Минг дардга даво анор: тўрақўрғонлик деҳқон ва томорқа ер эгалари бу йил яхшигина хосил кўтаришган

- Анорнинг ватани бу - Куюкмозор. Энг сархил анор бизда бўлади. Буни бутун Ўзбекистонда яхши билишади. 150 туп анорим бор. Шунинг ўзидан ҳар йили 40-50 миллион сўм даромад оламиз, - дейди Хусанбой ота Исоқов.

Абу Али ибн Сино анорнинг хосиятлари ҳақида тўхталиб, нордони сафрони босиши, чиқиндиларнинг ички аъзоларга оқишини тўхтатиши, пўсти, айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун дори бўлиши, уруғи асал билан бирга тиш оғриғи ва қулоқ оғриғига фойда келтиришини алоҳида таъкидлаган. Булардан ташқари, анор пўсти қон тупурганда, милкдан қон оққанида яхши самара берса, унинг қайнатмаси гижжаларни ҳайдаш хусусиятига эгадир.

Анор иссиқланишдан келиб чиқадиган кўкрак оғриғи, изтиробли йўтални тўхтатиб, тиним бағишлайди, талоқ касалликлари, юракнинг бежо уришида ижобий таъсир кўрсатади. Овқатнинг осон ҳазм бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, юз терисини тиниқлаштиради.

Медиа Департамент

Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда, ҳалоллик ва виждонан ишласагина фаолиятда натижа бўлади

Туман маданият марказида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида уларнинг ўз вазифаларини қандай бажараётганлари таҳлили ва бугуннинг долзарб юмушлари мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди.

Барча сектор раҳбарлари қатнашган мулоқот танқидий руҳда кечди. Биргина мисол, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлардан феврал ойи ҳолатига 14 миллиард 375 минг сўмдан ортиқ қарздорлик бўлиб, шундан 3 миллиард 177 минг сўм ундирилди. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари билан бирга бурчларини ҳам англаб етишлари учун эндиги ажратиладиган кредитларни беришда шаффофлик бўлиши шарт. Агар маблағлар ҳақиқий эгаларига етиб борса, ҳам натижага эришилади, ҳам эшикма-эшик ундирувга юрилмайди.

Туман прокурори Элёрбек Талабоевнинг маълумот беришича, ўтган йили прокуратура томонидан қўзғатилган жиноий ишларнинг кўп қисми кредит ва субсидия ажратиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Албатта, айбдорлар қилмишига яраша қонун бўйича жавоб бермоқда.

-Маҳаллада раис ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда ишланг. Фирибгарлик, таъмагирлик, коррупция ҳолатларига асло йўл қўйманг. Шундагина ҳудудингизда обрўингиз бўлади, одамлар сизга ишонади. Сизнинг вазифангиз ҳар бир оила тўқ ва фаровон яшаши учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган имкониятларни тўлиқ етказиш,-деди туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.

Йиғилишда кредит ундиришда алоҳида намуна кўрсатган Файзиобод, Бекобод маҳаллалари раислари Холматжон Асқаров, Рустамжон Зоҳиров, Янгиобод ва Сарой маҳаллалари ҳоким ёрдамчилари Ҳайиталихон Анвархонов, Бобуржон Маматхоновлар рағбатлантирилдилар.

Ҳунармандлар диққатига!

Тўрақўрғон туманида “Туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда миллий ҳунармандчиликни кенг йўлга қўйиш мақсадида аҳолининг барча қатламлари ўртасида турли металл, ёғоч, пластмасса, ип-толаси, қоғоз шунга ўхшаш маҳсулотлардан қўл меҳнати билан ясалган, Ўзбекистон Республикаси, Наманган вилояти ҳамда Тўрақўрғон тумани ҳаёти ва миллий урф-одатлари акс этган тарихий ва замонавий сувенир маҳсулотлари кўрик-танловини эълон қиламиз!

Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, энг сара маҳсулотлар учун буюртмачилар кўпайишига кўмаклашилади.

Танловда иштирок этиш ва мурожаат учун; тел 99 857 62 20

Меҳнати машаққатли, даромади баракали соҳа

Кеча бошланган пиллакорлар учун семинар-ўқув бугун 2 ва 3-секторлардаги маҳаллаларда яшовчи хотин-қизлар учун давомланди.

Аёлларнинг кўркли либослари, келинларнинг сепидаги энг чиройли буюмлари атлас-адрасдир. Унинг ял-ял товланиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Тўрақўрғон 1-сонли касб-ҳунар мактабининг кириш ҳовлиси ана шу матолар билан безанди. Семинарга келган пиллакорлар булар ўзларининг меҳнати маҳсули эканлигидан фахрландилар.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Лобархон Явминова, 2-сектор раҳбари Элёржон Талаббоев пиллакорлар билан мулоқотда уларнинг меҳнати ҳамиша ардоқланиши ҳақида эътироф сўзларини айтишди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ишчи гуруҳи аъзоси, республика Ипакчилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими Давронбек Содиқовнинг ипак қурти парваришидаги янги технологиялар ва янгиликлар ҳақидаги маъузаси семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб ўрнини босди.

Семинар

Хўжандликлар энди кўчатчиликда ҳам шуҳрат қозонишмоқчи

Машҳур узумчи боғбон Абдужаббор ота Юсуповнинг издошлари бўлмиш хўжандлик боғбонларнинг довруғи қўшни вилоятларга ҳам етиб борган. Ҳозирда 590 та хонадоннинг 480 тасида узумчилик билан шуғулланилади.

Бугун ташкилланган семинарга келганлар маҳалла аҳли кўчатчиликда ҳам шуҳрат қозонишга интилаётганларига гувоҳ бўлдилар. Абдулбоқи Хўжаев, Давронбек Аҳмадалиев каби меҳнаткашлар бош бўлган 110 та хонадонларда гилос, олма, ҳурмо кўчатлари етиштирилаётганига гувоҳ бўлдилар. Яхши ниятлар билан пиширилган баҳор таоми сумалакдан тотиб, юртга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилдилар.

Семинарда туман Нуронийлари жамоатчилик кенгаши раиси Одилхон Хўжаев, туман ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Собировлар Президентимиз бошлаб берган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, атроф-муҳит саришталигига эътиборли бўлиш, оилалар фаровонлиги учун қўшимча даромад топиш имкониятларидан фойдаланиш бўйича тавсияларини беришди.