Янги йил кечаси Тўрақўрғон тумани туғруқ бўлимида тўртта чақалоқ дунёга келди

Бундай хабарлар ёқимлилиги билан эътиборни тортади. Дарҳақиқат, янги йил кечасида туғруқ бўлимида тўртта чақалоқ туғилиб, оилаларига қўшалоқ қувонч келтирди. Уларнинг оналари Ҳилола Валижонова (ўғил), Сўғдиёна Асқаралиева (қизалоқ), Асила Турғунбоева (қизалоқ), Шаҳноза Исмоилова (қизалоқ)ларга Янги йил байрами муносабати билан телевизор, болалар аравачаси, тебранма беланчак совғалари топширилди.

ЯНГИ ЙИЛДА МАҚСАД КАТТА, МАРРА БАЛАНД ОЛИНГАН

Янги кириб келган 2025 йилда ҳам Наманган вилоятида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Хусусан, қурилиш соҳасида Пунгон-Наманган йўналишининг 0-75 км. қисми, яъни Попдаги патир бозоридан “Янги Наманган шаҳарчаси”гача бўлган асосий магистрал йўл 4 тасмали цементобетон қопламаси билан реконструкция қилинади.

Шунингдек, “Наманган халқаро аэропорти” давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади.

Бундан ташқари, 2025 йилда Инвестиция дастури доирасида:744,7 млрд. сўмлик 64 та объект, жумладан 37 та (21 та мактаб, 8 та мактабгача таълим, 8 та соғлиқни сақлаш) ижтимоий соҳа, 8 та қирғоқ бўйи ва бошқа ҳимоя иншоотлари, 6 та ирригация, 2 та мелиорация, 2 та сув ва оқава, 2 та иссиқлик, 1 та автомобиль йўли ва 6 та бошқа соҳа объектлари қурилади.

Натижада, мактабгача таълим қамрови 77 фоиздан 78 фоизга ортади, мактабларда 94 та юқори сменали мактаблар 21 тага камаяди. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлиги 84,9 фоиздан 86 фоизга етказилади.Уй-жой қуриш соҳасида ҳам режалар катта олинган:7220 хонадонли 132 та кўп қаватли уй-жойлар, шундан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 1752 хонадонли 35 та уйлар ҳамда бошқа худудларда 5468 хонадонли 97 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Тўрақўрғон тумани ҳокимиШерали Қосимовнингтуман аҳлига

ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз тумандошларим! Мана, 2024 йилни ҳам тарих зарварақларига кузатиб қўймоқдамиз. Йил давомида муҳтарам Президентимиз кўрсатмалари билан аҳолини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, кам таъминланган оилаларга эътибор қаратиш асосий фаолиятимиз марказида бўлди.

Янги йилда ҳам жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳаётига ижобий ўзгаришлар, иш ўринларининг яратилиши, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар масаласи ва инфратузилма соҳаларининг ривожи учун хизмат қиладиган режалар тузганмиз ва уларни биргаликда амалга оширамиз.

Сизларни яна бир бор кириб келаётган Янги йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчаларингизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга фаровонлик, тўкинлик, бахт-саодат тилайман. Келаётган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили туманимиз учун янги марралар, муваффақиятлар даври бўлсин!

Тўрақўрғонда Янги йил байрами шукуҳи

Эртага 2024 йилни кузатиб, янги йилни кутиб оламиз. Бу байрамни тўкин дастурхон атрофида, яхши ниятлар билан кутиб олиш азалдан анъанага айланган.

Тўрақўрғон туманида ҳам бир неча кундан бери байрам тадбирлари давом этмоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, якка ёлғизлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари етказилди.

Бугун савдо мажмуаларида, бозорларда аҳоли янада гавжум. Савдо расталарида сархил мевалар, қандолат ва гўшт маҳсулотлари, болалар учун совғалар бисёр. Буларнинг бари юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик туфайлидир.

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин, азиз юртдошлар!

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Эҳтиёжманд оилалар вакилларига Янги йил совғалари топширилди

Анъанага кўра, бу йил ҳам вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ҳамда блогерларнинг таклифлари асосида кам таъминланган, етим, ногиронлиги бор, эҳтиёжманд  юртдошларимиз оилалари учун вилоят ҳокимлиги томонидан Янги йил  совғалари тайёрланди.

Бугун Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида 250 та оила вакилларига ана шу совғалар байрамона тарзда топширилди.

Маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида вилоят секторлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими болажонлар ва уларнинг ота-оналарини Янги йил байрами билан табриклади. Шундан сўнг сектор раҳбарлари совғаларни ўз эгаларига тақдим этдилар.

Таъкидлаш жоиз, эҳтиёжмандлар учун ажратилган махсус қутиларда Янги йил дастурхонига аталган 20 хилга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари жой олган. Бундан ташқари, болажонларга алоҳида совғалар бор.

Тадбирда Қорбобо ва қорқиз, турли эртак қаҳрамонларининг чиқишлари болажонлар учун байрам кайфиятини улашди.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.