Янгиликлар
6-НАМАНГАН РЕФЕРЕНДУМ ОКРУГ КОМИССИЯСИ ИШ БОШЛАДИ
🇺🇿 2023 йил 30 апрель, якшанба куни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юзасидан умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 мартдаги 1214-сон қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссияларининг шахсий таркиби тасдиқланди. Жумладан, референдумни ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси 15 кишидан иборат таркибда иш бошлади.
Шу муносабат билан комиссия аъзолари ва журналистлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
🎙6-Наманган референдум округи комиссияси раиси Собитхон Турғунов томонидан округ ҳудуди бўйича референдум участкаларининг жойлашуви юзасидан Наманган вилоятидаги 1 та шаҳар ва 13 та туманда жами 831 та референдум участкаси ташкил этилгани, унинг жойлашган биноси, участка чегаралари маълум қилинди. Участкаларнинг 650 таси, яъни 78 фоизи умумтаълим муассасалари биноларига жойлаштирилади.
Округ жойлашган бинода тажрибали журналистлардан иборат матбуот маркази йўлга қўйилди.
Йиғилиш сўнггида матбуот анжумани ўтказилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоблар олдилар.
Ахсикент - водий туризм оханрабоси
У минтақанинг ўзига хос Регистони бўлади, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифида
Қадимги Фарғона давлатининг пойтахти милоддан аввалги III-II асрлардан то милодий эранинг IX асрини ўрталаригача Фарғона (хитойча ”Юань”), милодий эранинг IX асрининг ўрталаридан - XI асрнинг ўрталаригача манбаларда Ахсикат, нумизматик материалларда эса Фарғона-Ахсикат, XI асрнинг иккинчи ярмидан - мўғуллар босқинигача Ахсикат, Умаршайх Мирзо ва Бобур Мирзо даврида Ахси, баъзида Ахсикент деб, аталган.
Ўзбекистонниг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Шаҳрисабз ва Қува сингари Ахсикат ҳам мўғуллар босқинидан кейин ўз жойини ўзгартирган, яъни шимолий-ғарб томонга силжиган.
Лекин жойини ўзгартиргани билан Ахсикат бошқа шаҳарга айланиб қолмаган, у Ахсикат шаҳри сифатида қолган. Ахсикат мўғуллар босқини ва XIII асрнинг иккинчи ярмидаги Мовароуннаҳрда юз берган мўғулларга қарши норозиликларни бостирилиши даврида буткул вайрон этилган.
Буларни тасдиқовчи қуйидаги археологик далиллар мавжуд. Хусусан, Эски Ахси ёдгорлигининг 2 та объектида (XI, XVIII) очилган Қорахонийлар даврига оид деворий расмлар билан безатилган маҳобатли турар жойлар мўғуллар даврида вайрон этилганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу биноларнинг қисман пойдеворлари, ёниб улгурмаган ёғочлари ва деворий расмларга эга қатлам-қатлам сувоқ уюмлари сақланиб қолган, холос.
Қазишмалар даврида XI-XII асрларга оид тангалар ва XII асрнинг охири - XIII асрни биринчи чорагига таълуқли сопол идишлар топилди. 2019 йил Ахсикатнинг рабод қисмидаги XXIV объектда ҳам Қорахонийлар даврига мансуб маҳобатли турар жой қолдиқлари топилди.
Бинонинг асосий қисмидан биргина ташнав ва уюм-уюм пишиқ ғиштлар қолган. Лекин пишиқ ғиштлардан қурилган тагхоналари яхши сақланган. Шуни таъкидлаш жоизки, Эски Ахси ёдгорлиги худудида олиб борилган қазишмалар даврида бирон-бир жойда Темурийлар даврига оид архитектура қолдиқлари топилмади. Бундай топилмалар 1980 йилларда Якка Йигит қишлоғи худудида сақланиб қолган Янги Ахси ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотларда қўлга киритилган. Демак, Эски Ахси ва Янги Ахси топонимлари битта Ахсикат шаҳарининг турли даврларга оид харобаларига маҳаллий халқ томонидан берилган номлардир.
