Миллий либос – ўзлигимизга мос

Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш мисоли. Шунинг учун ҳам асрлар оша сайқалланиб келаётган миллий урф-одатларимиз фарзандларимизга қанчалик сингдириб борилса, уларнинг қалбларидан шунчалик мустаҳкам жой олади.

Булардан бири миллий кийимлардир. Бугун барча жойларда ўзбекона кўринишдаги йигитлару қизлар кўпайиб бораётгани ҳам тарғибот ишлари самара бераётганидан дарак.

Тўрақўрғон туманидаги 45-умумтаълим мактабида 18 та синфда 410 нафар болалар 40 нафар муаллимлардан таълим-тарбия олишмоқда. Ҳозирда ўқитувчилар ҳамда 8 “А” ва 2-“А” синф ўқувчилари тўлиқ миллий кийимда мактабга келишмоқда.

-Уларнинг руҳиятида ҳам ижобий ўзгаришлар бор, аълочилар сафи ошмоқда, китобхонлар кўпайяпти,-дейди директор Исомиддин Қосимов.

Педагогик жамоа яқин кунлар ичида барча синф ўқувчиларини миллий кўринишга олиб чиқиш учун ота-оналар билан ҳамкорликда иш олиб боришяпти.

#семинар

Пахта экин майдонлари қисқариб бораётган бир пайтда юқори ҳосилдорликни таъминловчи, ҳашаротларга чидамли янги навларни танлаб экиш ва уларни оммалаштириш мақсадга мувофиқ.

Тўрақўрғондаги “Комилов Турсунбой” фермер хўжалигида 2025 йил пахта ҳосили учун Хитой (Шинжон) технологияси усулида 76х10 схемада хорижий чигит навлари экишга техника ва механизмларни мослаштириш, экиш агротехнологиясида бир йўла томчилатиб суғоришни жорий этиб, плёнка остига экиш ишларини фермер ва кластерларга тушунтириш бўйича семинар ўтказилди. Унда Косонсой ва мазкур туман вакиллари иштирок этишди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ўтган йили Тўрақўрғонда 12 та фермер хўжалигида хорижий нав экилган бўлса, бу йил улар сони 15 тага етказилади ва 750 гектар майдонга экилади. 35 та фермер эса Хитой технологияси асосида томчилатиб суғоришдан фойдаланмоқда.

Семинарда туман ҳокими Шерали Қосимов, Ғўза уруғчилиги селекцияси Наманган тажриба станцияси раҳбари Ҳабибулло Ҳожиматов, тажрибали фермер Баҳодир Тожибоевлар янги навнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

#саховат

Тўрақўрғонда эҳтиёжманд оилаларнинг 20 нафар фарзандларига ҳатна тўйи ўтказиб берилди

Муҳтарам Президентимизнинг камхарж, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга доимий равишда кўмак кўрсатиш борасидаги ташаббуслари жойларда умуммиллий ҳаракатга айланган.

Бугун тумандаги "Денгиз тулпори" от спорти мажмуасида саҳоватпеша ҳомийлар кўмаги билан маҳаллаларда яшовчи болажонларнинг ҳатна тўйи ўтказилди.

Туман ҳокими Шерали Қосимов тўйболаларга униб-ўсиб, шундай ғамҳўр ва беқиёс Ватанни ардоқлайдиган фарзандлар бўлиб етишишларини билдирди. Уларга тўёналар совға қилинди. Нуронийлар эса юртга тинчлик-омонлик, тўкинлик, фаровонлик тилаб, дуода бўлдилар.

Шу куни майдонда қўшни республикалар ва вилоятлардан келган чавандозлар иштирокида улоқ мусобақаси ҳам ўтказилди. Энг моҳирлар совринларга эришдилар.

Туманда саховат тадбирлари давом этади.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Наманган вилояти прокурори У.Мадрахимов бошчилигида аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш ва улардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Наманган ҳамда Тўрақўрғон туманларидаги хонадонлар ўрганилмоқда. Масъул идора раҳбарлари иштирокида оилаларнинг яшаш шароитлари билан танишиб суҳбатлашилди.

Шунингдек, Президентнинг 03.01.2025 йилдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарори ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоят прокурори Тўрақўрғон туманидаги “қизил” тоифадаги “Янгиобод" маҳалласида бўлиб, Қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Ижтимоий профилактикани амалга ошириш, ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларни олдини олишда маҳалла еттилигининг вазифалари ва амалиётдаги муаммолар муҳокама қилинди, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Узумзор - хавфсиз маҳалла мақомини олади, бунинг учун ҳамкорликда иш ташкил этилади

Маълумки, 3 январ куни Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.

Тўрақўрғон туманида 8 та маҳалла жиноятчилик ошгани учун  "қизил" ҳудудга киритилган.

"Узумзор" маҳалласида ўтган йили учта жиноят содир этилган. Туман ҳокими Шерали Қосимов мазкур бириктирилган маҳалла аҳолиси вакиллари билан учрашиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқа масалаларда мулоқот ўтказди.

Аввало ҳар ким "ўзингни, ўз уйингни асра" тамойили бўйича яшаши лозим. Шу маънода Миллий гвардия қўриқлаш бўлими бошлиғи Улуғбек Каримов йиғилганларга тушунтиришлар берди.

"Узумзор"ни хавфсиз ва обод маҳаллага айлантириш мақсадида туман ҳокими раҳбарлигида алоҳида дастур қилинади ва амалий ишларга киришилади.