Янгиликлар
#Очиқ_мулоқот
Наманганда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Бугун “Нуроний” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими мажлислар залида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ва унинг жамиятдаги аҳамиятига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар иштирок этдилар.
“Юксалиш” ҳаракати Наманган вилояти бўлинмаси раҳбари Наргиза Муҳамадиева стратегиянинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари, келгуси ривожланишдаги ўрни ҳамда унинг оммавий ахборот воситаларида тўғри ва таъсирчан тарзда ёритилиши бўйича атрофлича маълумот берди.
Очиқ мулоқот давомида стратегиянинг асосий устувор йўналишлари, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий аҳамияти ва унинг медиа орқали кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида фикрлар алмашилди. Иштирокчилар стратегияни самарали ва мақсадли ёритиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Мулоқотда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини кенг жамоатчиликка етказишда медиа имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим экани ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Оилавий корхонада экспорт ҳажми ошади, бунинг учун янги лойиҳалар ишга тушади
Тошкент маҳалласида жойлашган “Шакар бодом” оилавий корхонаси 2018 йилда ташкил топган бўлиб, олҳўри, бодом, ўрик, хуллас данакли мевалар мағзини қайта ишлаш, саралаш ҳамда қадоқлаш билан шуғулланади. Бу ерда 15 нафар доимий, 35 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилади.
Корхонанинг салоҳияти йил сайин ошиб боряпти. Масалан, биргина ўтган июл ойининг ўзида 310 минг долларлик маҳсулот Европа давлатларига экспорт қилинди.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов йил охиригача экспорт ҳажмини 1 миллион долларга етказиш ниятида ҳаракат олиб бораётган тадбиркор билан учрашиб, янги лойиҳалар билан танишди. Ҳозирда янги станоклар келтирилган, мақсад иш ҳажмини ошириш. Шу билан биргаликда кооперация тузиб, маҳалладаги 50 та хонадон эгалари жалб қилинган. Улар уйларига етказиб берилган данакдан мағзини ажратиб, топширадилар. Шу тариқа оила даромадлари ошади, ҳам бандликлари таъминланади.
Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ҳал этиш мақсадида Тўрақўрғонда ҳам ҳар йили янги кўп қаватли уйлар қад ростламоқда.
“Шердор юрт бунёдкори” МЧЖ томонидан Хўжанд маҳалласи марказида лойиҳа қиймати 15 миллиард 127 миллион сўмдан ортиқ бўлган 5 қаватли, 68 хонадонли уй қурилишига киришилди.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов қурилиш майдонида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишди. Қурувчиларга белгиланган меъёрий талаблар бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳозирда пойдевор қуйиш жараёнларига киришилган. Ишчи кучи ва техникалар бир маромда фаолият кўрсатмоқда.
Режага кўра, жорий йилнинг 1 августида қурилиши бошланган хонадонлар келаси йилнинг шу даврида ўз эгаларига топширилади.
Оқтошдаги корхоналар маҳсулотлари ички бозорни тўлдирмоқда
Қурилиш материалларига талаб ортиб бораётган шу даврда ишлаб чиқарувчиларда ҳам масъулият ошмоқда. Тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш эса ишбилармонликка хос тамойил. “Наманган каръер” МЧЖ туманда узоқ йилдан бери фаолият олиб боради. Корхона йиллик 300 минг кв. ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, қум ва майдаланган тош маҳсулотларини талабгорларга етказиб беради. Ҳозирда бу ерда 28 нафар ишчилар меҳнат қилади.
Яна бир корхона “Оқтош темир бетон маҳсулотлари” МЧЖда эса 20 турдаги буюмлар тайёрланади. Йилига 45 миллиард сўмлик маҳсулотлар харидорларга етказилади.
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов икки корхонада бўлиб, фаолиятдаги янгиликлар билан танишди. Эндиликда бу ерда бозор талабидан келиб чиқиб, маҳсулотлар турини янада кўпайтириш ҳаракатлари олиб бориляпти. Бунинг натижасида яна 50 та ишчи ўрни яратилган ва миграциядан қайтган, камбағаллик реестридаги оилалар вакиллари, ишсиз ёшлар таклиф қилинмоқда.












