Янгиликлар
Тўрақўрғон тумани ИИБ биносида бўлим бошлиғининг фуқаролар учун қабули ўтказилди
🗓 2025 йил 4 май куни Тўрақўрғон тумани ИИБ бошлиғи Ж.Хусайнов томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун қабул ўтказилди.
Қабул давомида 9 нафар фуқаронинг турли масалалардаги мурожаатлари кўриб чиқилди.
Мурожаатчилардан тегишли тартибда аризалар қабул қилиниб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Шунингдек очиқ мулоқот тарзида Пробация хисобидаги назорат остидаги фуқароларни қийнаётган масалалари тингланиб, ҳуқуқий тушунчалар берилди.
#қишлоқ_хўжалиги
"Бураматут гулшани" фермер хўжалиги дала шийпонида ғўза майдонларида ўтказиладиган энг муҳим агротехник тадбирлар масаласига бағишланган вилоят семинари ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Шерали Қосимов, барча туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Ҳозир униб чиққан ғўза ниҳолларини сақлаб қолишнинг айни вақти. Культивация, зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоя қилиш, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш белгиланган муддатларда ва бир-бирига боғлаб олиб борилиши зарур.
Семинарда мутахассисларнинг зарур тавсиялари берилди ва уларни жорий этиш йўл-йўриқлари амалий тушунтирилди.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди
Сессия ишини Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Шерали Қосимов олиб борди.
Кун тартибидаги туман прокуратураси томонидан 2025 йилнинг 1-чорагида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ - тартиботни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан туман прокурори Аҳмадхон Юсуповнинг таҳлилий маърузаси тингланди.
Унда ахборот берилганидек, жумладан, қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган 15 та текширишларда аниқланган 300 га яқин қонунбузилиши ҳолатларининг 246 таси прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этиш чоралари кўрилган. Етказилган 4 миллиард сўм зарар текшириш ва тергов жараёнларида ундирилиб, 500 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
“Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Ф-18-сонли фармойишини туманда ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудратбек Соходуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–133-сон қарори ижроси ҳақида туман ҳокимининг ўринбосари Фазлиддин Маҳмудовларнинг ахборотлари ҳам тингланди.
Сессияда депутатларга ҳавола этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Юртимизда бугундан бошлаб маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловини ўтказишга киришилди
Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3-мактабда ташкилланган тумандаги илк сайловда Фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси, туман ҳокими Шерали Қосимов ҳамда туман прокурори Аҳмадхон Юсупов иштирок этишди. Дастлаб, сайловни такомиллаштириш бўйича амалдаги қонунларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида тушунча берилди.
Эндиликда сайлов муқобиллик асосида, камида икки номзод кўрсатилган ҳолда ўтказилиши, маҳалла фуқаролар йиғини раиси 5 йил муддатга сайланиши ҳақида сўз борди.
Халқ томонидан Бирлашган МФЙ раислиги учун саралаб олинган номзодларнинг меҳнат фаолияти билан таништирилгач, овоз бериш, хусусан, бюллетенларни тўлдириш тартиби тушунтирилди.
Сайлов якунида айни пайтгача мазкур йиғин раиси сифатида фаолият кўрсатган Мухторжон Норматов кўп овоз тўплагани эълон қилинди.
Холислик, шаффофлик, тенглик ва муқобиллик тамойиллар асосидаги МФЙ раислари сайлови туманимизнинг барча маҳаллаларида ўтказилади.
#пиллачилик
Ёртепакўча маҳалласида яшовчи Дилфуза Эрматованинг ипак қурти парваришлашни бошлаганига тўртинчи йил бўляпти. Унинг хонадонига борганимизда сўкичаклар жойлашган хоналар ўта саранжом-саришта, эрта тонгда олиб келинган тут барглари алоҳида эътибор билан сақланаётганига гувоҳ бўлдик.
-Озодаликни, покизаликни ёқтирадиган жонивор бу,-дейди пиллакор. – Жисмоний ҳаракатга солиб қўйганидан саломатлигимгаям фойда келтиряпти. Яқинда келин туширгандим, олийгоҳ талабаси эканлигига қарамай дарсларидан бўшадим, дегунча ёрдамга шошади.
Дилфузахонга ўхшаб ипак қурти боқишга иштиёқмандлар сони ортиб боряпти. Бир пайтлар ҳамма хонадонга тарқатиларди. Кейинги йилларда хусусий секторларда иш ўринлари кўпайгани боис кўпчилик аёллар банд бўлиб қолган бўлса-да, мавсумни кутадиганлар кўп. Чунки бир ойлик меҳнат яхшигина даромад келтиради.











