яхши касб-ҳунарли инсонлар бўлиб етишишга ваъда беришди. Орзулари амалга ошиши учун биз ҳам имкониятимиз борича кўмаклашамиз,-дейди тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Шаҳноза Кимёназарова.

САВДО ЯРМАРКАСИ ХАЛҚИМИЗГА БАЙРАМОНА КАЙФИЯТ УЛАШМОҚДА

Тўрақўрғон тумани марказидаги Деҳқон бозорида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан савдо ярмаркаси ташкил этилиб, бир неча кундан бери фаолият олиб бормоқда.

-Бу халқимизга байрамона кайфият улашмоқда. Янги, арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилаётган расталар харидорлар билан гавжум,-дейди Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими бошлиғи Тўрабек Нуриддинов.

Гўшт 55 минг сўм, картошканинг сараси 3000, пиёз 1500 сўм, 5 литрли кунбоқар ёғи 75 минг сўмдан сотиляпти. Бу одатдаги бозорлардагидан анча арзон бўлибгина қолмай, нарх-навонинг мўътадиллигига ҳам хизмат қилмоқда. Мактаб ярмаркасидан эса барча ўқув қуролларини топиш мумкин.

Бозор дарвозасидан кирган ҳар бир харидорнинг тана ҳарорати ўлчаниб, маскада бўлиши таъминланяпти. СЭОМ томонидан эса ҳудуд хлорли эритма билан дизенфекция қилиб бориляпти.

Шундай ярмаркалар туманнинг ҳар бир ҳудудида то 5 сентябргача давом этади.

ТУМАН ҲОКИМИГА ЎРИНБОСАР ТАЙИНЛАНДИ

Собиров Шерзод Иброҳимович Тўрақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари-Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди

Ш. Собиров 1978 йил 22 мартда Тўрақўрғон туманида туғилган, Наманган муҳандислик - иқтисодиёт институтининг бакалавр ва магистратура йўналишларини битирган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: молиявий менежмент. Меҳнат фаолиятини Акциядорлик тижорат “Пахта банк”нинг Наманган вилоят бошқармасида мутахассисликдан бошлаб, “Агробанк” вилоят бошқармаси Тўрақўрғон филиали бўлим бошлиғи, шу банкнинг Чуст ва Тўрақўрғон филиалларида бошқарувчи, Нодир” фермер хўжалиги раҳбари,Тўрақўрғон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари, туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифаларида олиб борган.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб қилинган ходимлар тоифалари

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:

республика даражасида - республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;

ҳудудий даражада - ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари;

туманлар (шаҳарлар)да - туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва мод дий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.

Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган шахслар рўйхати тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан шакллантирилади.