Янгиликлар
Табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Уни муҳофаза қилиш орқали нафақат ўзимизни, балки келажак авлодларнинг ҳам соғлом ва бахтли ҳаётини таъминлаймиз. Табиат бизнинг уйимиз ва ҳаётимиз манбаидир.Бироқ, айрим фуқаролар табиатга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлиши орқали унга зарар етказмоқда. Хусусан, фуқаро И.Ахмидов Тўрақўрғон туман Обод МФЙ ҳудудида “Хундай” экскаватори ёрдамида ноқонуний равишда кенг тарқалган норуда фойдали қазилмаларни ковлаб олаётганлиги аниқланган. Бу билан фуқаро И.Ахмидов Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4,15, 18-моддалари талабларини бузган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2022 йилдаги “Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан табиатга 292.620.237 сўм зарар етказган.Шу ўринда норуда фойдали қазилмалар нима деган савол туғилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2022 йилдаги “Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига илова “Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ни Низомнинг 2-бандига кўра, норуда материаллар — таркибида металл бўлмаган, очиқ ёки карьер усулида қазиб олинадиган табиий ҳолича, тозалаб ёки қайта ишлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун яроқли бўлган (қум, шағал, қум-шағал аралашмаси, мармар, гранит, гил ва гилли жинслар, табиий тош, оҳактош, гипс, мергель) норуда фойдали қазилмалар хом ашёси.Мазкур Низомнинг 25-26-моддаларига кўра, норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарар суд томонидан қўлланилади, ер қаъридан фойдаланувчилар айбига иқрор бўлган ва зарарни ихтиёрий равишда тўлаган ҳолатлар бундан мустасно.Фуқаро И.Ахмидов ихтиёрий равишда ўзи томонидан табиатга етказилган зарарни тўлашдан бош тортган.Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогар Наманган вилоят Табиат ресурслари бошқармасининг жавобгар Ахмидов Илғоржон Асқаралиевичга нисбатан табиатга етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.Жавобгар Ахмидов Илғоржон Асқаралиевичдан Наманган вилоят Табиат ресурслари бошқармасининг фойдасига 292.620.237 сўм табиатга етказилган зарар ҳамда давлат фойдасига 11704809,48 сўм давлат божи ундирилган.Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасига кўра, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.Шундай экан, ҳар бир фуқаро табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, она табиатни асраб-авайлаши, табиатга ноқонуний етказилган ҳар қандай зарар учун жавобгарлик белгиланганлигини билиши лозим.
Фуқаролик ишлари бўйичаЧуст туманлараро суди раиси И.Кўчкинова
#Хушхабар
Изланувчан педагогга Президент совғаси топширилди
Маълумки, куни кеча яқинлашиб келаётган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими ходимлари билан видеоселектор орқали юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Тўрақўрғон туманидаги 37-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Нодира Набиева ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этиб, Юртбошимиз эътиборига тушди.
Сабаби Н. Набиева НамДУда талабалик пайтидаёқ инглиз тили фанидан ўтказилган олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиби бўлди, Навоий номидаги стипендияни олишга эришди.
Бакалавр босқичини тугатгач, Наманган давлат чет тиллар институтига давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинди ва 50 га яқин илмий мақолалари 17 та давлатнинг Олий аттестация комиссиясидан ўтган халқаро журналларда чоп этилди. Нодира магистратурани ҳам имтиёзли тамомлади.
У тайёрлаган қўлланма Германияда электрон китоб ҳолида чоп этилди. Худди ана шу қўлланма Американинг Галлодет университети томонидан қўшимча ўқув қўлланма сифатида фойдаланиш учун 5 минг АҚШ долларига сотиб олинди.
Нодира 2025 йил арафасида вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтказилган «Энг маънавиятли ёш ўқитувчи» кўрик-танловида ғолиб бўлиб, 15 миллион сўм пул маблағи билан тақдирланган.
Айни пайтда иқтидорли муаллима 37-умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан дарс бериш билан бирга, онлайн ва анъанавий курслар ташкиллаб, 300 нафардан ортиқ ёшларга тил ўрганяпти.
Ёш бўлишига қарамасдан, улкан муваффақиятларга эришаётган ҳамюртимизнинг интилишлари тенгдошларига ўрнак сифатида эътироф этилди. Бугун у Президент совғаси - замонавий автомобиль билан тақдирланди. Нодира энди Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида педагог сифатида фаолият олиб боради.
Мактаб жамоаси ва маҳалла фаоллари иштирокидаги мукофотни топшириш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари Икромжон Парпиев қатнашди.
Маданият вазири ёш иқтидор эгалари билан учрашув ўтказди
Наманган вилоятида бугунги кунда 81 та маданият марказлари, 22 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 2 та ихтисослаштирилган санъат мактаби фаолият олиб бормоқда ва улар жаҳон, республика миқёсида ўтказилаётган нуфузли тадбирларда катта ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда.
Бугун Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номли мажмуада Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбеков ана шундай иқтидорли ёшлар билан учрашув ўтказди.
Мажмуа майдонларида меҳмонлар рассомчилик, ҳайкалтарошлик, бахшичилик, симфоник оркестр, рақс, чолғу асбоблари, опера, дорбозлик, тош кўтариш каби санъат ва ҳунармандлик йўналишида сабоқ олаётган, янги лойиҳалар устида иш олиб бораётган йигит-қизларнинг чиқишлари билан танишишди.
Учрашувда, шунингдек, ёшлар ўз таклифлари, мақсадлари ҳақида мулоҳазалар билдириб, маданият вазиридан етарли муносабат ва жавоблар олдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Акбарали Асқаров ҳамда туман ҳокими Шерали Қосимов иштирок этишди.
"Тўрақўрғон ободлиги"да терим авжида
Тумандаги мазкур фермер хўжалиги жорий йилда 30 гектар майдонда пахта етиштириб, биринчилар сафида ҳосил йиғимига киришиб кетишди. Ўтган тўрт кунда 40 тонна юқори сифатли хом ашё хирмонга тўкилди.
-Бекобод маҳалласида терим мавсумини орзиқиб кутадиган хотин-қизларимиз бор. Ҳар куни 100-120 нафар чевар теримчилар кўмагида ўн тоннадан ошириб пахта териб олиняпти,-дейди фермер Руҳиддин Ғаффоров.- Шаҳноза Алишерова, Насиба Мингбоева, Дилфуза Каримова, Хадича Аҳмедова сингари фаол ҳашарчи опа-сингилларимиз эса 150-160 килограммдан ошириб пахта теришяпти. Бу оилалари учун яхшигина даромаддир.
Фермернинг айтишича, иш суръати шундай давом эттирилса яна ўн кунга қолмай зафар маррасига етиб келишади.
Маълумот учун: бу йил туманда 3119 гектарда пахта ҳосили етиштирилди ва 14003 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси тайёрланади.
#бугун_қабул...
Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов бугун "Халқ қабулхонаси"да жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тинглади.
Қабул жараёнида фуқаролардан бир марталик моддий ёрдам олиш, мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш, хонадонига ошхона қуриб бериш, уй-жойни таъмирлаш, ер майдонини қайтариш, “Ташаббусли бюджет” натижаларини қайта кўриб чиқиш, солиқ қарздорлиги ва банк кредитини тўлашда ёрдам олиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр таянч ўрнатиш каби масалаларда кўмак сўралди.
Олдинда куз-қиш мавсуми борлиги инобатга олиниб, коммунал хизмат мазмунидаги мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мурожаатларга шу жойнинг ўзида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиб чиқиш учун масъулларга аниқ муддат билан йўналтирилди.










