Янгиликлар
САВДО ЯРМАРКАСИ ХАЛҚИМИЗГА БАЙРАМОНА КАЙФИЯТ УЛАШМОҚДА
Тўрақўрғон тумани марказидаги Деҳқон бозорида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан савдо ярмаркаси ташкил этилиб, бир неча кундан бери фаолият олиб бормоқда.
-Бу халқимизга байрамона кайфият улашмоқда. Янги, арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилаётган расталар харидорлар билан гавжум,-дейди Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими бошлиғи Тўрабек Нуриддинов.
Гўшт 55 минг сўм, картошканинг сараси 3000, пиёз 1500 сўм, 5 литрли кунбоқар ёғи 75 минг сўмдан сотиляпти. Бу одатдаги бозорлардагидан анча арзон бўлибгина қолмай, нарх-навонинг мўътадиллигига ҳам хизмат қилмоқда. Мактаб ярмаркасидан эса барча ўқув қуролларини топиш мумкин.
Бозор дарвозасидан кирган ҳар бир харидорнинг тана ҳарорати ўлчаниб, маскада бўлиши таъминланяпти. СЭОМ томонидан эса ҳудуд хлорли эритма билан дизенфекция қилиб бориляпти.
Шундай ярмаркалар туманнинг ҳар бир ҳудудида то 5 сентябргача давом этади.
ТУМАН ҲОКИМИГА ЎРИНБОСАР ТАЙИНЛАНДИ
Собиров Шерзод Иброҳимович Тўрақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари-Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди
Ш. Собиров 1978 йил 22 мартда Тўрақўрғон туманида туғилган, Наманган муҳандислик - иқтисодиёт институтининг бакалавр ва магистратура йўналишларини битирган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: молиявий менежмент. Меҳнат фаолиятини Акциядорлик тижорат “Пахта банк”нинг Наманган вилоят бошқармасида мутахассисликдан бошлаб, “Агробанк” вилоят бошқармаси Тўрақўрғон филиали бўлим бошлиғи, шу банкнинг Чуст ва Тўрақўрғон филиалларида бошқарувчи, Нодир” фермер хўжалиги раҳбари,Тўрақўрғон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари, туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифаларида олиб борган.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб қилинган ходимлар тоифалари
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:
республика даражасида - республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;
ҳудудий даражада - ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари;
туманлар (шаҳарлар)да - туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва мод дий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.
Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган шахслар рўйхати тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан шакллантирилади.
Йиллар кесимида янги ташкил этилган корхоналар сони қанча?
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида республикамизда (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар сони 2016 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 3,1 баробарга ошган.
Йиллар кесимида янги ташкил этилган корхоналар сони (1 август ҳолатига):
🔹2016 йилда – 19 507 та
🔹2017 йилда – 27 663 та
🔹2018 йилда – 33 926 та
🔹2019 йилда – 62 726 та
🔹2020 йилда – 55 311 та
🔹2021 йилда – 61 612 та
85 ТА ОИЛА МЕҲР-МУРУВВАТДАН БАҲРАМАНД БЎЛДИ
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Президент қарорига асосан Тўрақўрғон туманидаги 85 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда истиқомат қилувчи 171 нафар мактаб ёшидаги фарзандларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик пул берилгани юртимизда инсон қадр-қиммати нақадар улуғланаётганига яна бир далолатдир.
Бозорбоши маҳалласида яшовчи Назира Қосимованинг тўрт нафар фарзанди бор. Оилага икки миллион сўм берилганидан болажонлар ўта хурсанд. Чунки мактабга боришларига ўқув қуроллари, кийим-кечак олишда муаммо йўқ. Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи Дилшода Юлдашева эса Тўрақўрғон 1-касб-ҳунар мактабида тикувчилик бўйича таҳсил олаётгани, ўзи ва укасига берилган бир миллион сўм ўзларининг кам-кўстини битиришда ота-онасига катта ёрдам бўлганини, келгусида Юртбошимиз ишонган иқтидорли ёшлар сафига қўшилишини билдирди.
Туман бўйича жами 85 миллион 500 минг сўм маблағ мана шундай эҳтиёжманд хонадонларга тарқатилди.