Янгиликлар
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ БОҒЛАРИ ТЎРАҚЎРҒОНДА ҲАМ БАРПО ЭТИЛМОҚДА
Республикамизнинг барча худудларида бўлгани каби Тўрақўрғонда ҳам манзарали ва мевали кўчатлар экиш қизғин давом этяпти. Ҳам экологик мусаффолик, ҳам витаминларга бой мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш мақсадидаги ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Туманда "Яшил майдон" лойиҳаси доирасида 2021 йил кузи ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида 1 миллион 674 минг 477 туп манзарали, мевали ҳамда бутали кўчатлар ва қаламчалар экиш режалаштирилган.
“Тўрақўрғон ИЭС” яқинидаги “Шоҳидон нурли диёр” массивида тадбиркор Абдуғани Қозоқов ўз ҳисобидан 4, 5 миллиард сўм сарфлаб жами 50 гектар майдонда 175 минг тупдан зиёд кўчатлар экиб, кичик ўрмонзор ва боғ барпо қилиш ташаббуси билан чиққан эди.
Бугун ана шу масканда дастлабки кўчатлар экиш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамов, нуронийлар, ёшлар вакиллари, жамоатчилик иштирок этишди. Наманган ўрмон хўжалигидан келтирилган манзарали дарахтлар, тадбиркор томонидан етиштирилган экспортбоп, эртапишар кўчат ниҳоллари ўтқазилди.


Тўрақўрғонлик тадбиркорга Президент совғаси топширилди
“Дилрабо СДА ” кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси 2004 йилда ташкил топган. Фаолияти жами 80 турдан ортиқ болалар, эркаклар ва аёлларга трикотаж матолардан ички ва ташқи кийимлар тикишдан иборат бўлган корхонада бугунги кунда 700 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилади. Уларга бепул транспорт ва тушлик жорий этилган, ойлик маошлари ўртача 1,5 миллион сўмни ташкил этади.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати йилига 1 млн. 250 минг дона, маҳсулотлар юз фоиз Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади.
Яқинда республика Касаба уюшмалари федерацияси томонидан эълон қилинган танловда корхона директори, “Дўстлик” ордени соҳибаси Маъсудахон Содиқова энг кўп иш ўрни яратган раҳбар номинацияси бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаб, Президент совғаси “Жентра” автомобили билан тақдирланди.
Тадбиркорнинг пойтахтдан эътибор ва катта совға билан қайтиши туманда байрамга айланиб кетди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, сектор раҳбарлари, корхона жамоаси М. Содиқовани гуллар билан кутиб олишди.
-Ҳар бир ишчини ўз фарзандимдек кўраман, қўлимдан келганча ғамҳўрлик кўрсатаман. Муваффақиятларимнинг боиси шундан бўлса керак,-дейди у.


«Ахсикент ўз даврининг йирик мегаполиси бўлган. Президент ташаббуси билан қайта барпо этилаётган тарихий мажмуа Осиёнинг меъморий марваридига айланиши лозим. Янги Ўзбекистон мажмуаси эса ўзининг замонавий ечими билан бетакрор бўлмоғи лозим», - Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туркиялик меъморлар - Синон Тўраман ва Али Илғорни қабул қилди.
Меъмор Синон меҳмонхона, кутубхона, музей, савдо маркази ҳамда бозор, ресторан ва кафелар, амфитеатр ва бошқа инфратузилмаларни ўз ичига олган Ахсикент мажмуаси лойиҳасини тақдимот қилди.
Шунингдек Янги Ўзбекистон боғи бош режаси бўйича илк таклифлар ўртоқлашилди.




МУКАММАЛ ТАЪМИРДАН ЧИРОЙ ОЧГАН МАКТАБ
Бураматутдаги 28-умумтаълим мактаби кейинги йилларда анча таъмирталаб бўлиб қолганди. Гарчи бу ерда таълим-тарбия масалалари анча яхши йўлга қўйилиб, рейтингларда юқори ўринларда юрсада, жамоа чиройли кўринишдаги даргоҳларга ҳавас билан қарашарди.
Инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирлашга тушган мактаблар ичида бу муассаса ҳам борлиги нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки қишлоқ аҳлини қувончга тўлдирди.
920 ўринли ўқув биноси қисқа вақт ичида замонавий тус олди, 40 та синф хонаси учун алоҳида янги типдаги ўқув жиҳозлари, 2 та компьютер хоналарига сўнгги русумдаги 32 дона компьютер, китобхонликни ошириш учун кутубхона ҳам қўшимча жиҳозланиб, 2224 дона бадиий адабиёт ва121 дона ўқув қўлланмалари билан бойитилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 4 миллиард 73 миллион 354 минг сўм маблағ ажратилди ва сарфланди.
Бутунлай янги қиёфага кирган мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, бугунги билимли ёшлар Ўзбекистоннинг эртанги келажаги эгалари эканлигини эътироф этди ва бу йўлда жамоага муваффақиятлар тилади.

















