Янгиликлар
#қишлоқ_хўжалиги
Ҳаво ҳароратининг мўътадил бўлиб тургани дала ишларини қизғин давом эттиришга яхши имкон яратяпти. Пахта майдонларини экишга тайёрлаш, ғалла парваришига эътибор кучайтириш асосий масала. Ариқ-зовурларни тозалаб, бетонлаштириш эса сув исрофгарчилигининг олдини олиш билан бирга фермер хўжаликлари иқтисодига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Бугун Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов бир қатор хўжаликларда ана шу жараёнларнинг бориши билан танишди. Дала майдонлари четидаги бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш тадориги кўрилмоқда. Дарахтларга шакл бериб, оқланиши эса асосий талаблардан бири. Шунингдек, томчилатиб суғоришнинг афзалликларини тушуниб етган фермерлар шу усулни жорий этиш ҳаракатига тушган.
Бу ишларнинг амалга оширилиши дала маданияти демакдир. Саранжом-саришталик, ерга меҳр бериш ҳосилга барака бахш этади.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ КУБОГИ УЧУН 1- БОСҚИЧ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган “Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2025 йил календарь режаси”га асосан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан 24-25 январ кунлари “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган шаҳар ўқув спорт техника клубига қарашли ўқ отиш мажмуасида Ёзги олимпиада ўйинлари дастурига киритилган “Пневматик қуролдан ўқ отиш” бўйича Наманган вилояти ҳокими Кубоги учун вилоят Биринчилиги 1-босқич мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада, шаҳар ва туманлар жамоаларидан жаъми 103 нафар спортчилар иштирок этдилар. 1-босқич мусобақа натижаларига кўра фаҳрли 1- ўринни вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази жамоаси, 2-ўринни Наманган шаҳар ЎСТК жамоаси ва 3-ўринни Тўрақўрғон туман ЎСТК жамоалари эгалладилар.
Якунда ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
#хушхабар
Халқаро танловда тўрақўрғонликлар ғолиб
Жорий йилнинг 4-6-январь кунлари қўшни Туркия давлатининг Magic felt ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилган "Зимние мелодии" (“Қиш оҳанглари”) номли онлайн халқаро танловида Тўрақўрғон тумани маданият бўлими қошидаги “Дилшод” ашула ва рақс халқ ансамбли жамоаси 2 та йўналиш бўйича иштирок этдилар.
Танлов натижаларига кўра чолғу ижрочилиги йўналишида ансамбл созандалари фахрли биринчи ўринни, вокал йўналишида эса Заршунос Жумабоева ҳам биринчи ўринни қўлга киритдилар.
Совриндорларни маданият бўлими бошлиғи Р. Якуббаев ҳамда маданият маркази ходимлари самимий табриклаб, ансамблнинг келажакдаги ижодий ишларига улкан зафарлар тилашди.
Мамлакатимиз Президентининг “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармони билан пахта етиштиришда янги тартиб жорий қилинмоқда. Бу энг биринчи навбатда фермерлар учун бир қатор имконият ва имтиёзлар беради. Жойларда фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан семинарлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбир Тўрақўрғон туманида Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Поп, Чуст туманлари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Жорий йилда Наманган вилоятидаги 1865 та пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан 2025 йил ҳосили учун 48898 гектар майдонга чигит қадалади. Шундан 24410 гектари Хитой технологияси асосида экилади. Юқоридаги Фармон билан соҳани молиялаштиришнинг бутунлай янги механизмлари белгилаб берилди. Масалан, эндиликда фермерлар ўзлари ҳоҳлаган кластерлар билан шартномалар тузадилар.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари А. Ҳакимов, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Н. Худойбердиев, Республика қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари мавзу бўйича қўшимча тушунтиришлар беришди.
Тўрақўрғон марказида яна бир айланма йўл барпо этилмоқда
4 Р 120 А давлат аҳамиятидаги йўл туманнинг энг гавжум йўналишларидан бири. Транспорт ҳаракатини тартибга солиш, тирбандликни камайтириш, транспорт билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда пиёдаларга хавфсиз ҳаракат шароитини яратиш мақсадида бу ерда яна бир айланма йўл барпо этишга киришилди.
Туман ҳокими Шерали Қосимов масъуллар билан ана шу лойиҳани кўриб чиқишди. Унда бу айланма йўлнинг қурилиши туман марказининг меъморий кўринишига ҳам ижобий таъсир этиши кераклиги, лойиҳани тез ва сифатли амалга ошириш бўйича маслаҳатлашиб олинди.











