Хотира – абадий, қадр – муқаддас!

Бугун барча ватандошларимиз, бутун халқимиз Хотира ва қадрлаш куни деб ном олган улуғ айёмни, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг шонли 80 йиллигини кенг нишонламоқда.

Тўрақўрғон тумани марказидаги Хотира хиёбонида шу муносабат билан кенг жамоатчилик иштирокида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Туман ҳокими Шерали Қосимовнинг табрик сўзида эътироф этилганидек, шу кунларда барчамиз ўз инсоний бурчимизни адо этиб, бугунги тинч ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун курашган азиз инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз, урушдан қайтмаганларнинг ўчмас хотираси олдида бош эгамиз.

Ўша машъум 1941-1945 йилларда тўрақўрғонликлар ҳам ўз фарзандларини фронтга кузатдилар. Уруш давомида туманимиздан 2450 кишининг қаҳрамонона кураши расман эътироф этилган. Афсуски, бугун уларнинг бирорталари ҳаёт эмас. Биз бу азиз инсонларнинг хотираларини доимий ёдда сақлаймиз, уларга муносиб бўлишга бурчлимиз.

Тадбирда урушни қоралаб, тинчликни улуғлашга бағишланган саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар ижро этилди. “Ватанпарвар” ташкилоти туман ЎСТКнинг автоюришлари байрам тадбирлари туманимиз бўйлаб давом этаётганига ишора берди.

Хотира ва қадрлаш куни муборак бўлсин, азиз дўстлар!

#байрам_шукуҳи

Камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш давлатимизда устувор вазифаларга айланди. Бу борада ишсизликни камайтириш ва ўзини-ўзи банд қилиш орқали аҳоли даромадларини ошириш, одамларнинг эртага эмас, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшашлари чоралари кўрилмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Тўрақўрғон туманида яшовчи, сайёр қабуллар ва ўрганишларда аниқланган 150 нафар эҳтиёжманд фуқароларга ҳомийлик асосида 9 турдаги иш қуроллари топширилди. Шунингдек, меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, корхона ва муассасалардаги мавжуд 920 та бўш ўринлар иш изловчиларга ҳавола этилди.

Республика Ишчи гуруҳи вакиллари иштирокидаги тадбирда туман ҳокими Шерали Қосимов Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталди. Бундай жараёнлар давомий эканлиги билдирилди.

Иш қуролларига эга бўлган фуқаролар вакиллари ўз миннатдорчиликларини билдириб, бу қулайлик орқали оилалари фаровонлигини таъминлашга сўз бердилар.

#учрашув

Қонун талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритилсагина бизнесда муваффақият бўлади

Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Имомов бугун Тўрақўрғон туманидаги кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганди. 

Унда 40 га яқин тадбиркорлар иштирок этишди. Дастлаб солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, хусусан ҚҚС маъмурчилиги, маркировка, МХИК, ер ва мол-мулк солиқлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Сўнг тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди. Барча таклиф ва саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

“Тадбиркорлик ўз-ўзидан ривожланмайди. Бунинг учун ўзи меҳнат қилиши билан бирга уни руҳлантириш, қўллаш, рағбатлантириш ҳам зарур. Шунингдек қонун талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритилсагина бизнесда муваффақият бўлади.” -деди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи. Мулоқот якунида бир нечта номинациялар бўйича намунали солиқ тўловчиларга ташаккурномалар топширилди.

Учрашувда Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов иштирок этди.

#ғалла-2025

Ғаллазорлар олтин рангга киришни бошлагани ўрим-йиғим мавсуми яқинлигини билдиради. Бунда биринчи навбатда техникалар тахт ҳолга келтирилиши муҳим.

Тўрақўрғон туманида жорий йилда 4876 гектар майдонда бошоқли дон етиштирилмоқда. Ҳар йили бўлгани каби ўрим-йиғим мавсумини самарали ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 18 та отряд ташкил қилинди. Комбайнчилар ва отряд аъзоларига доимий иш ташкил этиш учун жиҳозланган  кўчма шийпонлар ажратилди.

Бугун Оқтош шаҳарчасидаги "Агротехсервис" МЧЖда мавсумолди семинар бўлиб ўтди. Унда  туман ҳокимлиги ҳамда соҳанинг тегишли мутасаддилари,  ИИБ,  ФВБ вакиллари иштирок этишди.

Вилоят Ишчи гуруҳи томонидан барча техникалар кўрикдан ўтказилди ва мавсумга созлиги бўйича хулоса берилди.

#ташаббус

Яна бир маҳаллада ҳомийлик асосида йўллар асфальтланмоқда

Тўрақўрғон туманининг кўплаб маҳаллаларида аҳоли вакиллари ташаббуслари билан ички йўлларни асфальтлаш ишлари бажарилмоқда.

Халқимизда сув чиқарган, кўприк қурган ва йўлларни обод қилган инсонлар катта савобга эга бўлишлари ҳақида ҳикматлар кўп.

Катта қўрғонча маҳалласининг “Муборак” кўчасида 100 та хонадон бўлиб, уларда яшовчилар асосан мева-сабзавот экспорти ишлари билан шуғулланишади. Ҳозир айни мавсум бошланган палла. Демак, уларга ҳам равон йўл ва бошқа шароитлар зарур. Шу боис яқинда туман ҳокимининг кўмаги билан маҳаллага электр таъминотини яхшилаш учун 15 та бетон таянч ажратилиб ўрнатилди. Яна 110 метр сип кабел тортилади, замонавий кўча чироқлари ўрнатилади.

Бугун шу кўчадаги 1 километр йўлни маҳаллада ҳомийлик асосида асфальтлаш ишлари бошланди. Бу халқимизнинг аҳил ва шукроналик билан ҳаёт кечираётганлари ифодасидир.