Янгиликлар
Яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида хатлов ўтказилади
Тадбиркорликка юртимизда қанча имкониятлар яратиб берилганига қарамай ҳали-ҳамон белгиланган тартиб-қоидаларга бўйсунмай турли ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлар бор. Уларни давлат рўйхатидан ўтиши аввало ўзининг қонуний ишлаши, солиқларни тўлаб имтиёзлардан фойдаланишига имкон яратади.
Бугун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрамжон Абдуҳамидов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи Тўрақўрғонда ноқонуний тадбиркорлик субъектларини қонунийлаштириш мақсадида хатлов ишларини ўтказиш учун келди. Унга кўра, солиқ, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, прокуратура, коммунал хизмат кўрсатувчи идоралар вакиллари гуруҳларга бўлинган ҳолда маҳаллаларга чиқиб, ҳолатни ўрганадилар. Маданият марказидаги йиғилишда шу ҳақда кенгашилди.
Икки кун давом этадиган хатлов яширин иқтисодиётга йўл қўймаслик борасида натижадорликка ёрдам беради ва ноқонуний фаолият бошлашнинг олди олинади.
#Хушхабар
Далаларда дастлабки экилган чигит униб чиқди
Тўрақўрғон туманида 89 та фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 3060 гектар майдонда пахта, 4876 гектарда ғалла етиштириш мақсад қилинган. 1489 гектар пахта майдони томчилатиб, 750 гектар ғаллазор ёмғирлатиб суғоришга мослаштирилди.
1255 гектар майдонга эса плёнка остига чигит экиш режалаштирилган, ҳозиргача 40 фоиз майдонда бу агротехник тадбир бажариб бўлинди. “Зумрад, Ибрат” фермер хўжалигида 20 март куни ерга қадалган уруғ униб чиқди. Ғўзанинг эрта ривожланиши, касаллик ва бегона ўтларга камроқ чалиниши, ҳосилнинг барвақт пишиб етилиши каби устунликлар билан бу усул муҳимдир. Эндиликда очиқ майдонларга жадал суратларда чигит жойлаштирилмоқда.
Шу билан бирга ғаллазорларни озиқлантириш, турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш учун биолабораторияда трихограмма, олтинкўз, бракон тайёрлаб қўйилди.
#Ҳайит_Наврўз_шукуҳи
Жорий йил Соҳилобод ва Узумзор маҳалласи аҳли учун омадли бошланди. "Ташаббусли бюджет" лойиҳасининг биринчи мавсумида ҳудуддаги 23-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун 1,5 миллиард сўм маблағ қўлга киритилди.
1981 йилда қурилган муассаса анчагина таъмирталаб аҳволга тушиб қолганди. Нуронийлар бошчилигида икки маҳалла аҳолиси бирлашиб, етарлича овоз тўплашга эришдилар. Мана энди болалар келгуси ўқув йилидан замонавий шароитларга эга мактабда таҳсил оладилар.
Бугун ҳам Ҳайит байрами, ҳам Наврўз, ҳам бу хурсандчилик мактаб ҳовлисида нишонланди. Тадбирга барча ёшдагилар таклиф этилдилар. Дошқозонларда сумалак, ош, баҳорий таомлар пиширилди, катта дастурхон ёзилди, куй-қўшиқлар ижро этилди.
Байрам тадбирида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудратилла Соходуллаев, "Маҳалла" уюшмаси туман бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Аппоқов иштирок этиб, барчани қўшалоқ байрам билан муборакбод этишди. Фаол маҳалладошлар муносиб тақдирланди.
Ўрим мавсуми яқин, техникалар соз бўлиши шарт
Бу йил туманимиз бўйича 4876 гектар ерда бошоқли дон етиштириш учун меҳнат қилинмоқда.
Ҳар йили бўлгани каби ғаллани ўриш ва донни ажратишга ихтисослашган 21 та комбайнлар, ҳосилни қабул пунктига етказиб бериш билан шуғулланувчи транспорт воситалари мавсумга жалб қилинади. Оқтошдаги «Тўрақўрғон агротехсервис» МЧЖда туман ҳокими Шерали Қосимов техникалар тахтлиги ҳолатини ўрганди.
Иш қуроли соз бўлса, машаққат оз бўлади. Шуни назарда тутган ҳолда техникалар ҳозирдан мавсумга тайёрланиши, муаммоларни бартараф этилиши шарт. Масъулларга мазкур йўналишда керакли топшириқлар берилди.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
Муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида Уйчи туманида бўлиб, тадбиркорларга янада қулай муҳит яратиш мақсадида мутасаддиларга “Мижозбай ишлаш” таклифини бергандилар.
Шундан келиб чиқиб, бугун “Халқ банки”да Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди ва уларнинг муаммоларини тинглади.
Очиқ мулоқотда асосан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун ер олиш, банк кредити расмийлаштириш каби масалаларда мурожаатлар тингланди.
-Гувоҳи бўлганимиздек, бу муаммоларни ҳал этиш имконияти етарли. Агар тадбиркорларимизга ёрдам берсак, уларнинг бизга ишончи ортади, янада катта режалар билан ишлашга иштиёқи мустаҳкамланади,-деди туман раҳбари.
Бундай учрашувлар бошқа йўналишдаги банкларда ҳам ўтказиш режалаштирилган.











