Янгиликлар
“Яшил макон” яшил йилликка айланди
Тўрақўрғон тумани ҳудудида 2021 йил куз ҳамда 2022 йил баҳор ойларида жами 1 305 200 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш ва парваришлаш режалаштирилган бўлиб, куз мавсумида 634 300 туп дарахт кўчатлари экилганди.
Баҳор ойларида вилоят ҳокимининг қўшимча тавсияларига асосан жами 815 000 туп мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари экишга аҳд қилинганди. Об-ҳавонинг мўътадил келиши муносабати билан бу ҳаракат жадаллашди. Тўрақўрғон-Наманган ва Тўрақўрғон-Чуст айланма йўлларига 10 мингдан зиёд, маҳаллаларда 9000 туп, фермер хўжаликларида 171 минг туп турли манзарали ва мевали кўчатлар экилди.
Тўрақўрғон-Мингбулоқ йўли ҳам шу зайлда ободонлашмоқда. Ободонлаштириш бошқармаси жамоаси мазкур йўналишдаги бўш жойларга арчанинг ноёб турлари, павлония экишни давом эттиришмоқда.
Президент хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизимини белгилаб берди.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласини энг муҳим йўналишлардан бири сифатида бежизга белгиламадик.
Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Фармонни имзоладим.
Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди.
Янги Қўмита раиси Маҳкамова айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади.
Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади.
Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини ўзи бошқаради.
Еттиконликлар фаровонлик сари
Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда жойлашган Еттикон маҳалласида 6080 нафар аҳоли, 1010 та хонадон бор. Тўрақўрғон шаҳри марказига яқин бўлгани учун фуқаролари турли ташкилот ва корхоналарда ишлашади. Шу билан бирга юртимизда олиб борилаётган сиёсатга ҳамоҳанг равишда қўшимча даромад топишга ҳам ҳаракат қилаётганлар кўп.
Маҳалла раиси Баҳриддин Пазлиддинов, ҳоким ёрдамчилари Бахтиёр Нуриддинов ва Темурбек Турсуновлар ташкиллаган семинарда қуёнчилик билан шуғулланиб, ҳам мўмай пулга эга бўлаётган, ҳам қўни-қўшниларини шу соҳага қизиқтириб савобга қолаётган Муҳаммаджон Ғойипов фаолияти билан танишилди. Унинг ҳисобида ҳатто 100 долларга сотиладиган жониворлар бор.
Расулжон Қодиров эса биогомус, кўчатчилик билан шуғулланади. Абдураҳмон Тўрабоев зотдор товуқлар боқади. Муҳаррам Холматова тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида ишлайди, тўқувчилик, касаначилик, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича уй тўгараги очган, унда 20 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар ҳунар ўрганишмоқда.
Семинар давомида 4-мактабдаги 60 дан зиёд ўғил-қизлар жалб этилган, Самидулло Ходжаев раҳбарлигида “Ёш гвардия” жанговор отряди, Сардорбек Пирматовнинг турникдаги ҳайратомуз трюклари, каратэчи йигитлар, “Ватанпарвар” ташкилоти туман ўқув спорт-техника клуби аъзолари, кўчма кутубхонадан тортиб аёллар маслаҳат кенгаши аъзолари тайёрлаган баҳорий таомлардан барча баҳраманд бўлди.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов, сектор раҳбари Элёрбек Талабоев иштирок этишди.
Минг дардга даво анор: тўрақўрғонлик деҳқон ва томорқа ер эгалари бу йил яхшигина хосил кўтаришган
- Анорнинг ватани бу - Куюкмозор. Энг сархил анор бизда бўлади. Буни бутун Ўзбекистонда яхши билишади. 150 туп анорим бор. Шунинг ўзидан ҳар йили 40-50 миллион сўм даромад оламиз, - дейди Хусанбой ота Исоқов.
Абу Али ибн Сино анорнинг хосиятлари ҳақида тўхталиб, нордони сафрони босиши, чиқиндиларнинг ички аъзоларга оқишини тўхтатиши, пўсти, айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун дори бўлиши, уруғи асал билан бирга тиш оғриғи ва қулоқ оғриғига фойда келтиришини алоҳида таъкидлаган. Булардан ташқари, анор пўсти қон тупурганда, милкдан қон оққанида яхши самара берса, унинг қайнатмаси гижжаларни ҳайдаш хусусиятига эгадир.
Анор иссиқланишдан келиб чиқадиган кўкрак оғриғи, изтиробли йўтални тўхтатиб, тиним бағишлайди, талоқ касалликлари, юракнинг бежо уришида ижобий таъсир кўрсатади. Овқатнинг осон ҳазм бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, юз терисини тиниқлаштиради.
Медиа Департамент
Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда, ҳалоллик ва виждонан ишласагина фаолиятда натижа бўлади
Туман маданият марказида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида уларнинг ўз вазифаларини қандай бажараётганлари таҳлили ва бугуннинг долзарб юмушлари мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди.
Барча сектор раҳбарлари қатнашган мулоқот танқидий руҳда кечди. Биргина мисол, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлардан феврал ойи ҳолатига 14 миллиард 375 минг сўмдан ортиқ қарздорлик бўлиб, шундан 3 миллиард 177 минг сўм ундирилди. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари билан бирга бурчларини ҳам англаб етишлари учун эндиги ажратиладиган кредитларни беришда шаффофлик бўлиши шарт. Агар маблағлар ҳақиқий эгаларига етиб борса, ҳам натижага эришилади, ҳам эшикма-эшик ундирувга юрилмайди.
Туман прокурори Элёрбек Талабоевнинг маълумот беришича, ўтган йили прокуратура томонидан қўзғатилган жиноий ишларнинг кўп қисми кредит ва субсидия ажратиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Албатта, айбдорлар қилмишига яраша қонун бўйича жавоб бермоқда.
-Маҳаллада раис ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда ишланг. Фирибгарлик, таъмагирлик, коррупция ҳолатларига асло йўл қўйманг. Шундагина ҳудудингизда обрўингиз бўлади, одамлар сизга ишонади. Сизнинг вазифангиз ҳар бир оила тўқ ва фаровон яшаши учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган имкониятларни тўлиқ етказиш,-деди туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.
Йиғилишда кредит ундиришда алоҳида намуна кўрсатган Файзиобод, Бекобод маҳаллалари раислари Холматжон Асқаров, Рустамжон Зоҳиров, Янгиобод ва Сарой маҳаллалари ҳоким ёрдамчилари Ҳайиталихон Анвархонов, Бобуржон Маматхоновлар рағбатлантирилдилар.