Тўрақўрғон тумани маданият марказида маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш, ота-оналар кенгаши фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни туман ҳокими Шерали Қосимов олиб борди. Мавзу юзасидан меҳнат фахрийси Абдулхай Турсунов, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Икромов,  "Адолат"  СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари,  Одам савдосига қарши курашиш комиссияси раиси Ёрқиной Ҳожиматоваларнинг мулоҳазалари тингланди.

Фикрларда акс этганидек, илмли инсон жамият гултожидир. Улар фақат яратиш, яшнатиш ниятлари билан банд бўладилар, ёмонликни кўзламайдилар. Бунинг учун болани ёшлигидан таълим-тарбияни пухта эгаллашини таъминлаш ота-она, қолаверса, маҳалланинг бурчидир. "Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойили ҳам шу мақсадда жорий қилинган.

Йиғилишда иштирок этган вилоят Нуронийлар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов Президентимизнинг 3.01.2025 йилдаги маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш, жиноятчилик ҳолатларига йўл бермаслик бўйича чора-тадбирлар мазмунидаги  Қарори ижроси ва бошқа масалаларда сўз олиб, маҳалла еттилиги, нуронийлар, таълим муассасалари ҳамкорлигини қатъий олиб бориш билангина кўзланган натижага эришиш мумкинлигини мисоллар орқали таъкидлади.

Иштирокчилар биргаликда ишлаб, юртимиздаги тинчлик-фаровонликни қадрлаб яшашга келишиб олишди.

Ёшлар масаласи ҳамиша долзарб

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида норасмий  секторда банд бўлган ва миграциядан қайтган ёшларни иш билан таъминлаш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, туман ҳокими Шерали Қосимов иштирокидаги йиғилишда масаланинг ўта муҳим моҳияти ҳақида сўз борди.  Яъни, юқоридаги тоифада бўлган 503 нафар ёшлар вилоят ва  туман миқёсидаги раҳбарларга бандлигини таъминлаш учун бириктирилди.

Дастлабки босқичда улар юзма-юз учрашувда ёшларнинг қизиқишини ўрганадилар ва ҳар бири бўйича индивидуал йўл хариталари ишлаб чиқадилар. Кейинги босқичда шунга асосан расмий ишларга жойлаштириш чоралари кўрилади.

Йиғилишда нафақат бандлик билан боғлиқ, балки барча ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши, улар ўртасида жиноятчилик содир этилмаслиги учун барча чораларни кўриш ҳам таъкидлаб ўтилди.

Исвахон жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айланади, Истиқлол ободонлаштирилади

Бугун Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов мазкур икки маҳалла еттилиги ва фаоллари билан учрашиб, ана шу мақсадлар бўйича фикрлашилди, қилинадиган ишлар маслаҳатлашилди.

Аввало, маҳалла биноси таъмирланиб, замонавий ҳолга келтирилади. "Сойбўйи" бозори тартибга солинади, йўлаклар текисланиб, равонлаштирилади. Видеокамералар қўйилиб, жиноятчилик содир этилишининг олди олинади.

Аҳолидан талаб эса кўча бўйлари ва хонадонларда тозалов ишларини амалга ошириш, оилаларда бирдамлик, аҳилликни таъминлаш сўралди.

Истиқлол маҳалласида эса янги кутубхона ташкил этилади, кўчалар  ободонлаштирилади.

Барча маҳаллаларда мустақиллик байрами олдидан шу каби ҳайрли ҳаракатлар олиб борилади.

Бош прокурор ўринбосари С.Самадов томонидан Тўрақўрғон туманида  қурилишга оид давлат дастурлари ижроси, бюджет харажатларини мақбуллаштириш ва инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши йўналишларидаги ишлар назорат қилинди.

Хусусан, 23-умумтаълим мактабида "Ташаббусли бюджет",  26-умумтаълим мактабида давлат дастури доирасида амалга оширилаётган  реконструкция ишлари  жойида кўрилди.

Ажратилган маблағни шаффофлик билан сарфлаш, шунингдек, масъулларга ишчи кучи ва махсус техникалар сонини кўпайтириб, қурилишни жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Бош прокурор ўринбосари, шунингдек,  "Наманган" эркин иқтисодиёт зонасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишди. Муаммолар учраган тақдирда уларни бартараф этиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирди.

Бордимкўл маҳалласида жойлашган 25-умумтаълим мактаби тумандаги энг намунали таълим муассасалардан биридир. Бунга жамоанинг аҳиллиги асосий сабаб, эришилаётган ютуқлар замирида таълим-тарбиянинг биргаликда олиб борилаётгани мужассам.

"Ташаббусли бюджет" лойиҳасининг биринчи мавсумида мактабда ёпиқ сунъий қопламали стадион қуриш таклифлари ғолиб бўлиб, 1 миллиард 490 миллион сўм маблағ қўлга киритилди ва айни кунларда қурилиш ишлари олиб бориляпти.

Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов мазкур қурилиш жараёнини кўздан кечириб,  ўйингоҳни янги ўқув йилига фойдаланишга топшириш, масканда нафақат ўқувчилар, балки маҳалла ёшлари ҳам спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш тавсияларини берди. Бу борада  волейбол, баскетбол майдонлари, кийиниш, ювиниш хоналари ҳам барпо этилиши янада кўпроқ имкониятларни яратади.