Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасида 2021- йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун вақтинчалик жалб этиладиган ходимларни ўқитиш бўйича тартиб тасдиқланди.
Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аҳолини рўйхатга олиш - Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни;
рўйхатга олувчи ходимлар - Ўзбекистон Республикасининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга жалб этилган, махсус ўқувдан ўтган вояга етган фуқаролари;
респондентлар - аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
ДАВЛАТИМИЗ БАЙРОҒИ ТЎРАҚЎРҒОНКЎЧАЛАРИ БЎЙЛАБ ҲИЛПИРАДИ
18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан автомобиллар юриши (парад) ташкилланди.
Тўрақўрғон ўқув-спорт техника клубига қарашли давлатимиз байроғи ўрнатилган ўнлаб машиналар туман марказидан йўлга тушдилар ва секторлар ҳудуди бўйича жадал ҳаракатландилар.
Ҳилпираётган байроққа қараб, ҳар бир юртдошимиз қалбида Янги Ўзбекистондан, унда яшаш бахтидан ғурурланиш ҳисси жўш урган бўлса, ажаб эмас.
- Давлат герби, мадҳияси қаторида байроқ ҳам муқаддас рамзларимиздан биридир. Шунинг учун бўлса керак, уни кўрганимизда, беихтиёр юрагимиз ҳапқиради. Айниқса, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро тадбирларда, спорт мусобақаларида Ўзбекистон байроғининг ҳилпираши она Ватандан фахрланиш туйғумизни янада оширади, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Гулноза Умарова.
БАҒРИКЕНГЛИК-ХАЛҚИМИЗГА ХОС УЛУҒ ФАЗИЛАТ
Маълумки, ҳар йили 16 ноябрда бутун мамлакатимизда Халқаро бағрикенглик куни нишонланади. Шу муносабат билан “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилиб, унда дўст-иноқ бўлиб яшаётган турли миллат вакиллари иштирокида тадбирлар, суҳбат, учрашувлар ташкилланади.
Кейинги йилларда муҳтарам Президентимизнинг одилона сиёсатлари туфайли қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Чунки аҳиллик бор жойда тинчлик ва ривожланиш бор.
Ҳафталик доирасида Тўрақўрғоннинг ташриф қоғозларидан бири бўлган Ахсикент очиқ осмон остидаги музей худудида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик” мавзусида кенг қамровли дастур ўтказилди. Унга туманимизда яшовчи ўзбек, рус, қирғиз, тожик, украин миллатига мансуб оилаларнинг вакиллари таклиф этилдилар. Ахсикентнинг 11-12 асрлардаги қорахонийлар даврига тўғри келадиган ноёб қазилма бойликлари ўша пайтда ҳам одамлар ҳунарманд ва тадбиркор бўлганидан далолат беради. Яқин даврларда бу ерда катта лойиҳалар амалга оширилиб, туризм салоҳияти янада кенгайиши устида иш олиб бориляпти.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдукаримов иштирок этди.
100 НАФАР СПОРТЧИ ТАҚДИРЛАНДИ
Тўрақўрғон - спортчилар юрти. Ҳозирда 10 нафар Жаҳон чемпионлари, 30 нафар Жаҳон чемпионати совриндорлари, мингдан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари бор.
Биргина мисол, яқинда Украинанинг Львов шаҳрида белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида тўрақўрғонлик спортчилар ҳам иштирок этиб, битта олтин, иккита бронза медалларини қўлга киритишди.
Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган каратэ бўйича Жаҳон чемпионатида эса мураббий Илёсбек Луқмоновнинг 2 нафар шогирдлари олтин ва кумуш медаллар билан қайтишди.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 2021 йил 1-3 октябр кунлари ташкил этилган дзюдо бўйича Ўзбекистон Кубоги мусобақасида 3 нафар спортчи қизлар катта ютуқларга эгалик қилиб, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига қабул қилиндилар.
Бундай ютуқлар албатта эътирофга муносиб. Туман маданият марказида ана шундай спортчи ёшлардан 80 нафари туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёржон Турғунов Тўрақўрғон шуҳратини ошираётган бу йигит-қизлар ва уларнинг мураббийларига миннатдорчилик билдириб, келгуси мусобақаларда ҳам омадлар тилади.
ЯНА БИР МАКТАБ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Тўрақўрғон туманидаги 49-умумтаълим мактабида 526 нафар ўқувчига 54 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқдалар.
Анчагина таъмирталаб аҳволга келиб қолган муассасага ва ниҳоят инвестиция давлат дастури бўйича қурилиш ва таъмир учун давлат томонидан 3. 919. 565 минг сўм маблағ ажратилганда нафақат жамоа, балки бутун маҳалла аҳли хурсанд бўлишди. мавжуд 330 ўринли бино қайта мукаммал таъмирланди, Янги 210 ўринли бино "Осим қурилиш дизайн" МЧЖ қурувчилари томонидан тезда ва сифатли қуриб битказилди.
-Эътиборга муносиб равишда кўрсаткичларимиз ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. Мисол учун, ўқувчиларимизнинг ОТМга киришлари ўтган йили 15 фоиздан юқори бўлган бўлса, бу йил 22 фоиздан ошди. 11-синф битирувчиларининг ҳам тўла бандлиги таъминланди,-дейди директор Матлуба Абдуллаева.
Мактаб биносининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, туман прокурори Элёрбек Талабоев, фахрийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишди.
Шинам ва ёруғ синф хоналари, уларга мос равишдаги янги жиҳозлар кишининг ҳавасини келтиради. Ўқувчилар ва ўқитувчилар бундай шароитдан мамнун эканликларини билдирдилар.
Туман раҳбарлари мактаб ҳовлисига эсдалик учун кўчатлар ҳам экиб бердилар.