2023 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Миллий Археология институти археологлар ҳар икки манзилда қазишма ишларини олиб борадилар.
Бундан ташқари очиқ осмон остидаги музейлар сони кўпайтирилиб, ташрифчилар учун инфратузилма яратилади.
Бу манзиллар тарихий ва зиёрат туризмини янада ривожлантиришда, Наманганга сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Медиа Департапент
#наврўз арафасида
24-умумтаълим мактаби Тўрақўрғон туманидаги энг бой тарихга эга ва катта даргоҳлардан бири. Бу ерда 32 та синфда 65 нафар педагоглар 635 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келмоқдалар.
Ўтган йилги “Опен бюджет” танловида жамоа спорт ўйингоҳи қурилиши учун 200 миллион сўм маблағни қўлга киритишганди. Туман ҳокимлиги кўмак сифатида уларга яна маблағ қўшиб берди. Шундай қилиб 383 миллион сўм эвазига “Намуна озод” МЧЖ қурувчилари томонидан кўрган кўзни қувнтирувчи сунъий қопламали стадион қурилди. Ва ҳомийлар кўмагида қўшимча волейбол, баскетбол майдонлари ҳам бунёд этилди.
Наврўз байрами арафасида ушбу ўйингоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сектор раҳбарлари, нуронийлар, Файзиобод маҳалласи фаоллари, ёшлар иштирок этишди.
Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров мактаб жамоасини янги ўйингоҳ билан муборакбод этиб, самимий тилакларини билдирди. Шу ернинг ўзида туман раҳбарига таълим, спорт соҳасидаги хизматлари учун Турон Фанлар академияси Президиуми қарорига кўра, академиянинг 10 йиллиги муносабати билан олтин кўкрак нишони вице-президент, тарих фанлари номзоди Раҳмонали Хасанов томонидан тантанали топширилди. Шунингдек, қўли гул қурувчиларга ҳам эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбир мактаб санъатсеварлари ва спортчи ёшларининг кўргазмали чиқишлари билан таассуротли кечди.
Ўзбекистон Мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақалари туман спорт мактаби майдонида бўлиб ўтди.
Мусобақада туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Ё.Куланов, халқ таълими бўлими мудири Н.Тўхтаназаров ва “Ватанпарвар” ташкилоти туман ЎСТК вакиллари ҳамда бир қатор мактабларнинг ўқувчилари иштирок этдилар.
Поп туманида жойлашган ҳарбий қисмдан келган офицерлар ҳакамлиги остидаги мусобақалар қизғин муросасиз тарзда кечди. Якунга кўра фахрли биринчи ўрин 30-мактабнинг “Бургутлар”, иккинчи ўринни 38-мактабнинг “Ватанпарварлар”ҳамда учинчи ўринни 42-мактабнинг “Лочинлар” жамоалари қўлга киритдилар.
Тадбир сўнгида ғолибларга ва энг намунали иштирок этган жамоаларга “Ватанпарвар” ташкилоти туман бўлими кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Мусобақанинг вилоят босқичида 30-мактабнинг “Бургутлар” жамоаси иштирок этади.
#баҳорнинг илк айёми
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз хотин-қизлар!
Аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги уларнинг ўрни ва хизматларини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.
Аёл зотига, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас.
Тўрақўрғондаги “Ҳумо” мажмуасида байрам муносабати билан тадбир ташкилланди. Унга меҳнат фахрийлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, турли соҳаларда ишлаётган вакиллар таклиф этилдилар.
Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров байрам иштирокчиларини табриклар экан, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббус ва таклифлари билан хотин-қизлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг яшаш ва турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларга тўхталди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан уйма-уй юриб аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича алоҳида тизим яратилгани ва бу борада туманимизда амалга оширилган ишлар эътироф этилди.
Байрам тадбири туман маданият бўлими, мусиқа ва санъат мактаблари жамоаларининг чиқиши билан файзли ўтди. Хотин-қизларга гуллар ва байрам совғалари тортиқ қилинди.