Мукаммал таъмирланган мактаб ўқувчиларни бағрига олди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги маърузаларида 2026 йилгача энг аввало эътибор қаратиладиган 5 та асосий соҳани санаб, биринчи навбатда таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилиши, бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилишини билдирдилар.

Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтиришга, ўқитувчилик касбининг обрўсини тиклаш ва оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бугун, янги ўқув йилининг бошланиши Тўрақўрғон туманидаги Бордимкўл маҳалласи ҳудудида жойлашган 25-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланди. Давлат бюджетидан ажратилган 5 млрд. 212 млн. сўм эвазига 844 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Бутунлай янгича қиёфа касб этган мактаб биносининг очилиш маросимида туман ҳокими Аҳроржон Мансуров, туман халқ таълими бўлими мудири Носиржон Тўхтаназаров, қишлоқ фахрийлари, ота-оналар иштирок этишди.

Туман раҳбари ўз сўзида жорий йилда тумандаги мактабларнинг 11-синфларини 2616 нафар ўқувчилар битириб, уларнинг 1772 нафари олий таълим муассасаларига ўқишни давом эттириш мақсадида ҳужжат топширгани, уларнинг 567 нафари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинганига тўхталиб, бу кўрсаткични янада яхшилаш учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш зарурлигига тўхталди.

Тадбирда бу йил илк марта мактаб остонасига қадам қўйган жажжи ўқувчиларга Президент совғалари-ўқув қуроллари жамланган сумкалар топширилди.

#Тайинлов

Тўрақўрғон тумани халқ таълими бўлимига мудир тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг буйруғи ҳамда Тўрақўрғон тумани ҳокимининг тавсиясига биноан, Тўхтаназаров Носиржон Абдуғаппорович туман халқ таълими бўлими мудири этиб тайинланди.

Н. Тўхтаназаров 1975 йилда Тўрақўрғон тумани туғилган, Наманган давлат университетини тамомлаган, мутахассислиги математика фани ўқитувчиси. Меҳнат фаолиятини 1997-2001 йилларда Тўрақўрғон агроиқтисодиёт коллежи информатика фани ўқитувчисиликдан бошлаб, сўнгра тумандаги саноат, транспорт касб-ҳунар коллежи маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари, директори, 2017-2021йилларда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, тайинловга қадар эса Тўрақўрғон тумани 2-сон касб-ҳунар мактаби директори вазифасида ишлаган.

Тўрақўрғонда “Маънавият ва ёшлар маркази" фойдаланишга топширилди

Истиқлол байрами арафасида Тўрақўрғон туманида 30 дан ортиқ ижтимоий объектлар, тадбиркорлик субъектларининг очилиш маросимлари ўтказиляпти. Бугун ана шулардан яна бири “Маънавият ва ёшлар маркази" туман аҳолисига, ёшларга тортиқ қилинди.

Тадбиркор Зиёдбек Соадатов бошчилигида давлат хусусий шерикчилик асосида бу жойда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари рўёбга чиқарилди.

Умумий ер майдони 1,60 гектардан иборат мазкур мажмуадан соғломлаштириш ва дам олиш маскани, амфитеатр, кутубхона, Ёшлар маркази ўрин олиши лойиҳалаштирилган. Умумий ҳисобда 8,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаш кўзда тутилган.

Очилиш маросимида сўз олган Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими раиси Бахтиёр Мирзатов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров айтиб ўтишганидек, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда маънавият ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Дарҳақиқат, маънавияти мустаҳкам, ёшлари содиқ ва интилувчан халққа ҳеч қандай ёвуз куч тажовуз қилолмайди. Шу маънода бугун эгаларига топширилаётган маскан ҳам бу борада ўзига хос қадриятлар кошонаси бўлиши шубҳасиз.

Тўрақўрғонда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида катта байрам тадбири бўлиб ўтди

Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 1 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари ижросини туманда тўла ва сўзсиз таъминлаш юзасидан изчил иш олиб борилди. Қарорда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Тўрақўрғон аҳлини шонли байрам билан қутлаган туман ҳокими Аҳроржон Мансуров таъкидлаб ўтганидек, мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонланаётган шу кунларда туманимиз бўйича 30 дан зиёд ижтимоий ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Умуман, бугун туманимизнинг қайси соҳа ва йўналишларига назар ташламанг, фидойилик билан қилинаётган меҳнат, изланиш ва янгиланишларга гувоҳ бўласиз.

Истиқлол байрамининг жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, Ватанни асраш ва улуғлаш, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитининг шаклланишида, айниқса, ёшларимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир. Байрам тадбирида туманнинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, хушовоз хонандалар Ғайрат Усмонов, Жалолиддин Усмоновлар энг сара қўшиқ ва рақслари билан даврага шукуҳ бағишладилар.

Истиқлол айёми тадбирлари ҳудудларда давом этмоқда.