Қосимов Шерали Абдукахарович Тўрақўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди

Шерали Қосимов 1986 йилда Наманган туманида туғилган.  2010 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида вилоят молия бошқармасида турли вазифаларда ишлаган.

Наманган тумани ҳокимлиги молия  бўлими мудири, Наманган тумани ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган.

Янги тайинловга қадар эса Поп тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ш. Қосимов Наманган вилояти ҳокимининг тегишли қарорига асосан Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. Мазкур қарор халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан тасдиқланди.

Айни кунларда мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 33 йиллигини кўтаринки кайфиятда ўтказиш тадориги кўрилмоқда. Байрамни соҳаларда ютуқлар билан қарши олиш баробарида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Саришталик ва ободликни таъминлашда ҳеч шубҳасиз, туман ободонлаштириш бошқармасининг ҳалол, меҳнаткаш ишчи-ходимларининг ўрни беқиёс. Улар йилнинг тўрт фаслида ҳам ўз хизмат вазифаларини бажариб келадилар.

Бугун туман ҳокимининг ўринбосари Фазлиддин Маҳмудов бошқарма фидоийларига байрам совғаларини топширди, уларнинг шаънига энг муносиб таърифлар ва тилаклар билдирилди.

Байрам осойишта ўтиши учун ҳозирлик пухта бўлиши муҳим

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Тўрақўрғон туманида мустақиллик байрами ўтадиган асосий майдон - Ёзги томошагоҳни тадбирга тайёрланиш ҳолатини ўрганди.

Бу ерда тадбир қатнашчиларини  жойлаштириш, ёнғин хавфсизлиги, кириш-чиқиш йўлаклари, жамоат тартибини сақлаш бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Бошқарма бошлиғи байрам чин маънода аҳолига яхши кайфият улашиши учун қўшимча эътиборли жиҳатлар бўйича тавсиялар берди.

Тўрақўрғон туманида кейинги йилларда олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 87,1 фоизга етди.

2024 йилда маҳаллалар инфратузулмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар давлат дастури доирасида Катта Қўрғонча ҳамда Сарой маҳаллаларида ҳам хонадонларга сув етиб боради. Бунинг учун 6 260,0 млрд сўм маблағ ажратилган. Натижада 2 693 та хонадонда яшовчи 13 689 нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминланади.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Катта Қўрғонча МФЙда 3,1 км.да олиб борилаётган ичимлик сув тизимини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан танишди. Нуронийларнинг миннатдорчилик сўзларини тинглади.

-Бунга яраша ҳудудда ободонлаштириш тадбирлари олиб борилиши керак. Ариқларни равонлаштириб, бегона ўтлардан тозалаб қўйилса, хонадонлар деворларини оқлаб, гул-дарахтлар экилса шундагина ярашиқли бўлади. Шу ишларга сизлар бош бўлинглар,-деди вилоят раҳбари.

Тўрақўрғон туманидаги Тепа Найманча маҳалласида жойлашган, бошқа ҳудудларни ҳам бир-бирига боғлаб турувчи кўприк умуман яроқсиз ҳолга келиб қолган, аҳоли бу муаммони ечиш учун йиллаб мурожаат қилишганди.

Ниҳоят, 2024 йилда махаллалар инфратузулмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар давлат дастури доирасида мазкур муаммога ечим топилди. Кўприкни таъмирлаш учун 4,0 млрд. сўм маблағ ажратилди. Айни дамда лойиҳадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур қурилиш ишларини бориб кўрди. Кўприк узоқ йиллар халққа хизмат қилиши учун биринчи навбатда сифатга эътибор қаратиш шартлигини айтиб ўтди.

Шу ерда жам бўлган нуронийлар қурилиш ишларини назорат қилиб боришаётганини айтиб, халқнинг узоғи яқин бўлишига қаратилган эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдириб, дуода бўлишди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.