Янгиликлар
#қишлоқ_хўжалиги
Пахта ва ғалла етиштириш, уни зараркунанда ҳашоратлардан асрашда биомаҳсулотларнинг ўрни алоҳида. Шу боис бу соҳани ривожлантиришга эътибор доим қатъий.
Айни пайтда униб чиққан ғўза ниҳоллари ҳамда ғаллазорларда биомаҳсулотларга эҳтиёж катта. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Тўрақўрғон тумани бўлимида "Тезкор Наврўз", "Иномжон Набиев" ҳамда "Исҳоқхон Ибрат" ММТПларига қарашли фермер хўжаликларининг 750 гектар майдонларига ана шундай маҳсулотлар тарқатилди.
Туман ҳокими Шерали Қосимов бугунги долзарб мавсумда амалга ошириладиган ишлар ҳақида тўхталди. Тажрибали нуронийлар экин майдонларида ғалла ва ғўза парвариши агротехникаси, дала четларидан самарали фойдаланиб, мевали кўчатлар, ошқовоқ каби полиз экинлари экилганини назорат қилиш учун ҳудудларга бириктирилди.
Хулосалар фермерлар ўртасида муҳокама қилиниб, керакли чора-тадбирлар кўриб бориладиган бўлди.
Наманганда 25 майдан бошланадиган 64-халқаро Гуллар фестивалига қўшни республикалар ва пойтахтдан Қамчиқ довони ошиб келадиган меҳмонлар вилоятимизнинг учта туманини босиб ўтадилар.
Тўрақўрғон туманида ҳам фестивал нафаси уфуриб туриши учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Катта йўл бўйларига 45 минг туп атиргул, 10 минг туп райҳон, 10 минг туп чиннигул, 14 минг дона “зийнат” номли гул нави экилди. Ҳозирда улар меҳр билан парвариш қилинмоқда.
Бугун яна 8 минг туп турли мавсумий гуллар экиш учун олиб келинди.
-Иссиқхонамизда ҳам ранго-ранг гуллар етиштиряпмиз, улардан йил бўйи туманимиз ҳудудида гўзал манзаралар барпо этишда, шунингдек, Бобур боғида туманга ажратилган майдонларни безатишда фойдаланамиз,-дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тўраев.
Ташкилот ва муассасалар майдонларига ҳам гуллар экилмоқда. Бу ишчи-ходимларнинг кайфиятига ижобий таъсир этиши шубҳасиз, албатта.
#Хушхабар
Наманганга ободонлаштириш соҳасида янги махсус транспортлар келтирилди
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, шаҳар марказлари ҳамда чекка қишлоқ ҳудудларини ободонлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, яшил маконларни кенгайтириш, кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бугун вилоятга айни шу мақсадларга хизмат қилувчи 14 та махсус транспорт воситалари олиб келинди.
Тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, келгуси режалар ҳақида тўхталди.
“Foton” русумли ушбу автомашиналар “Самарқанд автомобил заводи”да ишлаб чиқарилган. Ихчам ва тежамкорлиги билан йўл бўйлари, катта автомобиллар кириши ноқулай бўлган чекка ҳудудларда жойлашган дарахт ва гулзорларни суғориш, парваришлаш имконини беради. Махсус автомашиналар шаҳар ва туманларга ажратилиб, тақдимотдан сўнг ўз ҳудудига йўл олди.
Эндиликда улар вилоятни янада кўркам, обод қилишга, яшилликни таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, яқинлашиб келаётган 64-халқаро “Гуллар фестивали” олдидан наманганликлар учун ўзига хос совға бўлди.
Куни кеча "INFOTEACH–2025" форуми Наманганда ўз ишини бошлаганди. Бугун мазкур форумнинг яна бир тадбири Тўрақўрғон маданият марказида бўлиб ўтди.
Аввало, айтиб ўтиш жоиз, «INFOTEACH–2025» Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш марказлари ташаббуси билан ташкил этилган.
Тадбирда Тўрақўрғон тумани ҳокими ўринбосари Икромжон Парпиев сўзга чиқиб, ёш авлоднинг АйТи соҳасидаги ютуқлари бевосита замонавий технологияларни чуқур ўрганишга боғлиқлигини таъкидлади. У педагогларнинг бу борадаги меҳнатини юксак баҳолаб, улар жамият тараққиётида муҳим ўрин эгаллашаётганини алоҳида қайд этди.
Форум доирасида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари, график дизайннинг замонавий тенденциялари, робототехника соҳасидаги инновацион ёндашувлар ҳамда рақамли таълим воситаларининг самарали қўлланилиши юзасидан мутахассислар маърузалари тингланди.
Уч авлод учрашуви: илм-фан фидоийларига эҳтиром
Вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан бу йил илк марта хайрли ишга қўл урилди. Наманганнинг барча туманларида туғилиб-ўсган, умрини илм-фанга бағишлаган инсонлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилмоқда.
Тўрақўрғондаги “Ҳумо” мажмуасида ҳам ана шундай тадбир катта кўтаринкиликда ўтказилди. Пойтахтимиз ҳамда вилоятимиздаги жамоат ва таълим даргоҳларида меҳнат қилиб келаётган тумандош профессор-олимлар, улар қаторида фаол нуронийлар, иқтидорли ёшлар вакиллари давра тўридан жой олдилар.
Туман ҳокими Шерали Қосимов илму фан фидоийларини эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги эканлиги, инсон ақли ва салоҳиятининг маҳсули бўлган илмий, ижодий ва бадиий асарлар йиллар ўтган сайин янада қадр топиб, жамият тараққиётига хизмат қилишини ўз сўзида баён этди.
Тадбирда вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийлари Абдулхай домла Турсунов, Умматали Шамсиев, профессор Абдулҳамид Анорбоев ва бошқалар ёшлар билим чўққиларини пухта эгаллаб, олимларнинг муносиб вориси бўлишларини тиладилар.
Турон ФА номидан бир гуруҳ фаолларга турли номдаги эсдалик кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, туман ҳокимлигининг Ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.











