Янгиликлар
#семинар
Ҳар бир миллатнинг ўз маданияти ва санъати унинг халқ сифатидаги қадр-қимматини белгилаб берувчи асосий омилларидан биридир. Инсоният вужудга келибдики, ўзининг бутун салоҳиятини ишга солиб, яратувчилик, бунёдкорлик, ижодкорлик борасида тинимсиз изланади, бундан эстетик завқ олади ва бу жараёнда руҳан юксалади. Ҳар миллат ўзининг маданияти ва санъатининг қудрати боис жаҳон тамаддунидан мустаҳкам жой эгаллайди.
Наманган вилоятида ҳам бу соҳа ривож топган. Тўрақўрғон туманида ташкилланган республика семинарида ана шу ютуқлар намуна сифатида кўрсатилди.
Маданият вазирлиги, барча вилоятлар маданият бошқармаларининг шўъба мудирлари иштирок этган тадбирда бадиий ҳаваскорлик жамоаларини унвонга тавсия этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш масаласи асосий мавзу бўлди. Меҳмонларга Чуст, Косонсой туманлари, Наманган шаҳридан келган моҳир ҳунармандлар, созандалар, тўрақўрғонлик таниқли рассом Алижон Турдиалиев яратган асарлар, қўғирчоқ театри, шунингдек, маданият бўлимида фаолият юритаётган тўгараклар иши амалий кўрсатилди.
Улар навбатдаги манзил - тадбир дастуридан ўрин олган Наманган шаҳрида бошланган Халқаро Гуллар фестивали билан ҳам танишадилар.
#гуллар_фестивали
Тасаввур қилинг, уч сотихча майдонга 30 турдаги 70 минг донадан ортиқ гуллар экилса, қандай манзара пайдо бўлади?
Бу ҳақиқат, Бобур номли маданият ва истироҳат боғида Тўрақўрғон туманига ажратилган жойда шундай гўзалликни кўриш мумкин.
Давом этаётган Гуллар фестивалида туман вакиллари яратган композиция қўшни республика ва вилоятлардан келган меҳмонлар завқини оширмоқда.
#хайр_мактаб!
Бугун туманимиздаги барча таълим муассасаларида ўқув йилининг охири - "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари бўлиб ўтди
22-умумтаълим мактабидаги тантанали тадбир аввалида Президентимизнинг мактаб битирувчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов туманимиз ва мазкур мактабда амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларни эътироф этди. Битирувчи ўқувчиларнинг 315 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Мазкур мактабда эса 2 нафар “Халқ таълими аълочиси”, “Шуҳрат” медали соҳиби, Вазир жамғармасига эга устозлар, Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар, турли танловларда муносиб ютуқларга эришган ўқувчилар борлиги албатта фахрли.
Тадбирда ўқиш ва жамоат ишларидаги алоҳида намунаси учун бир гуруҳ ўқувчилар ҳамда устозлар Ташаккурнома ва эсдалик совғаси билан тақдирландилар.
Битирувчиларга ўз орзуларига етиб, Ватанга муносиб фарзандлар бўлишлари учун оқ йўл тиланди.
Тадбирлар барча даргоҳларда кўтаринкиликда ташкилланди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Наманган вилояти судлари масъуллари томонидан Тўрақўрғон туманида ўтказилган сайёр қабулларда фуқароларнинг судларга доир 29 та мурожаатлари ўрганилди. Мурожаатларнинг 11 таси жиноят, 14 таси фуқаролик, 2 таси иқтисодий, 2 таси маъмурий судларга доир масалаларни ташкил этди. Уларнинг 5 таси қабул жараёнида ижобий ечим топган бўлса, қолганларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шу куни ўтказилган жиноят ишлари бўйича судларнинг сайёр суд мажлисларида пробация ҳисобидаги 8 нафар шахс муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар, оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла еттилиги ҳамкорлигида ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди. 3 нафар фуқаронинг қарз ундириш, 1 нафар фуқаронинг юридик фактни белгилаш, 2 нафар фуқаронинг иш ҳақи, 4 нафар фуқаронинг алимент ундириш ҳақидаги аризалари қаноатлантирилди.
Тадбиркорлар билан учрашув
Тадбиркорлик - мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчи. Соҳанинг ривожланиши туфайли янги иш ўринлари яратилади, маҳсулотлар ички бозорни тўлдириб, хорижга экспорт қилинади. Бу йўлда ишбилармонлар тинмай изланади. Демак, ўз-ўзидан уларда ҳам муаммолар юзага келиши табиий. Шу боис Президентимиз кўрсатмалари билан тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси Ориф Бўтаев вилоятимизнинг барча туманларидан келган тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Унда банк кредити олиш, кредит тўлови муддатини узайтириш, янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича таклифлар, янги жиҳозлар келтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилди ҳамда назоратга олинди.
Учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Баҳриддинов иштирок этди.











