#инсон_қадри

Эҳтиёжмандларга Ҳайит ҳадялари юборилди

Эртага бутун мусулмон олами муқаддас диний байрамлардан бири Қурбон ҳайтини нишонлайди. Бу айём меҳр-оқибат, инсонийлик фазилатларини улуғлаш, эҳтиёжмандларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ўтганларнинг руҳини обод этиш каби гўзал фазилатлар билан аҳамиятлидир.

Тўрақўрғон туманида шу муносабати билан камбағаллик реейстрида турган 200 нафар оилага озиқ-овқатлар жамланган ҳадялар тарқатилди. Маҳалла раислари ва "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ходимлари "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган совғаларни эгаларига топширадилар.

Ўтказилган тадбирда туман ҳокими Шерали Қосимов барчани Ҳайит байрами билан табриклаб, Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатнинг бош мақсади ҳам инсон қадри эканлиги, бундай саховат тадбирлари йил бўйи давом этишини таъкидлади.

Саиджоннинг орзуси ушалди

52-мактабда инклюзив таълим асосида билим олаётган 3-синф ўқувчиси Саиджон Шукруллаевни Тўрақўрғон аҳли яхши танийди. Сабаби ногиронлиги бўлишига қарамасдан, ўз устида ишлашдан ҳечам эринмайдиган бу болакай бармоқларсиз ҳам гўзал расмлар чизиб, тенгдошлари эътиборига тушган.

Ҳайит байрами арафасида у яна бир муваффақиятга эришиб, туман ҳокими Шерали Қосимовнинг қўлидан совға олди. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Наманган вилояти бўлими ҳамда ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан ногиронлиги бор ёшлар ўртасида ўтказилган «Мафтункор ранглар жилоси» танловида  муносиб иштирок этганлиги учун туман раҳбари изланувчан ўқувчи яшаётган хонадонга ташриф буюрди.

Дукат маҳалласида истиқомат қилувчи намунали оиланинг турмуш шароитлари билан танишилди. Ҳовлининг шинам ва саришталиги, хонадон аъзоларининг томорқадан унумли фойдаланишлари ҳокимга ҳам манзур бўлди. Саиджонга эса ўзи орзу қилганидек замонавий велосипед ҳадя этилди.

Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

Навбатдаги сессияни туман ҳокими, Халқ депутатлари туман кенгаши раиси Шерали Қосимов бошқарди.

Кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддаси ва бошқа тегишли ҳужжатларга асосан туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил 1-чорак даромадлар режасини ортиғи билан бажарилган қисми ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ. Соходуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги "Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молиявий органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5283-сонли Фармони ижросига мувофиқ, туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил 1-чораги ижроси ҳақида туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари Ў. Юнусовнинг ахборотлари тингланди.

Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими мудири ўринбосари Ҳ. Йўлдошев ҳамда тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ш. Юсуповлар ҳам ҳисобот беришди.

Сессияда депутатларнинг фаол иштироки кузатилди, масалалар тасдиқланди ва қарорлар қабул қилинди.

Давлат дастури доирасида аҳоли муаммолари ижобий ечим топмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-330-сон қарорига кўра, Тўрақўрғон туманида оғир тоифадаги 6 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли томорқаларини суғориш суви билан таъминлаш мақсадида жами 8 млрд. 850 млн. сўм, инфратузилмани яхшилаш учун эса 16 млрд. 569 млн. сўм маблағ ажратилган.

Жумладан, Оқтош маҳалласида 3,8 километр суғориш тармоғи реконструкция қилинди, 2100 метр ариқ бетонлаштирилди. Натижада 410 та хонадоннинг 19,4 гектар томорқа ерига оби-ҳаёт исроф бўлмай етиб боряпти.

Шу кунларда эса 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига маҳалланинг учта кўчасида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 6 километр янги тармоқ тортилиб, 2 та 250 кВали янги трансформатор ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. 280 та муддатини ўтаган симёғочлар ўрнини бетон таянчлар эгаллади.

-Навбат йўлларни асфальтлаштиришга. Яқин кунларда унга ҳам киришилади,-дейди маҳалла раиси Абдулбори Жамолов.

«Ахсикентда сўнгги икки ярим йил ичида олиб борилган кўлами катта қурилиш бугун бўй кўрсатмоқда. Бу жараёнда археологлар қурувчи-меъморлар билан елкама-елка ишлашди. Энди олим-қадимшунослар учун янада катта масъулият - 3000 йиллик мудофаа деворлари сирини очишлари керак», - Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Ахсикент археология паркидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Умумий майдони 200 гектарни ташкил этувчи археологик ёдгорлик Марказий Осиёнинг нодир қадамжосига айланиб улгурди.

64-Халқаро гуллар байрамида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган Очиқ осмон, Экспонатлар музейи, Ахсикент қалъаси ва кириш дарвозаси қурилиши бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

- Қалъа девори ва миноралар учун минг йиллик ғиштни ишлатилаётгани жуда яхши. Бу сайёҳларга тарихий муҳитни тақдим этади, - деди Шавкатжон Абдураззоқов.

Вилоят ҳокими чап соҳилдаги инфратузилма объектларини Ахсикент билан боғлаш, Сирдарёнинг чап қирғоғида 22 гектар майдонни Ахсикент дирекцияси тасарруфига ўтказиш лозимлигини таъкидлади.