Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сонли қарори ижроси бўйича Тўрақўрғон туманида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Тўрақўрғон тумани «Исвахон» маҳалласида ҲМҚО ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилаётган тадбирда хонадонбай иш ташкил этилди.

Унда умумий овқатланиш ва савдо нуқталарига замонавий видеокузатув камералари ҳамда кўп қаватли уйларнинг йўлакларига замонавий қулф ўрнатиш ишлари олиб борилди.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ўғрилик жиноятини олдини олиш юзасидан жойларда тарғибот тадбири ўтказилиб, ҳамкорликда ишлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Миллий гвардия ходимлари томонидан криминоген вазияти оғир маҳаллаларда савдо шаҳобчалари ҳамда хонадонларни туман қўриқлаш бўлими томонидан қўриқловга олиш бўйича тарғибот қилиш масаласига барча кўмаклашиши кераклигини таъкидлаб ўтилди.

Ҳар ҳафтада ўтказилаётган сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви Тўрақўрғон тумани ихтисослаштирилган мактабида мигрантлар иштирокида онлайн тарзда ташкилланди.

Раҳбарларга хорижда кам даромад топаётган ёшларимизни мамлакатимизга қайтариш чораларини кўриш топширилган. Биргина Тўрақўрғон туманида қурилиш, саноат, тадбиркорлик йўналишларида 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари бор. Куни кеча Президентимиз раҳбарликларида бўлиб ўтган селектор йиғилишида ҳам ёшлар бандлиги муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Мулоқотда сектор раҳбарлари турли давлатларда ишлаётган мигрантлар билан суҳбатлашишди. Уларнинг иш шароитлари, маош миқдори, шу билан бирга муаммолари ҳақида суриштирилди. Юртга қайтиш ниятидаги ёшлар туманимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларни ёшлар етакчилари, оила аъзолари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боришаётгани ва бундан руҳланишаётганини билдиришди.

Мулоқотда мигрантларнинг ота-оналари ҳам қатнашиб, айрим масалаларда кўмак сўрашди ва улар назоратга олинди. Учрашувдан сўнг сектор раҳбарлари мазкур муассасанинг битирувчи синф ўқувчилари билан келажак орзулари ҳақида суҳбатлашишди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Тўрақўрғон туманида "Обод маҳалла-обод кўча-обод хонадон" мезонлари асосида "Шовон" маҳалласида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Бу ерда ишлар қизғин паллага кирган. Ҳозиргача аҳоли ичимлик суви билан тўла таъминланди. 2 та қуввати 250 кВА бўлган янги трансформатор ўрнатилди, 6,3 км янги ҳаво тармоғи тортилди, 180 дона янги темир бетон таянчлар ўрнатилди.

Томорқаларни суғориш учун 2 дона насос агрегатларини ўрнатиш, 1 дона тик суғориш қудуғини қуриш, 7,6 км узунликда босимли қувур тармоғини тортиш ва 5,9 км узунликда ариқларни бетонлаштириш ишлари бажарилади. Шунингдек, 60 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади, 10 км. ички йўллар шағаллаштирилади, 0,3 км. асфальтланади, 11,7 км. лоток, ариқ-зовурлар тозаланади, 11,6 км. пиёдалар ва велосипед йўлаги қурилади, 5,8 км автомобил йўллари асфальтлаштирилади.

Вилоят ҳокими маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлиб, бошқа таклифларни ҳам тинглади. Шунингдек, маҳалланинг асосий драйвери-қўйчиликни ривожлантириш тажрибалари билан ҳам танишилди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Гулқишлоқда хайрли ишлар авжи паллада

Бугун Сирдарё яқинига жойлашган маҳалла ҳудудида қурилиш, бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.

29-умумтаълим мактаби учун бундан қарийб 40 йил аввал ва ундан кейин қурилган бинолар ҳаммаси бўлиб 626 ўринга мўлжалланган бўлиб, эндиликда 1360 нафар ўқувчига билим бериш учун ҳатто икки навбатда ҳам хоналар етишмасди.

Инвестиция дастурига кўра, 5 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши туфайли жорий йилда 420 ўринли қўшимча бино қурилиши ва барча ўқув хоналари замонавий ҳолга келтирилиши билан бу муаммо бартараф этилмоқда.

Туман ҳокими Шерали Қосимов бошчилигида мактабнинг қурилиш ишлари назорат қилинди. Лойиҳани тез ва сифатли бажариш тавсиялари берилди.

Шунингдек, ҳудудда олиб борилаётган йўл қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Меҳнат ярмаркасида асосий эътибор ёшлар бандлигига қаратилди

Кеча Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти ўтказилиб, унда ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга янада кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.

Ана шу вазифалар ижроси доирасида Тўрақўрғон маданият марказида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда 300 нафардан ортиқ аҳоли вакиллари қатнашиб, 55 кишига “Ифтихор кийим саноат”, “Рунамтекс”, “Дилрабо СДА” корхоналарига ишга, касб-ҳунарга ўқитиш марказига эса 17 кишига йўлланма берилди. Туман ИИБ Пробация гуруҳи рўйхатидаги икки нафар шахслар ҳам ишга жойланди.

Сектор раҳбарлари иштирокидаги тадбирда туман ҳокими Шерали Қосимов яратилаётган янги иш ўринлари, шароитлар ҳақида гапириб, меҳнат бор жойда барака, оилаларда фаровонлик ва аҳиллик ҳукм суришини таъкидлади.

Бундай ярмаркалар барча ҳудудларда давом этади.