Янгиликлар
❗️2023/2024 ўқув йилидан ТДЮУга ўқишга киришда ҳуқуқий фанлардан тест топшириш амалиёти жорий этилади
(https://t.me/huquqiyaxborot/10627)➡️ Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда абитуриентлар 2 та бўлимдан иборат 5 та фан мажмуасидан тест синовлари топширади. Булар:
➖ 1-бўлимда барча йўналишлар учун мажбурий 3 та фан – Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), Математика ва Ўзбекистон тарихи;➖ 2-бўлимда “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича 2 та фан – Тарих ва Чет тили фанлари.
✅ ТДЮУга ўқишга киришда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тест синовларининг 2-блоки, яъни “юриспруденция” бакалавриат таълим йўналишига мос фанлар бўйича тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанларни киритиш масаласи университет Кенгашида кўриб чиқилди ва маъқулланди.
☑️ Мазкур таклифнинг жорий этилиши бир қатор ижобий натижаларга хизмат қилади, хусусан:
● мактаб ёшиданоқ болаларни ҳуқуқий фанларни чуқур ўзлаштиришга, Конституция ва қонунларни пухта ўрганишга;● мактабларда сифатли, халқаро стандартларга мос юридик дарсликларнинг яратилишига;● ҳуқуқшунослик фанларидан таълим берувчи ўқитувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар ошиши натижасида уларнинг малакасини доимий ошириб бориши учун мустаҳкам замин яратилади;● ТДЮУга дастлабки ҳуқуқий билимларга эга ёш авлод вакиллари кириб келишига эришилади.
Маълумот учун: бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида 4 йил давомида юқори синфларда Давлат ва ҳуқуқ асослари ҳамда Конституциявий ҳуқуқ асослари фанлари ўқитиб келинмоқда. Тест саволлари ушбу дарсликлар асосида тузилади.
ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА
Тўрақўрғон туманида Феруза Абдуқаҳҳорова, Гулираъно Ваққосова, Манзура Абдуллаева сингари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган бахтиёр қизлар бор. Улар жамият ҳаётининг энг қайноқ жабҳаларида фаолият олиб боришмоқда.
Уларга ҳавас қилганлар эса янада кўп. “Йил аёли” кўрик-танловининг туман босқичига тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилгач, куннинг иккинчи ярмида таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларнинг ҳужжатлари кўздан кечирилди.
Қувонарлиси, уларнинг сони аввалгидан анча ошган, яъни, 60 нафардан зиёди ушбу мукофот бўйича танловда иштирок этишга лойиқ деб топилди. Ҳужжатлар қизларнинг устозлари томонидан тақдим этилди.
#Tayinlov
To‘raqo‘rg‘on tumani 12-umumiy o‘rta ta’lim maktabi O‘zbekiston yoshlar ittifoqi boshlang‘ich tashkiloti yetakchisi Rustamova Sevara Komiljonovna joriy yilning 26-oktabr sanasidan O‘zbekiston yoshlar ishlari agentligi To‘raqo‘rg‘on tuman bo‘limi "Besh tashabbusni muvofiqlashtirish bo‘yicha" mutaxassis lavozimida faoliyat boshladi.
БУГУН ҚАБУЛ...
Бирор муаммоси мавжуд фуқаролар ҳафтанинг сешанбасини орзиқиб кутадиган бўлишди. Сабаби, бу кунда туман ҳокимининг қабули ўтказилади ва ўртага ташланадиган масалалар иложи борича ижобий ҳал этилади. Бугун ҳам кўпгина мурожаатларда айтилган оғриқли масалаларнинг ечимини излаш бўйича қабул пайти астойдил шуғулланилди.
Ермасжид маҳалласида яшовчи Мавлуда Икромиддинова оилавий шароитини ҳисобга олиб, уй-жой таъмири учун моддий кўмак беришни сўраб, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамовага юзланди. Ҳоким бу оила бекаси билан обдон суҳбатлашгач, унга ёрдам қўлини чўзиш зарур, деган хулосага келди. Аёлга 100 та шифер олиб бериладиган бўлди.
Порлоқ МФЙда истиқомат қилувчи Алижон Мусурмонов фарзандини даволатиш учун моддий кўмак сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди, бола учун «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Туманимизда иқтидорли ёшлар кўп. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса туман ҳокимлигининг эътиборида. Шу йилнинг 5-9 ноябрида Туркияда ўтадиган каратэ бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиш учун борадиган 3 нафар спортчи ёшлар харажати юзасидан ҳокимга мурожаат этган «Азамат Карим» спорт клуби бош мураббийи Илёс Луқмонов ҳам хурсанд бўлди. Чунки З. Маҳкамова нафақат вилоят ёки туман, балки Ўзбекистон шарафини хорижда ҳимоя қиладиган ўғил-қизлар учун ҳар қандай шароитда ёрдам берилишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Оқтошдаги кўмир омбори орқали мазкур ёқилғи билан туман аҳолисини эҳтиёжга яраша таъминлаш, оилавий келишмовчилик юзасидан ҳам фуқаролар ҳокимга дардларини айтдилар. Муҳими, ҳар бир мурожаатчини рози қилиш йўллари изланди.
Эътиборлиси, қабул жараёнида айрим масалалар туман ҳокими даражасигача боришига ҳожат қолмади. Яъни мурожаатчи ва шу ерда ҳозир бўлган мутахассисларнинг ўзаро мулоқоти натижасида масалаларга дарҳол ечим топилди. Мисол учун, Дукат маҳалласида яшовчи Шарифа Ҳусанованинг тадбиркорлик учун банк муассасасидан кредит олиш борасидаги муаммоси тез орада ҳал этиладиган бўлди.
Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тўрақўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Лазизжон Собиров, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёржон Турғуновлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикасида Аҳолини рўйхатга олишда шахсга доир маълумотларни йиғиш тартиби
Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади. Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади. Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади. Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади.









