Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот ва киберхавфсизлик бўйича ҳудудлар ичида 2024 йил якуни билан биринчи ўринни эгаллади

Киберхавфсизлик маркази томонидан барча давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот ва киберхавфсизлик ҳолати мониторинги йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги ишлар баҳоланади.

2024 йил якуний рейтингида Наманган вилояти ҳокимлиги 90,2 фоиз кўрсаткич билан республика ҳудудлари ҳокимият органлари ўртасида 1-ўринни эгаллади.

#бугун_қабул

Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимовнинг навбатдаги оммавий қабули Яккатом маҳалла фуқаролар йиғини биносида, Президентнинг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Бекмурод Исақов иштирокида ўтказилди.

Инсон ҳаётда яшар экан, турли муаммоларга дуч келиши табиий ҳол. Шу боис қабулда эшитилган мурожаатларга ўша жойнинг ўзидаёқ масъуллар билан ечим топишга ҳаракат қилинди.

Жумладан, Гулқишлоқ маҳалласидан келган Гулбаҳор Турдиалиева электр тармоғи тортиш, Ҳ. Олимжон маҳалласидан Мадина Иномова уй-жой таъмирлаш, шовонлик Муҳаммадали Абдулазизов тадбиркорлик учун жой сўраб, қодирободлик Абдулҳамид Азизов турмуш ўртоғини даволатиш, Обод маҳалласидан бир гуруҳ аҳоли вакиллари қабристонга берилган ерни расмийлаштириш каби жами 30 га яқин фуқаролар масалалари ўрганиб чиқиш ва ҳал этиш учун аниқ муддат белгиланиб, назоратга олинди.

Жиноятчиликни камайтириш, унинг олдини олиш асосий вазифамиз

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида 2024 йилда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, йўл қўйилган камчиликлар ва жорий йилда амалга ошириладиган муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла” тамойиллари бўйича олиб борилган ишлар ва натижалар, аҳоли ўртасида ташкилланган тарғибот тадбирлари таҳлил қилинди. Масъуллардан жиноятчиликни камайтириш бўйича фаолиятни янада фаоллаштириш масъулияти талаб этилди. Шунингдек, 2025 йилда барча турдаги жиноятчилик ҳолатларига қарши курашиш учун қатъиятлик билан ишлаш вазифалари қўйилди.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Эргашев, туман ҳокими Шерали Қосимов, туман ИИБ бошлиғи Улуғбек Муродуллаевлар хизматда алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ ИИБ ходимларига Ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширдилар.

Қишда ҳам сархил маҳсулотлар етиштирилмоқда

Тўрақўрғон туманида 2024 йилда жами 123 миллион долларлик экспорт ишлари амалга оширилди. Шундан 107 миллион долларлик саноатдаги улуш бўлса, қолгани мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларига тўғри келади. Бу маҳсулотлар Россия, БАА, Хитой ва Европа давлатларига жўнатилди.Туманда қарийб 200 гектар иссиқхоналар мавжуд ва улар орқали қишда ҳам эл дастурхонига сархил сабзавотлар етказиб берилмоқда.

“Кўклам замини” МЧЖнинг жами 23 гектарли иссиқхоналари Бахт массивидаги тошлоқ ерларда жойлашган. Бугун иссиқхоналарда худди ёзнинг манзараси. Ўтган 2024 йилда 450 минг долларлик маҳсулот экспортга, 7 миллиард сўмлик ички бозорга йўналтирилди. Ҳар гектаридан 40-50 тоннагача сабзавот етиштиришга эришиляпти ва 250 та доимий, 500 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда.

Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов ҳамда туман прокурори Аҳмадхон Юсупов тадбиркор томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар салмоғини жойида ўрганиб, кунлик экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича келишиб олинди.

Дала маданияти - фермер хўжаликларининг асосий фаолият мезони бўлиши шарт

Қишлоқ хўжалиги шундай соҳаки, йилнинг тўрт фаслида ҳам ишлашни тақозо этади. Масалан, айни кунларда далаларда ғалла парваришини олиб бориш, ариқларни тозалаш ва бетонлаш, дарахтларга шакл бериш, оқлаш, майдонлар четини Президент қарорига мувофиқ турли мевали кўчатлар экишга тайёрлаш каби муҳим агротехник тадбирлар долзарблик касб этмоқда.

Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов ИИБ бошлиғи Улуғбек Муродиллаев ҳамроҳлигида бир қатор фермер хўжаликларида ана шу жараёнларнинг боришини ўргандилар. "Комилжон ота ЭОК", "Турсунбой Комилов", "Бекзод, Азиз, Икром", "Дониёрбек, Сардорбек", "Раҳимберди ҳожи", "Фозилбек Абдулҳодиев" каби хўжаликларда бошланган ишларни давом эттириш, камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Дала маданиятига амал қилиш фермернинг асосий фаолият мезонидир. Бу тартиб нафақат ердан самарали фойдаланиш, балки юқори даромад, саришталик ва интизом манбаидир.