Янгиликлар
БАЙРАМГА УЛАНГАН ҲАТНА ТЎЙЛАР
Ҳар бир байрам саховат, меҳр-оқибат, миллий урф –одатларнинг улуғланиши каби удумлар билан янада чиройлидир. Шу боис халқимиз турли саналар муносабати билан аввало нуронийларни йўқлашни, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишни, беморлардан ҳол сўрашни биринчи галда эътиборга олади.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шодиёналари давом этаётган шу кунларда Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ва бир қатор ҳомий ташкилотлар томонидан яна бир хайрли тадбир ўтказилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 6 нафар фарзандларига “Бунёдкор” мажмуасида Ҳатна тўйлари ўтказиб берилди.
-Бу бек йигитлар келгусида Ватанимизга хизмат қиладиган, олийҳиммат, кўнгли ва қўли очиқ инсонлар бўлиб етишишларини тилайман,-деди уларни табриклаб туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.
Туман ИИБ бошлиғи Миршоҳид Собиржонов бу болажонларга доимий ғамҳўрлик қилиб борилишини таъкидлади.
Туман маданият бўлимининг Илҳомжон Имомназаров раҳбарлигидаги санъаткорлари тўйбоп қўшиқлар куйлаб, барчани даврага чорлашди.
Сарполар кийган йигитчаларга ҳомийларнинг совғалари, 2 миллион сўмдан пул қўйилган омонат дафтарчаларининг сертификатлари топширилди. Уларнинг бахту камолини тилаб, дуога қўл очилди.
НAМAНГAНДAГИ ТAЪЛИМ МУАССАЛАРИНИНГ БИТИРУВЧИЛAРИ ОТМЛАРГА КИРИШДА 100 ФОИЗЛИК НАТИЖАЛАРНИ ҚАЙД ЭТМОҚДА
Вилоятдаги 3 та умумтаълим муассасаси битирувчилари 100 фоизлик натижа билан талабаликка қабул қилинди. Косонсой туманидаги 9-ДИМИни 2020 - 2021 ўқув йилида жами 21 нафар ўғил-қиз тамомлаган бўлса, уларнинг 9 нафари давлат гранти асосида, 12 нафари тўлов шартнома асосида олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қмлинди. Бу - 100 фоизлик натижа. Мингбулоқ туманидаги 13-ДИМИнинг 65 нафар битирувчисидан 22 нафари давлат гранти асосида 43 нафари эса тўлов шартнома асосида (100 фоиз) талаба бўлди. Чортоқ туманидаги 5-ДИМИнинг 52 нафар битирувчисининг барчаси ОТМларга қабул қилиниб, 100 фоизлик натижага эришилди. Чуст туманидаги 52-ИДУМнинг жами 20 нафар битирувчисидан 9 нафари давлат гранти асосида, 10 нафари тўлов шартнома асосида талабалар сафидан жой олди.
Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати
#ichki_turizm
Наманганлик энергетик ёшлар навбатдаги "Водий бўйлаб саёҳат" лойиҳасида Андижон вилоятидаги қадамжоларни зиёрат қилишди.
Ўтган йиллар давомида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди.
"Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖда бугун 300 дан ортиқ ёшлар ишлаб келмоқдалар. Айнан жамиятдаги ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, учрашувлар, ўқув тренинглари, спорт ўйинлари, интелектуал мусобақалари ҳамда Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар доимий ташкил этиб борилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан, дам олиш кунлари 50 нафар жамият ёшлари водий бўйлаб саёҳат қилишди.
Биринчи бўлиб, ҳалқимизнинг таниқли шоири Муҳаммадюсуф мактаби олдида жойлашган хайкали билан танишишди. Сўнгра, Захириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг хиёбонлари ҳамда 1972 йил қурилиши бошланган қадимий "Жоме" мажмуаси 13 йилда мадрасада тахсил олувчи толибларига топширилган.
Давоми бор.
“Наманган ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати
“КАТТА ХИРМОННИ ЯРАТИШДА СИЗЛАРГА СУЯНАМИЗ”
Мана, куз кириб келди. Бу фаслнинг энг муҳим юмушларидан бири пахта йиғим-теримини ташкиллаш ва ўтказиш. Туманимизда ҳосил асосан қўл терими орқали олиб борилгани учун ҳам мавсум олдидан теримчи опа-сингилларнинг ҳисоби юритилади.
“Турсунбой Комилов” фермер хўжалигининг дала шийпонида туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ана шу фидоийлар билан мулоқотда бўлди. Бу йил 141 та отрядга аҳолидан 12807 нафар, фермер хўжаликларидан 4269 нафар теримчилар жалб қилинади. Уларнинг рўйхати шакллантирилиб, фермер хўжаликларига бириктирилди.
Албатта, ҳар ишда бўлганидек, пахта хом ашёсини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш бўйича “Наманган тўқимачи” кластери ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув шартномаси тузилади. Унга кўра, меҳнат шароитларини яратиш, иш ҳақини ўз вақтида таъминлаш каби шартлар қамраб олинган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қатъий белгилаб қўйилган.
Терим 10 сентябрдан бошланади, биринчи теримда ҳар килосига 1200 сўм, иккинчи теримда 1300 сўмдан ҳақ тўланиши аҳолининг моддий манфаатдорлигига катта ёрдам беради.
Азиз юртдошлар! Жонажон Ватанимизда байрамлар жуда кўп. Лекин, давлатимиз истиқлолга эришган, халқимиз чин маънода озод бўлган сана –мамлакатимиз мустақиллиги куни алоҳида тантана билан шодиёна қилинади.
Фурсатдан фойдаланиб туманимиз аҳлини халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айём билан муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганларидек, “биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади”.
Чиндан ҳам мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари ичида ўзининг салоҳияти билан нуфузли ўринларни эгаллаб олди. Янги Ўзбекистон даврида буюк ўзгаришлар рўй берди ва давом этмоқда. Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилган 15 та устувор йўналиш тарих зарварақларига Ўзбекистоннинг куч-қудрати, имкониятлари, салоҳиятини ўзида акс эттирган муҳим қадамлар мажмуаси сифатида муҳрланди. Ер куррасининг айрим жойларида жангу жадал, ахборот ҳуружлари, нотинчлик кузатилаётган шу кезларда бизда ободонлаштириш, уйлар қуриш, гуллар экиш, тўйлар қилиш давом этяпти. Биз шундай улуғ, тинч-осойишта мамлакатда яшаётганимизга ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди. Истиқлол йилларида Тўрақўрғонда ҳам қандай буюк ўзгаришлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туманимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида ривожланишнинг юқори кўрсаткичлари таъминланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда одамларнинг турмуш тарзи бир неча баробар ошди. Ёшларимизнинг билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашга иштиёқлари кучайди. Тадбиркорларимиз сафи кенгайиб, тафаккурлари бойиди, янги-янги лойиҳалар амалга тадбиқ этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг баҳамжиҳатлигидандир.
Азиз дўстлар! Истиқлол байрамининг жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, Ватанни асраш ва улуғлаш, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитининг шаклланишида, айниқса, ёшларимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир.
Сизларни Мустақиллик байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Илоҳим, бугунги тинчлик, фаровонлик ва тўкин-сочинликнинг бардавом бўлишини тилаб чин дилдан қилаётган дуоларимиз ижобат бўлсин. Ҳар бир оилага файзу барака, мустаҳкам соғлик, маънавий миллий қадриятларимизни эъзозлаб, одамийликни улуғлаб яшаш насиб этсин.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!