Янгиликлар
Бугун эрта тонгдан...
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Тўрақўрғон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда.
Дастлаб Ибрат ММТП ҳудудидаги "Шарқ замин зийнати" фермер хўжалигида ғалла парвариши кўздан кечирилди. 54 гектар майдонга экиилган, Россия селекцияси асосида яратилган, янги серҳосил ва ернинг турли ҳолатларига чидамли буғдой нави ўсиши авж паллада. Қўшимча озиқлантириш давом этмоқда.
Вилоят ҳокими белгиланган агротехник тадбирларни бажариш билан 80-100 центнердан ҳосил олиш имкониятларини таъкидлаб ўтди.
Жисмоний ва юридик шахслар учун қабулнинг навбатдаги чекка ҳудудлардан бири Узумзор маҳалласида бўлиб ўтди. Мурожаатларни Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуров тинглади.
-Оиламиз қийналиб қолганда сўровимизга кўра сигир ва бузоқ бергандингиз, рўзғоримизни анча тиклаб олдик. Шунга миннатдорчилик билдиргани келдим. Энди уй олишга ҳаракат қиляпмиз,-деди “Шарқ” маҳалласидан Нодира Адашева. Узумзорлик Шаҳзода Отамирзаева ҳам субсидияга чок машина олгандан кейин даромадлари кўпайганидан хурсандлигини билдирди. Яна бир фуқаро фарзандининг шартнома пули тўлаб берилгани оиласига анча енгиллик бўлганини айтиб кетди. Бу ҳолатлар қувончли, албатта.
Қабулда бекободлик Муножат Валиева уйи ёниб кетгани учун ёрдам сўради. Уларга “Саховат ва кўмак” жамғармасидан маблағ ажратиладиган бўлди. Бахт маҳалласида яшовчи Моҳира Собирова ишга жойлашиш, яккатомлик Муяссар Турдиалиева, Бозорбоши маҳалласидан келган Санобар Ғоиповалар уй таъмирлаш бўйича мурожаат этишди.
Йигирмадан ортиқ мурожаат ўрганиб чиқиш учун масъулларга топшириқ берилди.
"Ифтихор кийим-саноат” МЧЖда яна 3000 та янги иш ўрни яратилади
Вилоятимизнинг саноат ишлаб чиқаришида ўз мавқеига эга бу корхона пахта хом ашёсидан ип-калава, тўқув, бўяш, тикув, деним-нонденим ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш учун 17 гектар майдонда қурилиш ишларини олиб боряпти.
Қиймати 181 миллион, шундан банк кредити 126 миллион, ўз маблағи ҳисобидан 54 миллион Евро бўлган ушбу лойиҳа 100 миллион Евро ишлаб чиқариш қуввати имкониятини беради. Энг муҳими, 3000 киши иш билан таъминланади.
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиш ниятидаги корхона раҳбарлари қурилишни сифатли ва тезкор олиб бориш учун қилинаётган ҳаракатлар билан таништиришди.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуровнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Туманда ҳам Президентимиз томонидан белгилаб берилган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими асосида иш олиб бориляпти.
2022 йилда “Ёшлар дафтари”га олинган жами 1121 нафар ёшларга 3 млрд. 409 минг сўмлик моддий кўмак берилди. Маҳалладаги ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун 501 млн. сўмлик 14 турдаги спорт жиҳозлари ва бадиий китоблар ажратилди.
Ўтган йилда туманда “Беш ташаббус” олимпиадасида 29 нафар ёшлар вилоят босқичида, 2 нафари республика босқичида мутлоқ ғолибликка эришдилар.
Учрашувда ҳоким ёшларни бугунги имкониятлардан унумли фойдаланиш, билим, ҳунар эгаллаб, келажакда юртнинг фидоий фарзандлари бўлишга даъват этди. Турли танловларнинг ғолиблари, намунали фаолият олиб борган етакчилар муносиб тақдирланди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га олинган бир гуруҳ йигит-қизларга мурожаатларига кўра, олий ўқув юрти, касб-ҳунар ўргатиш марказлари, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва ҳарбий сафарбарлик резерви учун тўловларга ваучерлар, эҳтиёжманд аёлларга тикув машиналари топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда вилоятимизга ташрифлари чоғида Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлиб, унинг фаолиятига юқори баҳо берганлари тўрақўрғонлик тадбиркорларни ҳам уларнинг тажрибасини ўрганишга чорлади.
Оқтош шаҳарчасида 2,82 гектар майдонда 15 та лойиҳа асосида “Ёшлар” кичик саноат зонаси ташкил этилиб, қурилиш ишлари ўтган йилдан бошланган. Бир ярим мингта иш ўрни яратишга мўлжалланган ушбу ҳудудда бир неча турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.
Бугун туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров, сектор раҳбарлари бошчилигида тадбиркорлар, ҳоким ёрдамчиларидан иборат гуруҳ мазкур КСЗга бордилар. Жами 10 гектардан иборат ер майдонида 46 та ташаббускор тадбиркорлар қиймати 612.3 млрд.сўмлик лойиҳаларни амалга ошириб, 6470 янги ишчи ўрни яратишни мақсад қилишгани, маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинаётгани мақтовга арзирли. Ҳар бир кичик корхона бинолари замонавий дизайнда, қуёш паннеллари ўрнатилган, ихчам иссиқхоналар ташкил этилгани билан аҳамиятли. Ҳудудда мактаб, боғча, спорт майдонлари аҳоли ва тадбиркорларга хизмат қилмоқда.
“Ниҳол файз дизайн текс”, “Сифат ёғоч саноат”, “Мастер класс дизайн” МЧЖ лар фаолияти билан танишган тадбиркорлар ўзларига мотивация олдилар. Тумандаги иккита кичик саноат зоналарида ҳудди шундай иш ташкил этиш бўйича фикрлашиб олинди.