Соҳибкорлик туфайли тўқ яшаётган “Узумзор”ликлар

Бу маҳалла қулупной ва шафтоли етиштириш, ток баргини четга экспорт қилиш бўйича танилган. Узумчиликдаги тажрибалари эса алоҳида эътирофга лойиқ.

“Узумзор”да 2164 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 548 гектар майдонга ток экилган бўлиб, йилига 3-3,5 минг тонна ҳосил олинади. Шундан 2 минг тоннаси бошқа давлатларга экспорт қилинади. Токзорлар янги ерлар ўзлаштирилиши ҳисобига кенгайиб, биргина жорий йилда 42 гектар майдонга кўпайди ва шунинг ҳисобига маҳалладаги атиги 21 нафар ишсизнинг ҳам бандлиги таъминланди.

Маҳалладошлар умумий ҳисобда узумнинг ўзидан бир мавсумда 8,5 миллиард сўм даромад оладилар, бу ҳар бир оилага 100-150 миллион сўмдан тўғри келади. 1 гектар токзори бор деҳқон баҳорда 5 минг донагача ўртача 15 миллион сўмлик барг сотади.

Шу кунларда токзорларда кишмиш навли узумни йиғиш ва сотиш авжи паллада. Маҳалла аҳли тонгни далада қаршилашади ва меҳнатлари ортидан тўқ ва фаровон яшашмоқда.

Тўрақўрғон туманида замонавий боғчалар сони яна иккита кўпаяди

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш энг устувор вазифалардан бирига айланган. Тўрақўрғон туманида 3-7 ёшли болаларнинг қарийб 88 фоизи муассасаларга қамраб олинган бўлиб, уларга муносиб шароитлар яратиб берилмоқда.

Шу билан бирга анча йиллар аввал қурилиб, бугун талабга жавоб бермай қолган боғчалар ҳам бор. Мавжуд 41 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 30 таси мукаммал ёки жорий таъмирдан чиқарилган.

Айни кунларда Ахси маҳалласидаги 35-мактабгача таълим муассасасида қиймати 3,6 миллиард сўмлик “Менинг боғчам” лойиҳаси, Хўжанд маҳалласидаги 34-боғчада эса инвестиция дастури доирасида лойиҳа қиймати 3,572 млрд. сўмлик мукаммал қайта қуриш ишлари давом этмоқда.

Туман ҳокими Шерали Қосимов икки муассасадаги қурилиш ишлари билан танишди. Лойиҳалар кўздан кечирилди. Бу масканлар болалар учун узоқ муддатга ва сифатли тарзда хизмат қилиши шартлиги, бунинг учун барча қурилиш талабларига риоя этилиши хусусида сўз борди.

Ҳоким ва ёшлар учрашувида

Маданият марказида ташкилланган учрашувга туман ҳокимига бириктирилган Узумзор, Файзиобод ва Соҳилобод маҳалласида яшовчи ёшлар таклиф этилдилар.

Уларнинг аксарияти ишсиз ва оталиққа олинган йигит-қизлар бўлгани учун аввал мамлакатимизда ёшларга яратилган шароитлар, эришилган натижалар ва олдиндаги марралар ҳақида мулоқот ўтказилди. Ҳеч бир ёш эътиборсиз қолмаслиги, билим ва касб-ҳунар эгаллашлари йўлидаги ҳар қандай муаммога ечим топилиши ҳақида сўз борди.

Учрашувда туман ҳокими Шерали Қосимов, туман прокурори Аҳмадхон Юсупов ҳамда ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Хусайновга тадбир иштирокчиларидан ишга жойлашиш, олий таълимга киришда кўмаклашиш, қўшимча ўқув курсларига бориш масалаларида мурожаатлар билдирилди ва уларга йўл-йўриқ, ҳуқуқий йўналиш кўрсатилди.

⚡️Ўзбекистонда эрта никоҳ учун жазо кучайтирилади

Президент эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Муродбек Маҳмудов маълум қилди. (https://t.me/uzbekistan24_tvnews/255268)

Ҳозирда Ўзбекистонда никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёки уйлантириш БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга берганлик ёки уйлантирганлик учун - БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Таълим соҳаси ходимлари Косонсойнинг хушманзара жойларида дам олдилар

Ёзнинг чилласида соя-салқин масканларда оилавий ёки жамоа билан ҳордиқ чиқаришга не етсин.

Давлатимиз раҳбари ички туризмни ривожлантириш учун шанба-якшанба кунлари ишчи-ходимларнинг саёҳатини ташкил этиш бўйича видеоселектор йиғилишида кўрсатма бергандилар. Бугун туман ММТБ жамоаси ҳамда умумтаълим мактаблари ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлари дам олиш кунларини Косонсойнинг хушманзара жойларида ўтказмоқдалар.

-Бу таклифни туман ҳокими Шерали Қосимов бердилар,-дейди бўлим мудири Музаффар Мирзаакбаров. – Ўқитувчилар август ойидан яна ишга тушадилар. Директорлар бошчилигида янги ўқув йилига ҳозирлик кўрилади. Уларнинг дам олиши ана шу жараёнларни сидқидил бажаришга ижобий таъсир ўтказади.

Дам олувчилар “Ҳилол” оромгоҳида турли спорт ўйинлари, куй-қўшиқлар билан машғул бўлдилар. Мароқли суҳбат, мазали таомлар эса кайфиятларини янада оширди.