Тўрақўрғон туманидаги спорт мактабида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг 2-минтақавий босқичи бошланди. Унда Поп, Чуст, Мингбулоқ ҳамда Тўрақўрғон туманлари вакиллари иштирок этмоқдалар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда. Туманларда, таълим ва меҳнат жамоаларида турли мусобақалар ўтказилмоқда. Энди бу кўрсаткични 15 миллионга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун “Маҳалла лигаси”, “Мактаб лигаси”, “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги” ва “Касаба уюшмалари кубоги” каби мусобақалар ташкил этилади.

Маълумот учун: йилига икки марта “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади.

Ҳоким ва ёшлар учрашуви: очиқ мулоқот, эркин фикрлашув

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши ёндошуви ёшлар ҳаётида ҳам аксини кўрсатмоқда. Бугун раҳбарларнинг эшиги ҳамма учун очиқ, сайёр қабуллар ва учрашувларда билдирилган мурожаатлар назоратда.

Тўрақўрғон Агротехнологиялар техникумида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида тингланган фикрлар ҳам шунга мисол. Мулоқот давомида йигит-қизлар яратилган шароитлар, берилган имкониятлар учун миннатдор эканликларини билдириб, келажак режалари билан ўртоқлашдилар. Туман ҳокими Шерали Қосимовга турли масалаларда мурожаатларини айтдилар ва етарли жавоб олдилар.

Тадбир давомида ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллиги, тенгдошларига ҳар жиҳатда кўрсатган намунаси учун бир гуруҳ ёшларга Ташаккурнома, китоблар ва совғалар тақдим этилди.

#тайинлов

Юнусов Ўлмасбек Юсуфжон ўғли Тўрақўрғон тумани Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Ўлмасбек Юнусов 1985 йилда Наманган шаҳрида туғилган, Наманган давлат университетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-Молия академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодиёт, давлат молиясини бошқариш.

Меҳнат фаолияти давомида Наманган вилояти бўйича ғазначилик бошқармасида сектор бошлиғи ўринбосари, бўлим бош мутахассиси, Наманган тумани ғазначилик бўлинмаси бошлиғи ўринбосари, Наманган шаҳар ғазначилик бўлинмаси бошлиғи, Янгиқўрғон, Давлатобод туманларида молия бўлими мудири каби вазифаларда, янги тайинловга қадар эса вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъбаси бош мутахассиси бўлиб ишлаган.

Мазкур тайинлов вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилди.

#семинар

Серҳосил ва эртапишар ғалла навлари Наманганда яратилмоқда

Дунёда иқлим ўзгариши туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш зарурати юзага келди. Бугунги кунда мева-сабзавотдан тортиб чорвачилик, пахта-ғалла ҳосили етиштиришда қулай ҳамда замонавий услуб ва технологияларга мурожаат этилаётгани бежиз эмас.

Жумладан, юртимизда дон мустақиллигига эришилгач, Президент Ш. Мирзиёев томонидан масъулларга иқлимга мос хорижий навларни олиб кириш вазифаси қўйилди. Чунки, уруғчиликни янгилаш ва ривожлантириш орқалигини юқори ҳосилга пухта замин яратилади.

Тўрақўрғон туманида “Дон, мойли ва озуқа экинлари ҳамда 2025 йил ҳосили учун уруғлик ғалла майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш” бўйича ташкилланган кўргазмали семинар ҳам шу мавзуга бағишланди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

Ўзбекистонда илк бор Наманган вилояти танлаб олиниб, Тўрақўрғон туманидаги “Зумрад, Ибрат” фермер хўжалигининг 5 гектар майдонида “Мотиватор плюс” МЧЖ томонидан Россия давлати тажрибаси асосида янги усул – битта майдонда ғалланинг уруғчилик учун 47 турдаги нави синов тариқасида экилганди. Ўта серҳосил, эртапишар, сувсизлик, касалликлар ҳамда совуқ ҳавога чидамли бу чатишган навлар пишиб етилиш арафасида. Улардан камида 90-100 центнердан ҳосил олиш мумкинлиги илмий исботланган.

Семинарда Россиянинг “Семена Ставрополья” компанияси раҳбари Григорий Донцов, Инновация технологияларни жорий қилиш маркази илмий раҳбари Амир Амонов, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси раҳбари ўринбосари Алижон Жўраевларнинг тавсиялари тингланди.

Вилоят ташкилотлари вакиллари, барча туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, фермерлар қатнашган кўргазмали семинарда бир сўз билан, ғалла етиштиришда жуда кенг имкониятлар юзага келгани амалда кўрсатиб берилди.

Тўрақўрғонлик зиёратчилар муборак Ҳаж сафарига кузатилдилар

Бу йилги мавсумда тумандан жами 100 нафар фуқаролар муқаддас Каъбатуллоҳни зиёрат қилишдек улуғ бахтга эришадилар. Улар бугун “Ҳумо” мажмуасида эҳтиром билан кузатиб қўйилди.

Маросимда туман ҳокими Шерали Қосимов, ҳуқуқ органлари раҳбарлари иштирок этишди. Бир пиёла чой устида зиёратчиларга оқ йўл тиланди.

-Умрим бўйи деҳқончилик билан бандман. Президентимиз яратиб берган шароитлар туфайли қишлоқ хўжалигидаги муваффақиятлардан баҳраманд бўлиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айландик. Ҳар йили пилла, ғалла, пахтадан юқори ҳосил олиб келяпмиз. Мана, муборак Ҳаж зиёратига бориш насиб этиб турибди. Буни ҳалол меҳнатимга мукофот деб биламан,-дейди уста пахтакорлардан бири Санобар Раҳмонова.

Зиёратчилар сафида жамият ривожига ҳисса қўшган тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, яна кўплаб касб эгалари бор.

Улар бугуннинг ўзидаёқ замонавий самолётларда манзилга жўнаб кетадилар.