Янгиликлар
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Тўрақўрғон туманидаги "Gold Fresh Fruits" МЧЖ агрологистика маркази қурилишида бўлди.
Бу ерда 1 гектарли иссиқхонага экилган 1 500 туп гилос кўчатлари, махсус полиэтилен идишларда ўстирилаётган 160 туп гилос кўчатларини замонавий парваришлаш тажрибаси катта янгилик. Бунинг натижасида гилос мевасини май ойида одатдагидан 15 ёки 20 кун аввал пишиб етилиши ва чет эл бозорларига биринчилардан кириб бориши таъминланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млн. доллар бўлиб, ундаги музлатгичли омборхоналар сиғими биринчи босқичда 4000 тоннани ташкил этади. Шу билан биргаликда, марказ ҳудудида 2 қаватдан иборат меҳмонхона, маъмурий бошқарув биноси, божхона хизматини кўрсатиш учун доимий бино-иншоот, майдони 2 гектарли мева-сабзавот бозори ташкил этиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ушбу инвестиция лойиҳасини ташқи муҳандислик (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув) тармоқлари билан доимий таъминлаш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қувончбек Нурумбетов раҳбарлигидаги меҳмонлар Наманганга келдилар.
Улар жойларда деҳқончилик маданияти, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тажрибаларни ўрганмоқдалар.
Тўрақўрғон туманидаги Кумидон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Носиржон Сулаймоновнинг 30 сотихли ҳовлисида томорқа даромад манбаига айланган. Иссиқхонадан йилига яқин 20 миллион сўм, эртанги саримсоқпиёздан 15 миллион сўм, бошқа экинлардан 10 миллион сўм маблағ топиладиган бу хонадонда ҳамма мева турлари, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланилади.
Қорақалпоғистонлик меҳмонлар шу маҳалладаги Жамолдин Сотиболдиев, Иброҳимжон Зокировларнинг томорқадан унумли фойдаланиб келаётганларини ҳам олқишладилар. Улар юртларига қайтгач, асосан шимолий ва жанубий вилоятлар аҳолисига бу ерда ўрганганлари бўйича тавсиялар беришларини таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Тўрақўрғон туманида эҳтиёжманд оилаларга берилган ер майдонларининг қонунийлиги ва ундан самарали фойдаланиш жараёнлари билан танишди.
Туманда ушбу мақсадга 401 гектар майдон ажратиб берилган бўлиб, айни кунгача 292 гектари очиқ аукцион орқали 295 нафар фуқарога тарқатилди. Бу майдонларга картошка, ловия ва бошқа зарур озиқ-овқат экинлари экилди.
Козимжон Комилов шундай имтиёзга эга бўлган 25 нафар фуқаро деҳқончилик қилаётган "Озод" маҳалласида мулоқот ўтказди. Юртбошимиз томонидан инсон қадри учун олиб борилаётган ислоҳотларнинг бири сифатида эҳтиёжманд оилаларнинг даромадларини ошириш кўзланган тадбирларни изоҳлади. Ушбу ерлардан қонуний фойдаланиш шартлиги, акс ҳолда суд қарори билан олиб қўйилиши мумкинлигини эслатди.
Тадбиркор Абдураҳим Жўрабоев шу ернинг ўзида 400 тонналик музлаткич омбори ташкил этгани, фуқаролар етиштирган ҳосилни ўзи нақд пулга сотиб олиши ҳаммага маъқул келди. Ер эгалари шундай эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдириб дуода бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон Қарорининг 1-иловасига билан 2023 йилда ахолини руйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида 9-бобдан иборат НИЗОМ тасдиқланди.
Ушбу Низомга 1-бобига мувофиқ Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги 25 кун этиб белгиланиб, рўйхатга олишнинг бошланиш вақти 2023 йил 1 ноябрь соат 00:00 этиб белгиланди. Рўйхатга олиш вақтида 2023 йил 1 ноябрдан сўнг туғилган болалар учун рўйхатга олиш ишлари амалга оширилмаслиги аксинча ушбу даврда вафот этганлар шахслар учун рўйхатга олиш ишлари амалга оширилиши белгилаб ўтилди.Шунингдек шахсга доир маълумотларни йиғишда респондентлар яшайдиган жойга шахсан ташриф буюрган ҳолда ва хар бир фуқаро учун алоҳида тўлдирилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум килинади. Яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш туман (шахар) ҳокимликлар томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда амалга оширилади.Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади;Гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ҳодимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида амалга оширилади.Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали хам амалга оширилади.“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистан Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, аммо ахолини руйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат худудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондент сифатида руйхатга олинади.
Тўрақўрғон туманида ипак қурти уруғи тарқатишга киришилди
Туманда жорий йилда 3226 қути қурт уруғи парваришлаш, 184 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштириш мақсад қилиб олинган. Икки йилдирки, ишни уюшқоқлик билан ташкил этилгани сабабли соҳада ижобий натижалар қўлга киритиб келинмоқда. Фермер хўжаликлари ва қурт боқувчилар билан ички шартномалар ўтган йилнинг охиридаёқ тузиб бўлинган.
Кечадан бошлаб туманда 6 та инкубаторийларда жонлантирилган қурт уруғини тарқатиш бошланди. Пиллакорларга аванс пули, зарур ашёлар берилиб, саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштиришга қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирилди.
“Олтин водий” ММТП ҳудудида 65 нафар боқувчиларга қурт уруғи тарқатилди. Туман ҳокими Аҳроржон Мансуров пиллакорлар меҳнати йилдан-йилга қадрланаётгани, бу йил ҳар килограмм пиллага 24 700 сўмдан ҳақ тўланиб, қўшимча 5 минг сўмдан субсидия берилиши оилалар учун яхшигина даромад эканлигини таъкидлади.