Янгиликлар
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили самаралари
Қишлоқ хўжалигидаги узоқ йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, катта майдонларга бир хил экин экишнинг самаралари кўп. Яъни, кўчат жойлаштириш, уни бир хил агротехник тадбирлар орқали парваришлаш, суғориш, озиқлантиришдан ташқари ҳосилнинг бир вақтда пишиб етилиши деҳқонларга қулайлик туғдиради.
Қодиробод маҳалласида эҳтиёжманд, ишсиз оилаларга ажратилган 10 гектарлик майдонда ана шу тамойил асосида 1-мавсумда қизил ловия, 2-мавсумда қулупной етиштирилди. 50 нафар бириктирилган ер эгалари ҳамжиҳатликда меҳнат қилдилар. Шу майдоннинг ўзидан бир йилда 35 тонна қизил ловия, 90 тонна қулупной етиштириш имконияти яратилди.
Бугун қулупнойзорда ҳаракат авжида. Пайкалдан териб олинган маҳсулотларни ҳам харидорлар бир жойдан сотиб олишяпти. Демак, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили ўзини оқлашда давом этмоқда.
Тадбиркорлар билан натижали учрашувлар
Президентимиз бошчиликларида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича раҳбарларга алоҳида топшириқ берилганди. Тўрақўрғон тумани ҳокими шу ойнинг ўзида тумандаги барча тижорат банклари ҳамда кичик саноат зоналарида ташкилланган учрашувларда 60 дан ортиқ ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг масалаларини тинглади. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда.
Бугун тумандаги “Микрокредитбанк” биносида яна шундай мулоқот ўтказилди. Ҳоким Шерали Қосимов ва туман прокурори Аҳмадхон Юсупов томонидан юртимизда яратиб берилаётган имкониятлардан руҳланиб, иш кўламини ривожлантириш истагидаги тадбиркорларнинг қўшимча ер ажратиш, имтиёзли кредит олиш, гулчиликни ривожлантириш каби мурожаатларининг ҳар бири алоҳида назоратга олинди.
Мавсум яқин: Техникалар ҳам ўримга шай
Нон - дастурхонларимизнинг асосий неъмати. Ғалла етиштириш учун деҳқон икки фасл меҳнат қилади. Уни парваришлаш қанча заҳмат талаб қилса, йиғиштириб олиш ҳам шунча масъулиятли.
Ҳисоб-китобларга қараганда, май ойининг охири, июннинг биринчи ўн кунлигида ғалла ўрим-йиғимига киришилади. Шу боис комбайнлар соз ҳолатда бўлиши ўта муҳим.
Тўрақўрғон туманидаги “Агросервис МТП” МЧЖда ғалла ўрим-йиғимига техникаларнинг тайёрлиги юзасидан кўрик ўтказилди.
Вилоят Ишчи гуруҳи томонидан 15 та комбайннинг ҳар бирини ишчи ҳолати амалий текшириб кўрилди ва мавсумга соз, дея хулоса берилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тўрақўрғон туманида шу куннинг долзарб вазифалари ижроси билан танишди.
Ҳозирда далаларга экилган чигитнинг тўлиқ униб чиқишини таъминлаш, ғалла парваришига эътибор қаратиш энг муҳим агротехник тадбирлар ҳисобланади.
Вазир вилоят ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳакимов ҳамроҳлигида тумандаги "Бахтиёр, Неъматжон, Шавкатжон" фермер хўжалиги, Наманган ғўза селекцияси илмий-тажриба станциясида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиш, ғўза ҳамда ғалла парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни кўздан кечирди.
Шу билан бирга фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни қайта ўзлаштириб, боғлар яратаётган, тўқсонбости экинлар экиб, баҳорги бозорни тўлдираётган соҳибкорлар билан учрашди.
"Комилов Турсунбой" фермер хўжалигида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди. Унда натижалар баробарида камчиликлар ҳам айтиб ўтилди ва уларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шовонда ободлик: маҳалланинг янги биноси қурилиши бошланди
Вилоятимизнинг тўртта туманидан бири сифатида Тўрақўрғоннинг Шовон маҳалласида "Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла" тамойили асосида ишлар давом этмоқда.
Ҳозиргача 1.1 километраж ичимлик суви тармоғи тортиб бўлинди. "Камбағалликдан фаровонлик сари" давлат дастури доирасида электр таъминотини яхшилаш мақсади учун 2 та янги трансформатор, 300 та бетон таянчлар ўрнатиш давом этяпти, томорқа суғориш тармоғига 2 та насос тахт ҳолатга келтирилди.
Эндиги навбат 1966 йилда қурилиб, дўкон, шийпон, мактаб сифатида фойдаланилган, охирги йилларда маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган бинони янгилашга.
Бугун "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳомийлигида барпо этиладиган янги бинога пойдевор қўйилди. Туман ҳокими Шерали Қосимов нуронийлар билан қурилиш ишини бошлаб беришди. Янги бино 12 та хонадан иборат бўлиб, ҳудудга кўрк бағишлайди ҳамда маҳалла еттилигининг самарали фаолият кўрсатишига шароит яратилади.











