Янгиликлар
Наманганда футбол бўйича DXX кубоги мусобақаси вилоят босқичининг финал баҳслари ўтказилди
Давлатобод туманида жойлашган “Навбаҳор” марказий ўйингоҳида футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати (DXX) кубогининг вилоят босқичи финал учрашувлари юқори савияда бўлиб ўтди.
Дастлаб, 3-ўрин учун баҳсда Уйчи туманининг "Тошлоқ" жамоаси Чуст туманининг "Машҳад" жамоасига қарши майдонга тушди.
Шундан сўнг финал баҳслари бошланди. Янгиқўрғон тумани — "Юқори Навкент" жамоаси Косонсой тумани — "Олмазор" жамоасига қарши майдонга тушди. Якунда ғалаба 3:1 ҳисобида “Юқори Навкент” жамоаси томонида бўлди.
Тадбир якунида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ғолиб ва совриндор жамоаларни табриклаб, уларнинг ютуқлари вилоятимиз спорт салоҳиятининг ифодаси эканлигини таъкидлади ҳамда жамоаларга республика босқичида ҳам муваффақият тилади.
Якуний натижаларга кўра:
Футбол бўйича:
🥇1-ўрин – Янгиқўрғон тумани, Юқори Навкент маҳалласи🥈2-ўрин – Косонсой тумани, Олмазор маҳалласи🥉3-ўрин – Уйчи тумани, Тошлоқ маҳалласи
Мини-футбол бўйича:
🥇1-ўрин – Тўрақўрғон тумани, Найманча маҳалласи🥈2-ўрин – Наманган тумани, Шўрқишлоқ маҳалласи🥉3-ўрин – Наманган шаҳри, Дамбоғ маҳалласи
Қизлар ўртасида:
🥇1-ўрин – Наманган тумани, Қўқон қишлоқ маҳалласи🥈2-ўрин – Чуст тумани, Машҳад маҳалласи🥉3-ўрин – Уйчи тумани, Янги ҳаёт маҳалласи
Ғолиблар ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медал, диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ибрат боғида аҳолига хуш кайфият улашилди
Ўтаётган ҳар бир кунимиз тинчлик ва фаровонликка шукроналик туйғулари билан мужассам.
Бугун Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги мажмуада аҳолининг оқшомги дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун туман ҳокимлиги томонидан “Музқаймоқ базми” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда маданият бўлимининг хушовоз санъаткорлари энг сара куй-қўшиқ ва рақсларини ҳавола этишди.
Йўл бўйидаги умидли лойиҳалар
Кўпчиликнинг хабари бор, Президент топшириғига кўра, Ангрен шаҳридан Тўрақўрғон туманигача бўлган 100 километрлик йўлда автомобиллар оқими серқатновлигини ҳисобга олган ҳолда унинг йил давомида жозибадорлигини оширишга киришилган.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил этилган. Махсус режа ишлаб чиқилиб, йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
- Мазкур режа бўйича Тўрақўрғоннинг «Шоҳидон нурли диёри» ММТП ҳудудидан 13 гектар ер майдони тоифаси ўзгартирилди. Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, логистика марказлари ташкил этиш, умумий овқатланиш шохобчалари қуриш учун ерлар аукцион савдосига чиқарилди, - дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Улуғбек Холматов.
Айни пайтда «Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ-Сассиқсой» йўлининг туман ҳудудидан ўтган 14 км. қисмининг ҳар икки томонида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, адирлар ўзлаштирилиб, янги боғлар барпо этилмоқда. Йўл четлари кенгайтириляпти.
Автотранспорт воситалари қатнови янада кўпайишини назарда тутган ҳолда янги АЁҚШ қуришга киришилган.
Аҳамиятлиси, шу ҳудуднинг 5 гектарида хориждан келтириладиган 80 минг дона зотдор товуқ илғор технологиялар асосида боқиладиган фабриканинг дастлабки 4 та блоги жорий йилда фойдаланишга топширилади ва 40 мингта товуқ парваришига киришилади.
Ахсикентда XI қазув объектида 2025 йил 6 июль кунги қазув жараёнида археологлар нодир хазинага дуч келишди
10 метрга 15 метрлик режали қазув тадқиқотлари давомида унинг қуйи қатламидан эрамизнинг I-II асрларига оид бўлган қизил ангобли кўзача бутун ҳолатда топилди. Бу идишда табобатга оид суюқликлар сақлангани айтилмоқда.
Симоб портловчи хусусиятга эга маҳсус модда бўлиб, бундан 1000 йил олдин Ахсикентда ундан саноат ва ҳарбий мақсадда фойдаланишган.
Шу периметрнинг юқори қатламларидан XI-XII асрга тегишли илмий фаолиятга оид нодир ашёлар - симоб кўзача, сиёҳдон, кимёвий моддаларни, геологик рудаларни ажратувчи устахона (лабаратория) қолдиқлари аниқланди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳаётида фойдаланган минг йиллик мурғоби, карвонда олиб юриладиган сув идиш - фляга, нозик дид билан ишланган, нақшинкор ўйинчоқлар, бешик сирли туваклари ва турли мис, бронза тангалар, металл буюмлар топилди.
Шу мавсумда 4 та йирик муҳандислик қурилмаси ва 4000 га яқин турли нодир артефактлар топилди.
#бугун_қабул
Ҳудудларда ташкилланаётган сайёр қабуллар аҳоли мурожаатлари билан жойида танишиш ва ҳал этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
"Соҳибкор" маҳалласи биносида бугун Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов фуқароларнинг уй-жой олиш, йўлларни асфалтлаш, кредит қарздорлигини бартараф этиш, никоҳни бекор қилиш, автосервис қуриш учун ер майдони ажратиш, тиббий ёрдам олиш, оилавий масалалардаги муаммо, таклифларини тинглади.
Кумидон маҳалласи аҳолиси ҳомийлик ва ҳашар йўли билан ички йўлларни асфалтлаштириш ва кўприкни янгилаш ташаббуси билан чиқишди. Туман ҳокими бу хайрли ишни қўллаб-қувватлади, имкон борича кўмак берилишини айтди.
Қолган мурожаатларни қонуний ҳал этиш учун масъулларга йўналтирилди.











