Янгиликлар
#семинар
2024 йил ҳосилига тайёргарлик: долзарб ойлик юмушлари
Тўрақўрғон туманидаги "Бураматут гулшани" фермер хўжалигида 15 ноябрдан 15 декабргача давом этадиган кузги агротехник тадбирларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳакимов иштирок этиб, ойликда амалга оширилиши лозим ўттизта энг муҳим ишларга тўхталди. Жумладан, ғалла сепилган майдонларни ғўзапоядан тозалаш, техникалар таъмирини якунлаб, шай ҳолатга келтириш, сув танқислигининг олдини олиш учун ички ариқларни бетонлаш, шудгорлашни охирига етказиш, зараркунанда ҳашоратларга қарши кураш, тўқсонбости экинлар экиш ва ҳакозо.
Тадбир давомида вилоят оқсоқоллар гуруҳи раҳбари Мўминжон Жўраев, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси бошлиғи Анваржон Гафаров, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Носиржон Каимов ва бошқаларнинг тавсиялари ҳам тингланди.
Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров тўрақўрғонлик фермерлар ихтиёридаги 974 километр ички ариқларни бетонлаштириш ва белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминланиши уларнинг манфаатларига хизмат қилишини билдирди.
Тўрақўрғонлик ёшлар муваффақияти
Кеча ташкил этилган "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг "Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги" йўналишида 10-15 ёш тоифасида Янгиобод маҳалласидан Умаржонов Исломжон, Бекобод маҳалласидан Икромхонов Азизхон, Бозорбоши маҳалласидан Набижонов Сардор, Ўзбекистон маҳалласидан Авазбеков Саидбеклар танловнинг Наманган вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Ютуқларимиз бардавом бўлаверсин.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилмоқда
Маълумки, табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар ҳамда бошқа ҳолатларда аҳолининг ҳаракатланиши, ҳодисалар оқибатини бартараф этишда кўриладиган чора-тадбирларни тарғибот қилиш мақсадида қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказиб борилади.
Тўрақўрғонда бугундан “Бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида ҳамкорликдаги ана шундай тадбир бошланди.
Тадбирда вилоят ФВБ бошлиғи, полковник Бунёд Эгамназаров, туман ҳокими-қўмондонлик штаби раҳбари Аҳрорбек Мансуров, сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этишди.
Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишни ҳар ким, ҳар доим билиши зарур. Ўқув машғулотида ана шу жараёнлар амалий кўрсатилиб, ҳамкор ташкилотларнинг тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.
Машғулотлар уч кун давом этади.
O'zbekiston va xorijda reklama tiliga munosabat qanday?
O'zbekistonda reklama tarqatishda davlat tiliga doir talablarga amal qilmaganlik uchun ma’muriy jarima qo‘llash taklif etilmoqda. (https://regulation.gov.uz/uz/d/87969) Ushbu taklif bizni xorij mamlakatlarining reklama tiliga oid qonunchiligini o'rganishga undadi. (https://telegra.ph/Reklamalarda-davlat-tili-Talab-qayerda-bor-u-qayerda-yoq-11-04)
▪️Ko‘pgina davlatlar reklama sohasida o‘z tilini asrab-avaylash va targ‘ib qilishga katta ahamiyat beradi. Ular madaniy va lingvistik o‘ziga xoslikni saqlash, shuningdek, axborot xavfsizligi va iste’molchilar huquqlarini himoya qilish uchun davlat tilidan foydalanish muhimligini e’tirof etadi. Aksariyatida reklama va e’lonlarda davlat tilidan foydalanish talab etiladi, zarur hollarda, davlat tili bilan birga boshqa tillardan foydalanish mumkin.
Bizning qonunchiligimizda ham reklamada davlat tilini himoya qilish va targ‘ib qilishning umumiy tendensiyalari aks etgan.
Reklama tili bo'yicha qayerda qanaqa talab bor? Misollarni #infografikaga jamlandi.
Меҳр ва саховат кунида болажонлар йўқланди
Президентимизнинг (ПФ-82, 01.06.2023) фармони 14-бандига асосан ҳар хафтанинг жума куни “Меҳр ва саҳоват куни” сифатида белгиланиб, барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Тўрақўрғон туманидаги бу галги саховат тадбиридан якка тартибда таълим олувчи болажонлар баҳраманд бўлишди. Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигидан юборилган ўқув қуроллари жамланган сумкалар ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарини беҳад қувонтирди.
Туман ҳокими ўринбосари Икромжон Парпиев, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Маъмуржон Абдураҳимов, ММТБ мудири Носиржон Тўхтаназаровлар Президентимиз томонидан бундай эътибор ва ғамҳўрлик бардавом эканлиги таъкидланди.











