Янгиликлар
Бугун маърифатпарвар шоир, атоқли тилшунос, тарихшунос олим, илк ўзбек матбаачиларидан бири, публицист ва прогрессив педагог Исҳоқхон Ибрат таваллуд топган кун
Шу муносабат билан Тўрақўрғон тумани марказидаги унинг номи билан аталувчи мажмуада хотира тадбири бўлиб ўтди.
Туман раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар вакиллари Исҳоқхон Ибрат ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг хотирасини ёд этишди.
Йиғилганлар у ҳақидаги маълумотларни яна бир бор дилга жой этишди. Дарҳақиқат, Ибрат 1862 йилда Наманганга яқин Тўрақўрғон қишлоғида боғбон оиласида туғилди. У ёшлигидан илм олишга интилди, чет эл сафарида бўлди: Истамбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида, Шарқнинг Қобул, Жадда, Макка, Калькутта, Бомбай каби йирик шаҳарларида истиқомат қилди.
Ибрат ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, хотин-қизларни илм-маърифатга жалб қилишда фаол қатнашди ҳамда ижодий иш билан машғул бўлди.
Исҳоқхон тўранинг ўзига «Ибрат» тахаллусини олиш боиси шундаки, у ижодининг дастлабки йилларидан бошлаб маърифатпарвар шоир, олим сифатида ном чиқарди ва замона илмидан, илғор маданиятдан ўрнак олишга, ибрат олишга чақирди.
Шунинг учун ҳам Ибрат ҳозирги авлодлар учун чинакам ибрат мактабини яратган инсон сифатида яшамоқда.
Тўрақўрғонда “Наврўз” шодиёналари
Гўзал ва бетакрор юртимизга барчамиз орзиқиб кутган, дилбар фасл - Наврўзи олам кириб келди.
Муҳтарам Юртбошимиз таклифлари билан Наврўз байрамини халқ сайли сифатида нишонлаш анъанага айланиб бораётгани, албатта, барчамизни беҳад қувонтирди.
Бугун Тўрақўрғоннинг маркази Наврўз қувончларига тўлди. Байрамона кайфият, тинчлик-хотиржамлик, тўқчилик, фаровонлик шукронаси билан халқимиз бу айёмни нишонлаш учун ҳозир бўлдилар.
Дунёда бир-биридан ажойиб байрамлар кўп. Лекин, улар орасида Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Баҳор ҳаётга муҳаббат, яшаш иштиёқини оширади, келажакка ишончни мустаҳкамлайди.
Байрам сайлида тумандаги ташкилот ва муассасалар, корхоналар ўзлари эришган муваффақиятларни ифода этдилар. Кўклам пишириқлари, дошқозонларда сумалак, палов дамланди. Куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Туман ҳокими Аҳроржон Мансуров бошчилигида сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, нуронийлар, ёшлар кўргазмаларни айланиб, кўришди. Унинг ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришди. Кексалар дуоларида йил қандай ният билан бошланса, то охиригача ўша ният ҳамроҳ бўлади, деган ниятда шундай хурсандчилик билан бошланаётган йилимиз юртимизга тинчлик, бахт-саодат, қут-барака, ободлик ва фаровонлик олиб келишини тиладилар.
Байрам туманимизнинг барча маҳаллаларида ҳам шундай шодиёналар билан нишонланмоқда.
Табаррук инсонни йўқлаб....
Наврўз - миллий қадриятларни ўзида мужассам этган, янгиланиш ва ободликларни бошлаб берувчи улуғ байрамдир. Унга ярашиқли яна бир удум ёши улуғлар, табаррук инсонлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш.
Тўрақўрғон туманидаги Катта Қурама маҳалласида истиқомат қилувчи Икромжон ота Умрзоқов бу йил 100 ёшга тўлдилар. Яқинларининг айтишича, ҳужжатларда туғилган йиллари икки ёш кам кўрсатилган, аммо, бир аср яшаётганлари айни ҳақиқат.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари Икромжон отани улуғ Наврўз билан табриклагани келишди. Ҳозирда ҳам тетик, тилидан доимо шукроналик ва дуолар тушмайдиган отахон йўқлов ва совғалар учун миннатдорчилик билдирди.
Маҳаллалар ислоҳотлар амалга ошириладиган асосий маскан бўлиши керак
Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров сектор раҳбарлари билан биргаликда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар ишлари вакиллари, профилактика инспекторлари билан мулоқот учрашувлар ўтказмоқда.
Тўрақўрғон 2-сонли касб-ҳунар мактабида 1-сектор ҳудудида фаолият олиб бораётган мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтди.
Туман раҳбари бугунги долзарблик маҳаллада акс этиши учун эрталабдан яхши ниятлар билан уюшқоқликда режали иш ташкил этиш, кечқурун сарҳисоб қилиш, нуронийлар маслаҳатини олиш, ҳар бир кўчани аҳоли даромадларини ошириш учун аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, бир-бирлари билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш лозимлиги ҳақида гапирди.
Дарҳақиқат, бугун маҳаллада 5 та асосий куч сифатида лавозимлар жорий этилди. Улар ўз вазифаларини виждонан, шаффофлик билан бажарсалар ҳудудда муаммо қолмайди. Айниқса, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, билим олиш ва китоб ўқиш, спорт тадбирларини ўтказиш, иқтидорлиларни муносиб рағбатлантириб бориш лозим. Маҳаллаларда албатта, кутубхона, ҳаммом бўлиши керак. Ноқонуний қурилишларга йўл қўймаслик учун маҳалла мутасаддилари масъул. Бир сўз билан айтганда, Маҳаллалар ислоҳотлар амалга ошириладиган асосий маскан бўлиши керак.
Мулоқотдан сўнг сектор раҳбарлари мазкур муассасада ёшларга касб-ҳунар ўргатиш жараёни, яратилган шароитлар билан танишиб, ўувчиларнинг келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдилар.
#тайинлов
Ахрор Мансуров Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди
Тўрақўрғон туман ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.
Ҳозирга қадар вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Мансуров Ахрор Ахмадалиевич Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ахрор Мансуров 1988 йилда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Мингбулоқ туман давлат нотариал идораси нотариус ёрдамчисилигидан бошлаган. 2014—2016 йилларда Наманган вилоят адлия бошқармасида турли вазифаларда, 2016-2019 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси етакчи инспектори вазифаларида фаолият юритган.
У 2021 йилдан шу кунга қадар вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди.
Мансуров Ахрор Ахмадалиевич Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари 3-сессиясида Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.