Ёшларимизни китоб ўқишга қизиқишини оширишда танловлар муҳим роль ўйнамоқда.

Биргина мисол, Хоразмий мактабининг 8-синф ўқувчиси Дилбар Ҳайдарова “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлиб, ота-онасига Президент соврини – автомобиль совға қилди.

“Дилбархон қизим, сен ўз мисолингда инсон чин дилдан ҳаракат қилса, кўп нарсага эриша олишини исботладинг, бу йўлда кўпчилик учун намуна бўлдинг. Бунинг учун катта раҳмат сенга! Раҳмат сени катта қилган ота-онангга!”, - деди давлатимиз раҳбари.

Ёшларни актёрлик, мусиқа, китобхонликка қизиқишини ошириш учун “Турон” театри, “Иқтидор ансамбли”, “Жадидлар изидан” каби танловлар ўтказилиб, уларда 400 мингга яқин ўқувчи иштирок этди.

Энди танловларда ғолиб бўлган жамоалар чекка ҳудудлардаги мактабларга мунтазам бориб, ўз чиқишлари билан тенгдошларини маданият ва санъатга қизиқтиради. Бунинг учун вилоят ҳокимлари биттадан автобус олиб беради.

Республика танлови ғолибларига маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёз берилади.

“Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблари болалар ва мусиқа санъат мактабларида бепул ўқитилади.

Халқ қабулхонаси биносида мурожаатлар тингланди

Ҳафтанинг ҳар шанба куни ҳудудларда Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимовнинг жисмоний ва юридик шахслар учун сайёр қабули ўтказилади. Бугун ана шу тадбир туман марказидаги Халқ қабулхонаси биносида ташкилланди. Унда ҳоким ўринбосарлари, масъул ташкилот ва муассасар раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Фуқаролардан кўчани асфальтлаштириш, даволаниш учун тиббий ёрдам, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, иш билан таъминлаш, қурилиш материаллари олиш учун моддий кўмак ажратилиши, фермер хўжалигидаги ер майдони бўйича юзага келган муаммони бартараф этиш каби масалаларда 20 дан ортиқ мурожаатлар тушди ва уларни ҳал қилиш чораларини кўриш учун мутасаддиларга йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар бир маҳалладан 3 нафардан нуроний танлаб олиниб, уларга 5 тадан камбағал оилалар  бириктирилган. Бир неча ойдирки, Тўрақўрғон туманида ҳам ана шу сараланган нуронийлар фаол иш олиб бормоқдалар.

«Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви бўлими бошлиғи Жумамурод Собиров, жамғарманинг вилоят бўлими бош мутахассиси Шермуҳаммад Тўраевлар иштирокидаги тадбирда ўтган бир неча ой  давомида нуронийлар томонидан амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди.

Фаол қариялар эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш борасида олиб бораётган ишлари ҳақида гапирдилар. Жойларда дуч келинаётган турли вазиятлар ўртага ташланди ва улар муҳокама қилинди. Саволларга жавоблар берилди.

«Ахсикентдаги бунёдкорлик бугун кўзга кўриниб қолди. Тўрт объектни мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширамиз», - Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Ахсикент археология паркида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

3000 йиллик тарихидан сўзловчи қадим Ахсикент бугун улкан қурилиш ва илмий-изланишлар майдонига айланган.

Қалъа девори ва кириш дарвозаси, йўл ёқаси ва унинг юқори қисмидаги Очиқ осмон (XIX, XVIII объектлар) музейлари деярли битди. Экспонатлар музейи, мини-амфитеатр ҳамда кабутархонани ўз ичига олган антик майдон қурилиши жадал давом этмоқда.

ЎзРФА Миллий археология маркази бўлим бошлиғи профессор Абдулҳамид Анорбоев қазишма ишлари ҳақида маълумот берди.

Шу ерда Сирдарёнинг чап қирғоғида амалга оширилаётган экотуристик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

- Ўнг соҳилда ишлар анча жадаллади. Чап соҳилдаги лойиҳалар ва дор йўли қурилишини тезлатиш лозим, - деди вилоят раҳбари.

Сайёҳлар учун қулай ўтов ва капсулалар қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Инсон қадри йўлидаги яна бир эътибор

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг лойиҳаларида инсон қадри, унинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча имкониятларни яратиш асосий ўрин тутади.

Тўрақўрғон туманида ҳам 18 ёшдан катталар учун кундузги қараб туриш маркази фаолият бошлади. Бу ерда камбағаллик реестридаги ўзгалар парваришига муҳтож кишилар реабилитация тадбирлари орқали соғломлаштирилади. Энг муҳими, улар кунни зерикишларсиз, китоб ўқиш ёки спорт билан шуғулланиш каби фойдали машғулотлар билан ўтказишади. Хонадонларидан олиб келиб, яна олиб бориб қўйилади, 3 маҳал овқат билан таъминланади. Энди уларнинг уйдаги қаровчилари бемалол ишга чиқиб, оиласи даромадини таъминлашлари мумкин.

Марказнинг очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Шералиев, туман ҳокимининг ўринбосари Икромжон Парпиев иштирок этишди. Нуронийлар яратилган шароитлар билан танишдилар ва хайрли ишлар бардавомлигини тиладилар.