“Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи”Тўрақўрғонда шу мазмундаги устозлар форуми ўтказилди

Туман маданият марказида ташкилланган ушбу тадбирда соҳа фахрийлари, ўқитувчиликдек улуғ касбни ардоқлаб келаётган фаоллар, таълим-тарбия муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.

Форумда туман ҳокими Шерали Қосимов қатнашиб, таълим сифатини оширишга қаратиб келинаётган эътибор кўламини туманимиз мисолида изоҳлади. Жумладан, мактабгача таълим тизимидаги қамров кейинги тўққиз йилда 3,5 баробарга оширишга эришилди. Инвестиция дастури доирасида жами 26 та умумтаълим муассасаларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бугун том маънода юртимизда ўқитувчи халқ эътибори ва эъзозида, мактаб таълими давлат сиёсатининг бош мақсадига айлангани ҳам айни ҳақиқатдир.

Тадбирда, шунингдек, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исаков ҳам сўз олиб, янги ўқув йилидаги муҳим вазифаларга тўхталди.

Албатта, фидоийлик билан ишлаганларни тақдирлаш доимий анъана. Форумда ана шундай касбини эъзозлаб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига туман ҳокимлиги ҳамда ташкилотчиларнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Маҳалла учун янги замонавий бино қурилади, танланган ер ҳам маъқулланди

Тўрақўрғон туманида 64 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 62 таси ўз хизмат биноларига эга. Эндиликда Қашқаргузар ва Туркистон МФЙларда ҳам бу муаммо ҳал этилмоқда.

Туркистон маҳалласи масъуллари узоқ йиллардан бери кўп қаватли уйда жойлашган уч хонали мослаштирилган жойда фаолият олиб боришади. Айниқса, “еттилик” ташкил этилгандан кейин шароит етишмаслиги юзага келганди.

Ваниҳоят, уларга ҳам янги бино қуриш учун ер танланди. Бугун туман ҳокими Шерали Қосимов маҳалла вакиллари билан учрашиб, шу хусусда мулоқот ўтказди.

-Ҳали кўрасизлар, қурилиш бошланиши бошқа яхши ҳаракатларга туртки бўлади. Мана бу кўп қаватли уй-жой олд майдонига ноёб дарахтлар экамиз, йўлини асфальтлаймиз. Нарироқдаги жойда эса одамлар дам оладиган маскан қурилса, ҳам даромад, ҳам ободлик бўлади,- деди туман ҳокими атрофни кўздан кечириб.

Маҳалла биносига тез орада пойдевор қуйилади, бунинг учун лойиҳа ҳужжатлари ҳам тайёр.

Тўрақўрғон туманида ПҚ-1-сон Қарори ижроси ўрганилиб, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинди

Жорий йил 3-январдаги ПҚ-1-сон Қарор ижросини таъминлаш доирасида вилоятнинг барча туманларида жиноят содир этилган маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишлар ташкил этилди. Ушбу жараёнларда бошқарма раҳбарияти томонидан тизимли равишда ўрганишлар олиб борилиб, масъулларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, навбатдаги ўрганишлар бошқарма раҳбарияти ва туман ҳокими иштирокида Тўрақўрғон туманининг криминоген вазияти барқарорлашган “Тепа Найманча” “Олчин” ва “Бирлашган” маҳаллалари ҳамда “қизил” тоифада қолаётган “Исвахон” маҳалласида ўтказилди. Маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда бириктирилган масъул ходимларнинг иш фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, камчиликларга йўл қўйган масъуллар, шунингдек, “Олчин” маҳалласида содир этилган ўта оғир турдаги жиноят содир этилишига йўл қўйилганлиги кескин танқид қилинди.

Ўрганишлар давомида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Тўрақўрғон туманида бу йил 60 та умумтаълим мактаблари, 2 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида жами 45183 нафар йигит-қизлар ўқишга чиқадилар. Шундан 4893 нафари биринчи марта мактабга қабул қилинадилар.

Бугун 51-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича директорлар учун намунавий семинар ташкилланди.

Мазкур мактабда 603 нафар ўқувчилар учун 23 та синф хоналари, спорт зали тахт ҳолга келтирилган. Ташқи майдонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилган.

Семинар ишида туман ҳокими Шерали Қосимов иштирок этиб, аввало ҳар бир мактабда Мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили шукуҳи акс этиши, айниқса, биринчи марта ўқувчи бўлаётган болаларга бу кун ёдда қолиши учун пухта ҳозирлик кўрилиши тавсияларини берди.

Ҳар йилгидан яна бир эътиборли жиҳат, энди ўқувчилар дарсликлардан ижара асосида эмас, бепул фойдаланадилар. Бу давлатимизда болаларнинг пухта билим олиши учун қаратилган яна бир эътибордир.

Наманганда тўқимачилик саноати ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Тўрақўрғон туманидаги Наманган ЭИЗда жойлашган “Ифтиҳор кийим саноат” МЧЖ корхонаси мисолида Наманганда тўқимачилик соҳасида эскпорт имкониятларини ошириш ва заҳираларни ишга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишди.

17 гектар майдонни эгаллаган, лойиҳа қиймати қарийиб 200 миллион еврога тенг корхонада пахта хомашёсидан ип калава, тўқув, бўяш, тикув ва деним-нонденим маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда корхонанинг биринчи босқичида 600 киши ишламоқда. Комплекс тўла битгач 3000 кишининг бандлиги таъминланади.

Ишчи гуруҳи Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамроҳлигида бу ерда яратилган мавжуд имкониятлар ва келгуси режалар билан яқиндан танишдилар.